Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:16

Ўзбек милиционерларини “порахўр”, дея сўккан қўшиқчи янги йилни Тоштурмада кутмоқда


Абдулла Қурбонов саргузаштлари, у милиционерларни порахўрликда айблаб, сўккани акс этган видео пайдо бўлиши ортидан бошланди.
Абдулла Қурбонов саргузаштлари, у милиционерларни порахўрликда айблаб, сўккани акс этган видео пайдо бўлиши ортидан бошланди.

Ўзбек қўшиқчиларининг турли жиноятларда айбланиб, қамоққа тушиши Ўзбекистон матбуот ëритмайдиган мавзулардан биридир. Жумладан, жорий йил сентябридан бери қамоқда қолаëтган таниқли қўшиқчи Абдулла Қурбонов тақдири ҳам муштарийларни қизиқтирса ҳам, матбуотда ëритилгани йўқ. Озодлик Абдулла Қурбоновнинг нима сабабдан ҳибсга олинганини ўрганишга ҳаракат қилди.


Ўзбекистонлик 37 яшар қўшиқчи Абдулла Қурбонов шу йилнинг сентябрь ойидан бери мамлакат жиноят кодексининг бир нечта моддаси бўйича айбланиб, ҳибсда қолмоқда.

Ҳали устидан суд ҳукми ўқилмаган қўшиқчи Абдулла Қурбоновнинг яқинлари уни ноҳақ қамалган деб билишади.

Абдулла Қурбоновни Тоштурмага бориб кўриб келган яқинлари унинг руҳан тетик ва бардам эканлигини айтишдан нари ўтишмади.

Озодлик манбаларига кўра, Абдулла Қурбонов Ўзбекистон жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш), 219-моддаси (Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш) ва 276-моддаси (Наркотик ва психотрон моддаларни ноқонуний сақлаш) бўйича назарда тутилган жиноятларда гумонланиб, эҳтиëт чораси сифатида жорий йилнинг сентябрь ойида судгача ҳибсга олинган.

Абдулла Қурбоновни ҳимоя қилаëтган ва ўзини Раҳим ака деб таништирган тошкентлик адвокат суд мажлисини кутаëтган ўз мижози устидан айблов хулосаси нусхасини олмагани боис ва айбсизлик презумпциясидан келиб чиқиб, тафсилотларни матбуотга айтмаслигини билдирди.

Абдулла Қурбонов ҳибсга олинишидан олдин “Ўзбекнаво” давлат эстрада бирлашмаси тарафидан лицензиядан маҳрум қилинган эди.

“Ўзбекнаво” давлат эстрада бирлашмасининг расмий сайтида эълон қилинган ҳужжатда ашулачининг қонунга зид ҳаракатлари боис лицензия муддатидан олдин тугатилгани айтилади.

"Хонанда Қурбонов Абдулла Акбарович томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сонли Қарори ҳамда Лицензия битимида назарда тутилган талаблар ва шартлар мунтазам равишда бузиб келинганлиги сабабли хонандага берилган АJ-2326-рақамли лицензиянинг амал қилиши “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон Қарорининг 1-иловаси 35-бандига асосан 2013 йил 22 февралдан тугатилганлигини маълум қиламиз"¸ дейилади "Ўзбекнаво" 26 феврал куни тарқатган ҳужжатда.


YouTube қаҳрамони

Ўзбекистон шоу-бизнесини ëритиб келадиган тошкентлик журналистнинг, исми айтилмасликҳги шарти билан, Озодликка айтишича¸ қўшиқчи Абдулла Қурбоновни шоу-бизнесдан четлаштиришни истаган кишилар унга оид бир видеотасвирни Интернет тармоғида тарқатиб унга зарба беришган.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистондаги аксарият қўл телефонларида Абдулла Қурбоновнинг ўзбек милициясини “порахўр”, деб сўккани акс этган видео тарқатилгандан кейин қўшиқчининг ижодий карьерасига нуқта қўйилган.

Абдулла Қурбоновнинг ўзи ҳали қамалмасидан олдин бу видео ҳақида Озодлик мухбирига айтиб берган эди.

Хонанда Абдулла Қурбонов 2012 йилнинг ноябрида Бўстонлиқдаги тўй базмидан чиқиб кабобхонага борганида чиққан жанжал катталашиб кетгани ҳақида пушаймон бир оҳангда Озодликка гапирган эди.

- Кабобхонада жанжал чиқди. Мухлислардан бири ичиб олиб, мени қаттиқ қучоқлади. Авария бўлган пайтимда жароҳат олган қўлим қаттиқ оғриди. Кейин у билан сан-манга бориб қолдик- деган эди қўшиқчи жорий йил бошида бўлиб ўтган суҳбатда.

Ана шундан кейин Абдулла Қурбонов милиция бўлимига олиб кетилгани ва милиционерлар тарафидан ҳақорат қилинганини айтган эди:

- Ока улар мени онамдан сўкишди. Ҳеч бир сабабсиз кишанлаб, онамни сўкишди. Мен ҳам милиционерларнинг онасини сўкдим. Ўғил бола бўлиб туғилганман, Худога шукр. Жонимга тегишди ва тегишли жавобини олишди. Мен ҳам ўғил боламанку жавобини бердим. Лекин пушаймонман ака¸- деган эди Абдулла Қурбонов Озодлик билан суҳбатда.

Абдулла Қурбонов милиция бўлимида қўлига кишан солиб, тергов қилингани ва 10 суткага қамалганини Озодликка айтган эди.

Бу қамалишдан 3 ой ўтиб, Абдулла Қурбоновнинг милиция билан сан-манга боргани акс этган тасвирлар Ўзбекистон шоу дунëсида энг кўп муҳокама қилинган мавзуга айланди.

Тошкентдаги милиция бўлимларидан бирида қўли ўриндиққа кишанланган қўшиқчи Абдулла Қурбонов милиционерларни порахўрликда айблагани ва буралаб сўккани акс этган видеотасвир 17 феврал куни Youtube порталига юкланди.

Youtube.com порталининг икки жойига қўйилган видеотасвирда Абдулла Қурбонов "ўзбек милиционерларининг онаси билан мустақиллик майдонида жинсий алоқа қиламан", деган мазмундаги ҳақоратларни тилга олади.

“Ҳамманг порахўрсан¸ яқинда переворот бўлади¸ ҳаммангни .... қиламан“, дейди Абдулла Қурбонов Интернетга қўйилган тасвирда.

Санъаткор одоби

Интернетдаги Youtube.com порталига қўйилган тасвирда Абдулла Қурбоновнинг одоб доирасидан чиққан ҳолда милиция ходимларини сўккани акс этган.

Озодликнинг "Санъаткор жамиятда ўз одоби билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми?" деган саволига жавобан Абдулла Қурбонов ўзининг қуюшқондан чиққанини тан олган эди.

- Ёшлигимизда шўх бўлганмиз, маишат қилганмиз. Аммо вақт ўтиб, ўзингиз қилаётган ишларингизнинг тўғри ёки нотўғрилигини тарози палласида ўлчаб кўраркансиз. Биласизми, айримлар мени "гиёҳванд”, деган. Астағфирулло, ҳаётимда қилмаганман бу ишни. Автоҳалокатга учраганимда ҳам роса миш-мишлар болалади. Шукрки, художўйман. Мени дуо қилиб турган ортимдан қанча одамларим бор. Қанчадан-қанча ногирон, меҳрибонлик уйларида етим-есир болаларим бор. Улар мени дада дейди, ака дейди. Мана ҳозир ҳам етимхонага бориб, уларни ҳолидан ҳабар олиб келяпман. Етимлар дуоси боис омон юрибмиз¸- деган эди санъаткор.

Куëвтўра Абдулла

Ҳозир судгача Тоштурмада ҳибсда қолаëтган Абдуллла Қурбонов 37 ëшда. Бир қиз, уч ўғилнинг отаси. 1987 йилда "Анори донаю дона” қўшиғини айтиб таниқли қўшиқчи Фаррух Зокировнинг назарига тушган.

Ана шундан кейин 1990 йилда Фаррух Зокиров унга атаб “Куëвтўра Абдулла” номли қўшиқни ижро қилганидан кейин Абдулла Қурбоновнинг пилиги кўтарилиб, санъат оламида танилган эди.

Абдулла Қурбонов
Абдулла Қурбонов
Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида ишлаëтган қўшиқчи бор йўғи уч синфни битиргани¸ бошқа ўқимаганини айтган эди.

- Оллоҳ юқтирган ашулачиман. Ўз вақтида ўқимаган бўлсам ҳам, устозлардан ўрганганман. Муҳриддин Ҳолиқов, Фаррух Зокировларни устоз, деб биламан. Улардан кўп нарсани ўрганганман, деган эди хонанда.

Қамоқхона кўрган қўшиқчилар

Ўзбек қўшиқчиларининг турли жиноятларда айбланиб, қамоққа тушиши Ўзбекистон матбуот ëритмайдиган мавзулардан биридир.

Шу жиҳатдан келиб чиқиб, Озодлик радиоси ўзбек шоу бизнеси вакилларининг панжара ортидаги тарихига жорий йил охирида бир назар солди.

Жорий йилда Туркманистонга тўйга борган хоразмлик қўшиқчи Бунëд Саидов “виза режимини бузди”, дея қўшни республикада ҳибсга олинган эди.

Саидов маъмурининг Озодликка билдиришича, Саидов туркман қамоқхонасидан 900 доллар миқдорида пул тўлаб, озод бўлган.

Жорий йилда, яна бир хоразмлик қўшиқчи Ўктам Аҳмедов порахўрлик ва кўпхотинликда айбланиб, панжара ортига ташланди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Хоразм вилояти бўлими директори лавозимида ишлаган Ўктам Аҳмедов лицензия бериш эвазига санъаткорлардан бир милллион сўмдан уч миллион сўмгача пора талаб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди судяси Жаҳонали Ботировга кўра, хонандалар турли маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиши учун ҳам Аҳмедовга пора беришга мажбур бўлганлар.

Судяга кўра¸ Ўктам Аҳмедовнинг “Хусусий корхона очиб, ноқонуний равишда диск кўпайтириш ва сотиш билан шуғуллангани ва бир вақтнинг ўзида бир неча хотинга уйлангани” терговда аëн бўлган.

Қўшиқчиларнинг қамоққа тушгани Ўзбекистондаги матбуотда деярли ëритилмайди.

Озодбек Назарбеков
Озодбек Назарбеков
Ўзбекистон президентиннг тўнғич қизи Гулнора Каримова у ëки бу таниқли қўшиқчининг қамоқдаги ўтмиши ҳақида ëзишга бўлган расмий матбуотдаги тақиқни бузган Ўзбекистон тарихидаги илк мулозим сифатида кўрилади.

Гулнора Каримова ўз твитларида Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг диний айбловлар билан қамоқда жазо ўтаганини бир неча бор писанда қилди.

Озодбек Назарбековнинг Ҳизб ут-Таҳрир фаоли бўлгани учун қамоқда жазо ўтагани айтилади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, бастакор, таниқли эстрада хонадаси Руслан Шарипов гиёҳвандликда айбланиб, жазога тортилгани борасида “матбуот” жимлик сақлайди.

Кинода “Шум бола” ролини ижро қилиб донғи чиққан Абдурайим Абдуваҳобовнинг панжара ортида бир муддат қолишига ҳам гиëҳвандлик сабаб қилиб кўрсатилади.

Ўзбекистонда ҳард-рок ривожига ҳисса қўшган қўшиқчи Даврон Ғойипов 1987 йили "ўзбеклар иши", деб номланган жиноятда айбланиб, қамоққа олинган ва 1991 йилгача жазо ўтаган эди.

Ижтимоий-сиёсий мавзудаги қўшиқлари учун таъқиб остига олинган қўшиқчи Дадахон Ҳасанов 2006 йилнинг сентябрида Андижон воқеалари ҳақида ижро этган қўшиғи учун 3 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Бу йил ëз бошида сўз устаси Ҳалима Иброҳимова валютафурушликда айбланиб, ҳибсга олингани ва қўйиб юборилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган эди.

Норасмий маълумотларга кўра¸ шу йилнинг июнь ойида “Ҳандалак” гуруҳидан Ортиқ Султонов ва Зокир Очилдиевлар бир ҳафта “МХХ ертўласида” ўтириб чиққан.

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати нашрининг ëзишича¸ икки қизиқчининг МХХ ертўласига олиб келинишига бир аëлнинг шикояти сабаб бўлган.

Айни пайтда, ўзбек қамоқхонасининг бир умрлик ҳужрасида қотиллиги учун жазо ўтаëтган икки қўшиқчи ҳақида ҳам эслаш лозим.

Булар ўтган асрнинг тўсқонинчи йилларида “Бўм бўш кўчалар” ҳақида қўшиқ куйлаб танилган “Ал-Вакил” гуруҳининг икки қўшиқчиси Арсен Арутюнян ва Данис Сирашев таниқли қўшиқчи Лайло Алиевани қасддан ўлдирилганликда айбланиб, бир умрлик қамоқ жазосини ўтамоқда.
XS
SM
MD
LG