Линклар

А. Навоий театри раҳбарияти японларга оид тахтанинг алмаштирилганини рад этди


Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрини қуришда Иккинчи жаҳон уруши пайтида асир олинган япон аскарлари ишлатилган.

Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрини қуришда Иккинчи жаҳон уруши пайтида асир олинган япон аскарлари ишлатилган.

“Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет Катта театри биносига ўрнатилган ёдгорлик тахтасидаги матнни ўзгартириш тўғрисида фармойиш берди”, деб бошланади 12uz.com сайтининг 30 декабрь кунги бир хабари.

Кейинги абзацдан сайт ўз хабарини Японияда чиқадиган Yomiuri Shimbun газетасига таяниб бергани маълум бўлади.


Театр раҳбарияти Озодлик саволларига жавоб берар экан, бино деворидаги лавҳ ҳам, унинг матни ҳам ўзгармаганини, уни ўзгартириш тўғрисида Президент фармойиш бермаганини таъкидлаб ўтди.

Бироқ Озодлик лавҳнинг Мустақиллик даври маҳсули эканлигига қатор ишораларни топди.

12uz.comнинг 30 декабрь кунги хабари биринчи абзацидан “Ислом Каримовнинг театр биносидаги ёдгорлик тахтасига оид фармойиши” куни кеча чиққандай тушунилади.

Бироқ сайт Yomiuri Shimbun газетасидан баъзи кўчирмалар келтирар экан, фармойишнинг қачон берилгани мавҳумлашади.

“Мустақилликка эришилгач, Президент Ислом Каримовнинг кўрсатмаси билан тахтачадаги “япон асирлари” тузатилган, чунки Ўзбекистон Япония билан ҳеч қачон урушмаган”, деб ёзган Yomiuri Shimbun газетаси", деб хабар қилди сайт.

Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет Катта театри раҳбариятининг ўзини таништирмаган вакили Озодликнинг ёдгорлик тахтаси тўғрисидаги саволидан аввалига хайрон бўлди ва кейин бундай деди:

- Табличка доим бўлган ва унда тахминан “Узоқ Шарқдан депортация қилинган японлар театр биносини қуришга ҳисса қўшган” деган сўзлар бор. Уни алмаштиришга ҳеч ким буйруқ бермаган, деди театр вакили.

Бир қарашда, ёдгорлик тахтаси билан боғлиқ хабар англашилмовчиликдек кўринади, (ахир театр раҳбарияти алдамаётгандирку?!) лекин масалага чуқурроқ қараган эдик, у бироз ойдинлашди.

Чиндан ҳам Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан кейин Навоий театри биноси қурилишида япон ҳарбий асирлари ишлагани – кўпчилик биладиган факт.

Бу ҳақда mir-teatra.com сайтининг театр тўғрисидаги мухтасар очеркида мана бундай дейилган:

“...театр биноси қурилиши 1939 йили бошланган, бироқ уруш туфайли қурилиш тўхтаб қолган. 1945 йили қурилишнинг якуний босқичида япон ҳарбий асирлари ишлатилган”.

Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет Катта театри раҳбарияти вакили ҳам Озодлик билан суҳбатда “Театрнинг расмий тарихида унинг қурилишида япон ҳарбий асирлари ишлатилгани айтилади”, деди.

Театр қурилишида ишлатилган японларга оид ёдгорлик тахтаси билан боғлиқ гаплар бундан икки ярим йил муқаддам – 2011 йилнинг мартида ҳам пайдо бўлган эдики, улар бугун ўрганаётганимиз масалага бирмунча аниқлик киритиши мумкин.

Ўшанда бу ҳақда ёзган Uznews.net сайти ёдгорлик тахтаси суратини ҳам келтирган эди.

Сурат Uznews.netдан олинди

Сурат Uznews.netдан олинди

Ўзбек, япон, инглиз ва рус тилларида битилган матннинг ўзбекчаси мана будир: 1945-46 yillarda Uzoq Sharqdan depotatsiya qilingan yuzlab yapon fuqarolari Alisher Navoiy nomidagi teatr binоsining qurilishiga oz hisslarini qoshganlar.

Бу лавҳни “доим турган”, дер экан, театр раҳбарияти ёлғон гапирмаяпти. У “Ислом Каримовнинг фармойиши билан ўзгартирилган”, деб ёзар экан, 12uz.com сайти билан Yomiuri Shimbun газетаси ҳам адашмаяпти.

Лавҳда ўзбекча матннинг биринчи келиши, унга инглизча ҳам қўшилиб қолиши ва ўзбекча матнни битиш учун фойдаланилган ёзув (лотин ёзуви асосидаги янги ўзбек ёзувининг биринчи варианти) ёдгорлик тахтасининг Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг (ва балки Президент Каримовнинг фармойиши билан) ўрнатилганини кўрсатиб турибди.

Сурат Uznews.netдан олинди

Сурат Uznews.netдан олинди

Ёдгорлик тахтасининг нисбатан янги эканлигини унинг устига ўрнатилган кирилл ёзувидаги бошқа лавҳга қиёслаб ҳам билса бўлади.

Uznews.netга кўра, “Илгари бино пештоқида чиройини кўз-кўзлаб турган эсдалик тахтасида театрнинг 1947 йили япон ҳарбий асирлари томонидан қурилгани ёзилган эди”.

Мақолани тайёрлаш жараёнида сайтнинг бу гапини тасдиқлай оладиган киши топа олмадик. Совет даври раҳбарияти мантиғидан келиб чиқилса, театр пештоқига у ҳарбий асирлар томонидан қурилганини ёзиб қўйишлари мумкинлигини тасаввур қилиш қийин.

Мустақилликкача японларга оид лавҳ театр деворида умуман бўлмаганини, кейин эса, у Тошкент – Токио муносабатларини йўлга қўйиш йўлида амалга оширилган тадбирлардан бири бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG