Линклар

Москвалик шифокорлар андижонлик 16 яшар Гулмирахонни мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтказказди ва у ота-онаси ҳамроҳлигида Ўзбекистонга жўнаб кетди. Жарроҳлар сколиоз касаллигининг оғир кўринишидан азият чеккан қизнинг дардига шифо топилгани, олдинда уни даволашнинг иккинчи босқичи кутаётганини айтмоқда. Оғир дардга чалинган қизнинг зарур амалиётдан ўтишида Озодлик муштарийларининг ҳам ҳиссаси бор.

2013 йилда Москванинг Дмитров шаҳрида меҳнат қилаётган 43 ёшли андижонлик Неъматжон Россия пойтахтига сколиознинг оғир шакли билан касалланиб қолган 16 яшар қизини олиб келган эди.

Гулмиранинг ҳолатини кўрган Москвадаги Россия Травматология ва ортопедия касалликлари марказий шифохонаси шифокорлари қизалоққа ёрдам беришга бел боғладилар.

Янги йил арафаси натижани сўраб боғланган Озодлик мухбирига Неъматжон Маҳмудов ўз оила аъзолари билан эсон-омон Андижонга етиб борганини гапириб берди.

Унинг айтишича, хасталикдан шифо топган ва анчагина ўзига келиб олган Гулмира аллақачон коллежда қолиб кетган ўқишни бошлаб юборган, кайфияти анча яхшиланган.

Эндиликда Гулмирани жарроҳлик операциясининг сўнгги босқичи кутмоқда. Уни даволаётган врачлар биринчи босқичда 3 соатдан ортиқ давом этган умуртқа дискларини текислаш бўйича операциясини ўтказдилар.

Иккинчи босқичда умуртқа деформациясини тўғрилаш ва металл мослама билан мустаҳкамлаш операцияси ўтказилиши керак.

Янги йил арафасида Озодликка сўзлаган Неъматжон ака унинг қизига кўмаклашган, ҳамдардлик билдирган ҳамма-ҳаммага чуқур миннатдорлигни билдирди ва болалари хаста бўлган оилаларни умидини йўқотмаслик, фарзандлари саломатлиги учун курашдан чекинмасликка чақирди.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG