Линклар

2013 йил оламшумул воқеаларга бой бўлди. Россиянинг жаҳон саҳнасидаги шиддатли ташқи сиёсати, Ватиканда янги Папанинг сайланиши, АҚШ махфий электрон кузатув тизимининг фош этилиши шулар жумласидандир. Бу воқеалар қабатида жаҳон лидерларининг айримлари қатор муваффақиятларга эриша олди, айримлари эса позицияларини бой берди. Озодлик радиоси Сочи олимпиадасига саноқли кунлар қолганини ҳисобга олиб, жорий йилда қайси жаҳон лидери ғалаба қувончини тотди-ю, қайсиси маррага ета олмай, пастга шўнғиганини сарҳисоб қилди.

Юқорига кўтарилганлар


1. Рим папаси Франциск – Папаликка тайинланишнинг ўзи, одатда, юқорига кўтарилишдир. Бироқ март ойида истеъфога чиққан Бенедикт XVI ўрнига рим-католик черковининг 266–Папаси этиб сайланган 76 ёшли Франциск тахтда ястаниб ўтириб олмади. Кардиналлар билан бирга автобусда сафарга чиқиб, шахсий юкини ўзи кўтарган Франциск Папа имтиёзларидан фойдаланишдан бош тортиб, оммага ўзининг камтар инсон эканини кўрсата олди. Бундан ташқари, у черков эътиборини кўпроқ консерваторлар муҳокама қилиб келаётган бир жинсли никоҳлар ва аборт каби масалалардан ижтимоий тенглик муаммоси муҳокамасига қаратишга уринмоқда.

2. Ҳасан Руҳоний – Эрондаги ислоҳотлар қабатида президентликка сайланган Руҳоний дарҳол Теҳроннинг халқаро саҳнадаги оҳангини юмшатишга бел боғлади. Унинг президентлиги остида Теҳрон қисқа вақт ичида Эронга нисбатан жорий этилган халқаро санкцияларни енгиллатишга, жаҳоннинг қудратли давлатлари билан ядровий дастури бўйича муваққат келишувга эришиб, эронликлар “Катта Шайтон” деб атовчи АҚШ билан бўлган тангликнинг юмшатишга эриша олди. Шунга қарамай, танқидчилар Теҳроннинг янги “табассум дипломатияси” бор-йўғи бир ниқоб эканини ва Ислом республикаси ядровий қурол яратиш ниятидан қайтмаганини таъкидлашмоқда.

3. Си Цзинпин – Ўтган йилнинг ноябрь ойида Хитой коммунистлар партияси раҳбари, жорий йилнинг март ойида эса Хитой Халқ Республикаси раиси этиб сайланган Си Цзинпин Чин давлатини ҳақиқий иқтисодий гигант эканини намойиш қилмоқда. Россия таъсири тарихан кучли бўлган Марказий Осиё давлатларига ташрифи чоғида у ер ва ривожлантириш лойиҳалари бўйича бир неча миллиард долларли шартномаларга имзо чекди. Эдвард Сноуден сиздирган махфий маълумотлар эса онлайн кузатув тизимлари борасида АҚШни икки юзламачиликда айблашга Хитой учун қулай имконият яратди. Бу муваффақиятларга қарамасдан, Си Цзинпинни олдинда мураккаб синовлар кутиб турган бўлиши мумкин – яқинда Хитой ҳукумати Шарқий Хитой денгизидаги баҳсли ороллар узра “ҳаво мудофаа ҳудуди”ни жорий қилди. Мазкур оролларга Япония ҳам даъвогарлик қилиб келади.

4. Владимир Путин – 2013 йилда Ғарб билан бир неча бор “тўқнашган” Россия президенти ўзининг яхши сиёсий формада эканини намойиш этди. Жазо дипломатияси орқали Европа Иттифоқининг Украина ва Арманистон билан ҳамкорлик истиқболларига тўсқинлик қилиб ҳамда АҚШ хавфсизлик хизматига оид махфий маълумотларни сиздирган Эдвард Сноуденга бошпана бериб, Москва Ғарбнинг оғриқли жойига сезиларли зарба бера олди. Путиннинг 2013 йилдаги энг улкан ютуғи Россиянинг Яқин Шарқдаги таъсирини оширгани бўлди, десак янглишмаймиз. Сўнгги онда Сурия кимёвий қуролларини йўқ қилиш режасини илгари сурган Россия иттифоқдоши Башар Ассад режимига нисбатан Ғарб давлатлари тарафидан берилиши мумкин бўлган зарбани бартараф эта олди. Шунга қарамасдан, якунига етаётган йил Путин учун қийинчиликларсиз ўтди, деб бўлмайди. Гейларга оид ташвиқотни тақиқловчи қонун Сочи Олимпиадаси олдидан халқаро танқидга сабаб бўлди. Киевда евроинтеграция тарафдорларининг бир ойдан ортиқ давом этаётган аксилҳукумат намойишлари эса Кремль қўшни давлатдаги вазиятга нотўғри баҳо берганини кўрсатмоқда.

5. Башар Ассад – Суриядаги фуқаролар урушида шу кунгача 125 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди. АҚШ ҳисоб-китобига кўра, 1400 га яқин киши нобуд бўлган кимёвий ҳужумга Ассад режими масъул эканини тасдиқловчи далиллар бор. Бироқ энг асосий мақсади ҳокимиятни қўлдан бой бермаслик бўлган Башар Ассад учун 2013 йил аксар сурияликлардан фарқли ўлароқ муваффақиятли ўтди. Атиги 1,5 йил аввал президентлик курсиси жар ёқасида турган Ассад Кремль ёрдами билан йўқотган позициясини қайта тиклаб олди. Москва таклиф этган Сурия кимёвий қуролларини йўқ қилиш режаси Ассад режими иштирокида ўтмоқда. Сафи кенгайиб бораётган экстремистик гуруҳларнинг мўътадил қарашлардаги мухолифат кучларини сояда қолдириши эса Ғарбнинг Сурия мухолифатига ҳарбий ёрдам бериш истиқболини янада сўндирди.

Пастга шўнғиганлар


6. Барак Обама – Айрим ҳолларда мамлакат ички сиёсатидаги муаммоларни енгишда қийинчиликларга учраётган президент вазиятдан чиқиш учун ўз маъмурияти эътиборини ташқи сиёсатга қаратади. Барак Обама эса 2013 йилда иккала жабҳада ҳам асосан ҳимояланишга мажбур бўлди. Май ойида Эдвард Сноуден тарафидан сиздирилган хабарлар шахсий маълумот махфийлиги тарафдорларининг кескин танқидига сабаб бўлди ва Обаманинг иттифоқдошлари билан бўлган алоқасига жиддий путур етказди. Яқин Шарқдаги воқелик борасида ҳам ғафлатда қолган АҚШ президенти Мисрда Мусулмонлар Биродарлиги тарафидан тузилган ҳукуматнинг ағдарилишига муносиб жавоб бера олмади ва Сурияда кимёвий қурол қўллаган Ассад режимига зарба бериш режасини бекор қилишга мажбур бўлди. Шундай бўлса-да, Эрон президенти билан телефон орқали ўтган тарихий сўзлашув ҳамда Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган муваққат келишув 2014 йили Обамага позициясини ўнглаб олиш учун қўл келиши мумкин.

7. Ражаб Тоййиб Эрдўғон – Бош вазир аста-секин қудрати ошиб бораётган Туркия Усмонли империяси даврида Яқин Шарқдаги кучли позициясини тиклаб олишига умид қилаётган эди, бироқ ҳукумат тарафидан йўл қўйилган қатор хатолар 2013 йилда бу ниятнинг рўёбга чиқишига йўл қўймади. Эрдўғоннинг исломчилар томонидан дастакланган партияси дунёвий қарашлардан узоқлашаётгани ҳақидаги хавотирлар кучаяётган бир пайтда май ойида Истанбул аксилҳукумат намойишлари марказига айланди. Эрдўғоннинг Ассад режимига нисбатан бўлган кескин сиёсати эса Ғарб эътиборини етарли даражада қозона олмади, аксинча, салбий натижалар олиб келди. Мамлакат жанубида қочқинлар муаммоси долзарблигича қолмоқда. Шарқий чегара эса экстремист жангариларнинг транзит ҳудудига айланиб қолган. Қурдистон Ишчилар Партияси билан тузилган ўқ отишни тўхтатиш келишуви Эрдўғоннинг 2013 йилдаги оз сонли ютуқларидан биридир.

8. Ҳамид Карзай – 2014 йилда Афғонистон президенти лавозимини тарк этиши кутилаётган Карзай ўз вориси учун талайгина муаммоларни мерос қилиб қолдирмоқда – энг коррупциялашган давлатлар қаторидан жой олган Афғонистонда героин савдоси борган сари ошиб бормоқда, Толибон ҳаракатининг ҳужумлари эса тўхтагани йўқ. Карзайни хавотирга солаётган масалаларнинг бири 2014 йили ҳарбий кучларининг катта қисмини Афғонистондан олиб чиқиши кутилаётган АҚШ билан узоқ муддатли хавфсизлик битимини тузиш масаласидир. Карзай АҚШни беқарор иттифоқдош эканликда айблаб, бундай битим тузмасликка баҳоналар излаб келаяпти. АҚШ билан битим тузилмаган тақдирда эса Афғонистон жиддий хавфсизлик муаммолари ҳамда молиявий танқисликка дуч келиши мумкин, Карзай эса буни яхши англайди.

9. Виктор Янукович – Мамлакат бюджетида тақчиллик кузатилаётган бир пайтда Украина президенти Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорлик шартномасини имзолашга розилик билдирган ва бу билан қудратли қўшниси Россиянинг қаҳрига дучор бўлганди. Кремль босими остида Януковичнинг Европага яқинлашиш фикридан қайтиши эса Украина пойтахти Киевда бир неча юз минг кишилик норозилик акциялари бошланишига сабаб бўлди. Мустақиллик майдонига йиғилган намойишчилар ва мухолифат унинг истеъфосини талаб қилар экан, ЕИ ва Россия ўртасида қолган Янукович вазиятдан чиқиш йўлларини қидирмоқда.

10. Муҳаммад Мурсий – Мисрнинг демократик сайловлар воситасида сайланган илк президенти ҳокимиятга келганидан бир йил ўтиб, мамлакат пойтахти Қоҳирадаги Таҳрир майдони яна аксилҳукумат намойиши иштирокчалари билан тўлди. Намойишларнинг учинчи кунида мамлакатнинг энг юқори лавозимли генерали Абдул Фаттоҳ Ал Сиси президент Мурсийни ҳибсга олиб, ҳокимиятни ўз қўлига олди. Ўзини ҳамон Мисрнинг қонуний президенти эканини таъкидлаб келаётган Мурсий озодликка чиқарилмади ва айни дамда панжара ортида маҳкамани кутмоқда. Ҳозирда Мисрда тақиқланган Мусулмонлар Биродарлиги ташкилоти аъзоси Муҳаммад Мурсий ўтган йилнинг декабрь ойида президент саройи олдида йиғилган намойишчиларни ўлдиришга ундаганликда айбланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG