Линклар

Ўзбекистонда 1 январдан уяли алоқа абонентлик номери тўлови 20 фоизга ошади


2014 йил 1 январдан юридик шахсларнинг абонентлик номеридан фойдаланганлик учун уяли алоқа операторига тўлови 20 фоизга ошади ва 500 сўм ўрнига 600 сўм бўлади.

Маҳаллий ахборот воситалари хабарига кўра, шу ҳақдаги тегишли қарор Ўзбекистон раҳбари томонидан тасдиқланган.

Охирги марта уяли алоқа хизматининг абонентлик тўлови 2012 йил 1 январда оширилган ва ўша пайтда 400 сўмни ташкил қилган эди.

Уч ой ўтиб, апрел ойидан Ўзбекистондаги уяли алоқа операторлари аксарият тариф режалари учун кунлик абонентлик тўловини икки баробарга, яъни, 1 центдан 2 центга оширган.

Ўзбекистон президенти мамлакат конституцияси эълон қилинган кун муносабати билан 6 декабрь куни қилган чиқишида ҳозир мамлакатда 19 миллион одам уяли алоқа хизматидан фойдаланаётгани, ҳар бир оилага ўртача учтадан қўл телефони тўғри келишини айтган эди.

Ҳозир Ўзбекистонда тўртта уяли алоқа оператори фаолият юритмоқда. Beeline ва UCell операторлари GSM стандартида, Perfectum Mobile ва Uzbekistan Mobile операторлари CDMA стандартида хизмат кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG