Линклар

logo-print
Туя гўшти еган “корпоративка”: анойининг жайдари мулоҳазалари

Декабрнинг сўнгги кунларидаги совуқ хабар Ўзбекистон давлат идоралари ходимлари кўнглини хижил қилди. Нима эмиш, ҳар йили бюджет ҳисобидан уюштириладиган янги йил базмлари ўтказилмасмиш!

Корпоратив кечаларни тақиқлашдан кўзланган мақсад – таги кўриниб қолган ғазна маблағини тежаш. Ким нима деса, оғзи ўзида, аммо Ўзбекистон фуқароси – солиқ тўловчи сифатида бу чора менга маъқул кўринди.

“Тақиқлар шундоқ ҳам болалаб ётган бир пайтда корпоративларни ман этиш етишмай турганди!” деб ёқамдан олишга шошилманг. “Берди”сини ҳам айтволай, кейин қандай хулоса чиқарасиз – ўзингизга тан!

Биринчи мулоҳаза. Минглаб нафақахўрлар, ногиронлар пенсия ва нафақа пулларини ойлаб ололмаётган бир пайтда давлат идоралари вакиллари бюджет ҳисобидан дабдабаю асъаса билан Янги йил нишонлаши этикага ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмаса керак.

Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, жарақ-жарақ пул топаётган ширкатлар, қолаверса, хусусий компанияларнинг йўриғи бўлак, аммо фақат солиқ тўловчиларнинг маблағи ҳисобидан кун кўрадиганлар кўрпасига қараб оёқ узатгани яхши.

Иккинчи мулоҳаза. Давлат идораларида узоқ йиллар ишлаб суяги қотган бир танишим Янги йил базмлари баҳонасида анча-мунча маблағ туя қилинишини айтиб қолди. Дейлик, вазирлик доирасида байрам харажатларига 100 миллион сўм ажратилади. Бошлиқлар бу маблағнинг чорак қисми ёки учдан бири (бу энди раҳбарнинг “инсоф”ига боғлиқ!)ни ҳар турли йўллар билан чўнтагига уради.

Корпоратив баҳона – мўмай ақча ғанимат! Мамлакатдаги юзлаб давлат идоралари учун Янги йил кечасига деб ажратиладиган ва ярим йўлда “эгасини топиб кетадиган” эҳтимолий маблағларни ўзингизга хомчўт қилиб олаверинг энди!

Учинчи мулоҳаза. Давлат хизматчилари ҳам сизу бизга ўхшаган одам, шохи йўқ уларнинг. Оддий фуқаролар ўз ҳисобидан байрам қилаётган экан, улар ҳам йиққан-терганидан озроқ ишлатса давлати камайиб қолмайди. Қолаверса, уларга, шундоқ ҳам, мўл-кўл ижтимоий-иқтисодий имтиёзлар берилган-ку!

Тўртинчи мулоҳаза. Янги йил арафасида бюджет маблағларини тежаш собиқ совет мамлакатларида кўп келган тўй деса ҳам бўлади. Масалан, Россия президенти Владимир Путин бюджет ҳисобидан байрамбозликка барҳам бериш лозимлигини айтди.

Кремл хўжайинининг бир оғиз танбеҳи мўъжизакор кучини кўрсатди – Россиядаги барча давлат ташкилотлари “корпоративка”ларни ёппасига ходимлар ҳисобидан ўтказди. “Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” мақолини шиор деб билган ҳукумат аъзолари ва Давлат думаси депутатлари ҳам Янги йил кечаси учун чўнтак кавлашга мажбур бўлди.

Балки Озодлик ўқувчилари бу сатрлар муаллифи намунча оми, намунча анойи бўлмаса дейишлари мумкин. Лекин, нафсиламри, “корпоративка”ларни чеклашдан аллақанча маблағ тежаб қолинишига ишонгим келади.

Ўзбекистонлик солиқ тўловчи

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG