Линклар

Ўзбекистон халқ артисти, кучли овоз соҳибаси бўлган Олмахон Ҳайитова янги йилнинг биринчи кунида вафот этди.

Бу ҳақда хабар берган shov-shuv.uz сайтига кўра, 73 ёшда бўлган санъаткорнинг ўлимига қандли диабет хасталиги сабаб бўлган.

Барча пардаларда жарангдор ва кучли овоз соҳибаси бўлган Олмахон Ҳайитова 1940 йил Хоразм вилоятининг Хонқа туманида таваллуд топган.

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида берилган маълумотга кўра, санъаткор 1958-59 йилларда Янгийўл театрида, 1959 йилдан эса ҳозирги «Лазги» ансамблида яккахон хонанда сифатида фаолият олиб борган. 1974 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган.

Олмахон Ҳайитованинг репертуаридан оммабоп қўшиқлар, мумтоз ашулалар, Хоразм халқ достон қўшиқлари, бастакор ва композиторларнинг асарлари, шунингдек, туркий эллар халқ қўшиқлари ўрин олган эди.

Олмахон Ҳайитова 1993 йили Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган.
XS
SM
MD
LG