Линклар

Ироқ ғарбида жойлашган Анбар вилоятида чоршанба куни исломчи жангарилар тарафидан қатор ҳужумлар уюштирилгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, Фалужжа ва Рамади шаҳарларидаги полиция идораларига уюштирилган ҳужумлар натижасида жангарилар бир қанча маҳбусларни озод этган ва у ердаги қурол-аслаҳани қўлга киритган.

Чоршанба кунги ҳужумлар Анбар вилоятида душанбадан бери амалда бўлган комендантлик соатининг бекор қилинишидан бир неча соат ўтиб юз берган.

Комендантлик соати норозилик акциясига чиққан сунний мазҳабдаги мусулмонлар легерининг вилоят ҳокимлиги тарафидан тарқатилиши натижасида бошланган тўқнашувлардан сўнг жорий этилган эди.

Асосан суннийлар истиқомат қилувчи Анбар вилоятидаги норозилик акциялари Бош вазир Нури Ал Маликийнинг шиалар кўпчиликни ташкил этган ҳукумати сиёсатига қарши ўтказилмоқда.

Янги тўқнашувлар туфайли Анбар вилояти ҳокимлиги мамлакат ҳукуматидан душанба куни вилоятга киритилган ҳарбийларни чиқармай туришликни илтимос қилган.
XS
SM
MD
LG