Линклар

Қаршилик мижоз “Билайн” уни алдаганини иддао қилмоқда

  • Садриддин Ашур

"Билайн" акциясида 13та "Chevrolet Spark" автомобили ўйналди

"Билайн" акциясида 13та "Chevrolet Spark" автомобили ўйналди

Ўтган жума куни кечқурун Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи Хуршида Жамолованинг ўнлаб танишлари “Билайн” мобил алоқа компанияси ўтказган акцияда “Chevrolet Spark” автомобили ютганлиги билан уни табриклади. Бироқ, “Билайн”нинг Қарши офисига борган Хуршида Жамоловага ютуқнинг эгаси бошқа киши эканлигини айтишмоқда.



“Ёшлар” телеканалида 27 декабрь куни ўтказилган “Билайн” компаниясининг Мега акциясида мамлакатнинг 13 минтақасидаги фаол абонентлар учун 13 та “Chevrolet Spark” автомобили ўйналди.

Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи 32 ёшли Хуршида Жамолованинг сим картасига автомобил ютуғи чиқди. Бу ҳақда Озодликка гапирган Хуршида Жамолованинг онаси Ҳабиба аяга кўра, бу хабардан улар жуда қувонишган:

- Биз “Ёшлар”дан кўриб ўтирдик. Бизни номер чиқди. Жудаям хурсанд бўлдик. Қизим ўзи Спарк машина оламан деб ният қилиб юрарди. Ана қизим, ниятинг холис экан, Худо берди, дедим. Кейин “Ёшлар”дан ҳам телефон қилиб табриклашди,- дейди Ҳабиба Жамолова.

Суҳбатдошнинг айтишича, ўша куни яна ўнлаб танишлари уларни ютуқ билан табриклаган.

Бироқ, эртаси куни улар ютуқни расмийлаштиргани “Билайн”нинг Қарши шаҳридаги идорасига борганда, ютуқ уларга эмас, бошқа одамнинг номига чиққани айтилган:

- Бизнинг сим картамиз рақами 91 219... билан бошланарди, бироқ Қаршидаги офисда ютуқ 91 217... билан бошланадиган сим картага чиққанини айтишди. У бошқа одамнинг номида дейишди. Наҳотки, бизни алдашган бўлса, миллионлаб одамлар кўрганку буни,- дейди Ҳабиба Жамолова.

Хуршида Жамолованинг ўзи кайфияти йўқлигини айтиб, биз билан гаплашишни истамади. Унинг онасига кўра, Хуршида “Билайн”нинг фаол мижозларидан бўлган:

- Қизим телефонга жудаям кўп пул ташлайди. Интернетга киради, скайпда соатлаб гаплашиб ўтиради. Мана 2-3 кундан буён ҳалиям табриклар давом этяпти, лекин биз нима дейишимизни билмаяпмиз,- деди Ҳабиба Жамолова.

“Билайн” компаниясининг Интернет сайтида “Chevrolet Spark” автомобили қашқадарёлик Дилобар Бердиёрованинг (ХХ) Х17 6757 рақамли сим картасига чиққани айтилган.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш мақсадида “Билайн” мобил алоқа компаниясининг Тошкентдаги бош идораси билан боғланди. Компаниянинг Мега акция ўтказишга масъул бўлган ходимларидан бири Назокатнинг айтишича, бу ерда тушунмовчилик бўлган бўлиши мумкин:

- Бу ўйин жонли эфирда ўтказилган. Протоколлар бўйича(ХХ) Х17 6757 рақами ютган. Булар 6757 номерини кўргандан кейин хурсандчиликдан бошқа рақамларга эътибор бермаган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар бизда кўп бўлади. Одамлар яхши эътибор бермасдан, танишларини табриклашаверади. Бу ўйинда санъаткорлар Насиба Абдуллаева ва Абдулла Шомағруповлар холис эксперт сифатида қатнашган. Бу ерда ҳеч қандай ғирромлик бўлмаган,- деди компания мулозими Назокат.

Унинг айтишича, айни пайтда бу телекўрсатувнинг Интернет варианти тайёрланмоқда ва яқин кунлар орасида у “Билайн” компаниясининг Интернет сайтида ва Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG