Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:57

Етим болага васий ва ҳомийлик масаласини ҳоким ҳал қилади


Жорий йилнинг 2 июль ойидан бошлаб Ўзбекистонда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга васийлик ва ҳомийлик қилиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати яна шаҳар ва туман ҳокимларига қайтарилади. Ўзбекистон президенти 2 январь куни “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Бир йил аввал бундай ваколат фуқаролик судлари зиммасига юклатилган эди.


Ўзбекистон Олий мажлиси Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Сенат маъқуллаган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон республикаси Қонуни 3 январь куни матбуотда эълон қилинди.

Расмий манбаларнинг ёзишича, бу қонун, васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг, шу жумладан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали, кўп босқичли тизими яратилганини кафолатлайди.

Тошкент шаҳридаги туманлардан бирининг халқ таълими бўлими қошидаги васийлик ва ҳомийлик кенгашининг исми сир қолишини сўраган бошлиғига кўра, қонундаги асосий янгилик васийлик ва ҳомийлик ҳуқуқларини бериш вазифаси судлардан олиниб, яна ҳокимиятларга қайтарилгани бўлди:

- Илгари васийлик ва ҳомийлик масалаларини ҳокимият ҳал қиларди. Бир йилча бўлди, бу вазифа судларга топширилган эди. Янги Қонуннинг 10-моддасида эса, “шаҳарлар, туманлар ҳокимлари васийлик ва ҳомийликни аниқлаш ва бекор қилиш ҳақида қарор қабул қиладилар”, дейилган. Демак Қонун кучга кирганидан кейин биз яъни, васийлик ва ҳомийлик кенгашлари йиғиб берган маълумотлар ҳақида ҳоким қарор қабул қилади,- дейди кенгаш бошлиғи.

Бироқ, тошкентлик иқтисодчи Миркомил Тошкандий фикрича, васийлик ва ҳомийликни белгилаш судларнинг ихтиёрида қолгани яхши эди, чунки:

- Бу ҳолат болаларни васийликка олиш муҳитини яхшиламайди, балки яна порахўрликнинг кучайишига олиб келади. Чунки, тўғрисини айтаман, ҳокимиятларда саводсиз одамлар жуда кўп. Мен яхши биламан, жуда кўп нарсалар ҳали ҳокимнинг ўзига етиб бормасдан ҳал бўлади. Аслида васийликни судлар ҳал қилиши керак, лекин судларда ҳам коррупция кучли, улар ҳали ҳам мустақил эмас. Шунинг учун васийликни бизда яхши шаклланган маҳаллалар ҳал қилиши керак. Болани оладиган ким, шароити қандай, у ўзи асли қанақа одам, бу нарсаларни маҳалла фаолларидан кўра яхшироқ текширадиган одамнинг ўзи йўқ,- дейди Миркомил Тошкандий.

“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунда чет эл фуқароларининг ўзбекистонлик болаларга васийлик қилиш ёки ҳомийликка олиш ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Аввалги суҳбатдошимиз, Тошкент шаҳридаги туманлардан биридаги васийлик ва ҳомийлик кенгашининг бошлиғига кўра, бу борадаги эски тартиб ишлайверади:

- Демак хорижликлар барча ҳужжатларни тўғирлаб келгандан сўнг, бизга топширади. Биз ҳокимга чиқарамиз ва ҳокимнинг рухсати билан бу процедура суд орқали ҳал қилинади,- дейди васийлик ва ҳомийлик туман кенгаши бошлиғи.

Унинг айтишича, ўтган йилда Тошкент шаҳрида юзга яқин етим ёки ота-она қаромоғидан маҳрум бўлган болалар васийликка олинган.

Васийликка олинган болаларга 18 ёшгача ҳар ойда энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида нафақа берилади.

Қонунга кўра етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни асраб олмоқчи бўлган шахсларга васий ёки ҳомий мақомини беришда уларнинг маънавий ва шахсий жиҳатлари, саломатлиги, ўз мажбуриятини бажаришга лаёқатлилиги каби сифатлари эътиборга олиниши лозим.

Ўзбекистонда бола асраб олиш учун васийлик кенгашларига қандай ҳужжатлар тақдим этилиши ҳақида Озодликнинг “ОзодЖавоб” рукнида батафсил ёзилган.

Ўзбекистонда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг сони қанча эканлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Президентнинг кенжа қизи Лола Каримова бошқарадиган “Сен ёлғиз эмассан” фондининг 2009 йил бўйича берган маълумотига кўра, мамлакатда 3500 минг нафарга яқин етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола бор.

Бу болалар 26та Меҳрибонлик уйида ва 13та Болалар уйида яшаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG