Линклар

logo-print

Михаэл Шумахернинг шлемига ўрнатилган видеокамера ўрганилмоқда


Михаэл Шумахер.

Михаэл Шумахер.


Франциялик терговчилар Формула-1 пойгаси бўйича жаҳон чемпиони Михаэл Шумахер чанғи учаётган пайтда йиқилиб оғир жароҳат олгани воқеасини унинг шлемига ўрнатилган камера ёрдамида ўрганишга уринмоқда. Шумахер 29 декабрь кунги воқеадан кейин Франциядаги касалхонада кома ҳолатида ётибди.


Франция расмийлари Михаэл Шумахернинг шлемига ўрнатилган камерадаги видеотасвир воқеа қандай рўй берганини батафсил ўрганишда ёрдам беришига умид қилмоқда.

Хабарларга кўра, полиция воқеага гувоҳ бўлган Шумахернинг 14 яшар ўғли Мик ва унинг ўртоғи билан савол-жавоб ўтказган.

Маҳаллий ахборот агентликлари хабарига кўра, 29 декабрь куни 44 ёшли Шумахер Алп тоғларининг Францияга қарашли қисмида чанғи учаётиб, йиқилганида боши билан тошга урилган ва шлеми дарз кетган.

Чемпионнинг шлемига камера ўрнатилгани жума куни тушдан кейин маълум бўлди.

Франс Пресс агентлиги хабарига кўра, Шумахернинг оила аъзолари камера ва шлемни текширув олиб бораётган расмийларга топширган.

Айни пайтда, икки марта жарроҳлик амалиёти ўтказилган Михаэл Шумахер Франциянинг Гренобль шаҳридаги касалхонада оғир аҳволда бехуш ётибди.

31 декабрь куни шифокорлар икки соат давом этган жарроҳлик амалиётидан сўнг унинг аҳволида бир оз яхшиланиш кузатилганини маълум қилганди.

1 январь куни унинг менежери Сабин Кехм мухбирларга Шумахернинг аҳволи ҳануз оғир ва ўзгаришсиз қолаётганини билдирди.

Жума куни Шумахер 45 ёшга тўлгани муносабати билан чемпионнинг Италия ва франциялик ўнлаб ишқибозлари касалхона биноси олдига йиғилдилар. Тадбир давомида бир дақиқа сукут сақланди.

Карло Бушини Михаэл Шумахернинг туғилган кунини нишонлаш учун атайин Гренобь шаҳрига келганини айтди.

- Мен Михаэлнинг туғилган кунини нишонлаш учун бугун шу ерга келдим. Михаэлни Гиллес Виллениус каби жуда яхши кўраман. У қалбимнинг тўридан жой эгаллаган. Биз, Феррари ишқибозлари ҳаммамиз якдилмиз ва бир-биримиз билан биродармиз. Биз бу ерга Михаелнинг туғилган кунини нишонлаш ва ҳаёти учун курашида уни қўллаб-қувватлаш учун йиғилдик, деди Карло Бушини.

Формула-1 пойгасида 91 марта ғалаба қозонган Михаэл Шумахер энг муваффақиятли мотопойгачи ҳисобланади.

2012 йилда истъфога чиққан Шумахер 91та ғалабанинг 72 тасини Феррари жамоаси таркибида қўлга киритган.

Сўнгги бир ҳафта давомида Шумахернинг дунёдаги минглаб ишқибозлари, жумладан, АҚШ собиқ Президенти Билл Клинтон ҳам унга тез фурсатда соғайиб кетиш истагини билдирди.
XS
SM
MD
LG