Линклар

MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси солиқ имтиёзлари уч йилга узайтирилди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Самарқанддаги MAN Auto-Uzbekistan Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасининг солиқ тўламаслик бўйича имтиёзли муддатини 2017 йил 1 январгача узайтирди.

Юк машиналари ишлаб чиқаришга иқтисослашган мазкур қўшма корхона яна уч йил давомида мамлакат ҳудудида жорий қилинган ҳамма солиқлар, жумладан, Молия вазирлиги хузуридаги Республика йўл жамғармасига тўланадиган мажбурий солиқдан озод бўлди.

Қўшма корхона уч йил давомида Ўзбекистонга олиб келаётган айрим товарлари учун божхона тўловидан озод қилинди. Фақат ҳужжатларни расмиятлаштириш хизмати учун йиғим бундан мустасно.

Низомий капитали уч миллион евро бўлган MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси 2009 йил август ойида ташкил этилган. Корхона бир йилда 5 минг дона юк машинаси ишлаб чиқариш қувватига эга.

Қўшма корхона акцияларининг 51 фоизига “Ўзавтосаноат”, 49 фоизига эса MAN Nutzfahrzeuge ширкати эгалик қилади.
XS
SM
MD
LG