Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:05

"Ҳавоқанд" имоми - Муҳаммадражаб Махсум қори


“Ўзбек имомлари” рукнининг бугунги қаҳрамони Қўқондаги тарихий масжид - "Ҳавоқанд" жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадражаб Махсум қоридир. У шўро замонида омборга айланган бу масжидни қайта очиши, маърузасию илми билан қисқа муддатда танилган имомдир. Айни дамда у қамоқ жазосини ўтамоқда. (Мақола тингловчилар йўллаган маълумотлар асосида янгиланди)


Худоёрхон қурдирган "Ҳавоқанд" масжиди ҳақида

Қўқондаги тарихий масжид "Ҳавоқанд" жоме масжиди имом хатиби Муҳаммадражаб Махсум қори - Тоштемир Нурматов эл оғзига тушган давр – 1989-1992 йиллар оралиғидаги шовқин-суронли даврлар эди.

У даврлар бугунги Қўқон аҳли учун, эҳтимол, аста-секин унут бўлмоқда. Яъни, қарийб 200 йиллик "Ҳавоқанд" масжидини қайта очган Махсум қори ва жума намозига йиғилган издиҳомни хотирлайдиганлар озайиб бормоқда.

Бу масжид Қўқонда тарихий аҳамиятга эга бўлган ва шаҳарликлар томонидан ҳозир ҳам қадрланадиган муҳим обидалардан биридир.

Бу масжидни Қўқоннинг сўнгги хони – Сайид Муҳаммад Худоёрхон 1860-1870 йиллар оралиғида қурдиргани айтилади. Собиқ иттифоқ даврида бу масжид омборга айлантирилган.

Қўқонлик кекса намозхонлардан бири бу масжидда 1989-92 йиллар оралиғида ва кейинчалик ҳам намоз ўқиганини айтар экан, масжиднинг бугунги ва ўтмишдаги аҳволини қиёслади.

- Шаҳарда ҳозир қайта қуриш бўлаяпти. Бу масжиднинг олдилари очилган, аввал дўконлар билан ўраб ташланган эди. Ҳозир чиройлик бўлиб қолган. Лекин бу ерда ҳозир намоз ўқилмайди, тарихий обидадек қилиб қўйишган. Туристлар айланиб, томоша қиладиган жой. Биз бир пайтлар намоз ўқиганмиз. Муҳаммадражаб қори очганда бу масжидни. Унгача омборхона бўлган эди. Жуда катта масжид эди, ҳар жумада одамлар ташқаригача чиқиб кетарди, - дея хотирлайди қўқонлик намозхон.

У имомнинг ўзи ҳақидаги хотираларини ҳам қисқача ўртоқлашди.

- У киши ўзи шу шаҳарнинг йигити эдида. Жуда илмлик, деб эшитганмиз. Яхши-ёмонлигини билмаганмиз. Аммо, бизга бир ёмонлиги тегмаган, шунинг учун у кишини яхши одам, - деб биламиз, дейди имомнинг шахси ҳақида телефон орқали ортиқча гапирмасликни афзал кўрган қўқонлик намозхон.

Намозхоннинг айтишича, Муҳаммадражаб қорини танитган илк ҳаракати шаҳар аҳли қадрлаган "Ҳавоқанд" масждини куни битаёзган собиқ совет ҳукуматидан олиб, қайта очгани бўлган.


Тингловчидан маълумот: "Масжид Умархон даврида қурилган"

Ушбу мақолани эълон қилганимиздан сўнг тингловчилардан Муҳаммадражаб Махсум қори ва у қайта очган "Ҳавоқанд" жоме масжиди ҳақида маълумотлар кела бошлади.

Озодликка маълумот йўллаётган тингловчилардан бир нечаси қўқонликлар бу масжидни "Жоме масжид" деб билиши, бу масжид Худоёрхон эмас, балки Умархон даврида қурилгани ҳақида ёзмоқда.

Қуйида домлани шахсан таниши ва масжидда бўлганини айтган баъзи муштарийлар шарҳини ўзгаришсиз келтирамиз:

"... Avvalo maqola uchun rahmat! Lekin, manimcha, maqolada ayrim chalkashliklar bor.

Tilga olingan masjidni Qo'qonda hech kim Havoqand demaydi, hamma Jome deb ataydi. Majmuaga Havoqand degan nom balki sovet davrida berilgandir.

Jomeni Xudoyorxon qurdirgan emas. Qurilish ishlari XVIII asrda, Olimxon davrida boshlangan va 1818 yilda, Amir Umarxon davrida nihoyasiga yetkazilgan.

Jomeda 98 ta ustun bor, bu ustunlarning Hindistondan keltirilgani rivoyat qilinadi. Jome shaharning qoq markazida, Chorsuda joylashgan, uni Qo'qonning yuragi deyish mumkin.

Afsuski, Muhammadrajab domla qamalganidan keyin Jome ko'p yillar tashlandiq holda qolib ketdi, bangilar makoniga aylandi.

Domla paytida biz yosh bo'lganmiz. Shunisi aniq esimdaki, juma namozlariga chindanam juda ko'p odam yig'ilar edi. Namozga nafaqat Qo'qoning o'zidan, balki yaqin atrofdagi qishloqlardan ham odamlarning kelganini ko'rganman. Domla paytida masjidda ta'mir ishlari olib borilgan.

Tushunishimcha, musulmonlarning orasida ham Muhammadrajab domlaga qarshilar bo'lgan. Qo'qonda faqatgina Jomeda ayollar juma namoziga kelar edi. Domlani Qo'qonda hali ham hurmat qilishadi..."


Яна бир шарҳда масжид қурилган сана ҳақида маълумот берилган:

"Quqon jome masjidi Umarhon davrida1806 - 1813yillarda qurilgan."

Эслатма: Бу маълумотлар муштарийлар йўллаган шарҳлардан олинди, уларнинг мазмуни учун таҳририят масъул эмас.


Муҳаммадражаб Махсум қори таржимаи ҳоли


Муҳаммадражаб Махсум қори - Тоштемир Нурматов 1953 йил 28 мартда Қўқон шаҳрида оддий, зиёли оилада туғилган.

"Бирлик" халқ ҳаракати фаоли Исмоил Дадажонов Муҳаммадражаб Махсум қорининг синфдоши бўлган. У киши имом ҳақидаги хотираларини ўртоқлашди.

- У киши билан Қўқондаги 10-мактабда ўқиганмиз. Жуда илмга чанқоқ эди. Биз бир амаллаб дарсни қилиб, футболга кетишга шошилган бўлсак, у киши мактабни ҳам қўймасдан, ундан ошиб ҳужрага ҳам борар эди. Ҳунар ҳам ўрганарди. Косиб эди. Қандай улгурган экан, деб ҳозир ҳам кўп эслайман. У киши диндор оилада катта бўлган, отаси Қосимхон ака, деган обрўлик киши эдилар, - деб хотирлайди Исмоил Дадажонов.

У кишининг хотирлашича, Муҳаммадражаб Махсум қори араб тилини мукаммал билган ва Ҳаж зиёратига борганида, араб тилида маъруза қилиб обрў қозонган.

- Араб тилини мукаммал биларди. Бизда Мадинада қилган маърузасининг ёзувлари бор эди. У киши биринчи бўлиб илмни отасидан олган, Қосимхон қори Қўқондаги энг обрўлик ва илмли кишилардан эди. Кейин шаҳардаги яна бир деҳқон, кўчат экадиган Насриддин охун, деган кишидан илм олган. У киши яқинда оламдан ўтдилар, жуда илмлик киши эдилар, - дейди қўқонлик мухолифат фаоли.

Исломий илми ва араб тилини мукаммал билгани боис, Тоштемир Нурматов қисқа муддатда Муҳаммадражаб Махсум қори номи остида аввалига Қўқон шаҳри, кейинчалик Фарғона водийсида ном қозонган.


Муҳммадражаб қорини ҳам турмага тортган "сулҳ"

1987 йилларда бошланган "Қайта қуриш" сиёсати берган эркинлик собиқ совет ҳукумати даврида диний ва миллий қадриятларидан бегона бўлган Совет Ўзбекистони халқига муқаддам кўрилмаган бир жўшқинлик, ҳурриятни олиб келган даврлар эди.

Айниқса, динга қаттиқ берилган аҳли илмлар Қуръон ва ҳадис илмини кучли бир истак билан ўзлаштирган ва катта бир ҳаяжон билан бошқаларга улашаётган кезлар эди.

Ўша даврда Фарғона водийсининг Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон қисмида танилган забардарст олимлардан бири Абдулҳаким қори Восиевдан илм олган Муҳаммадражаб қори аввалига Қўқонда йиллар давомида омборхона бўлиб ётган масжид – "Ҳавоқанд" масжидининг очилишига бош бўлган.

Аммо, у кишини таниган-билганлар ўша даврда Фарғона водийсида фаоллашиб кетган диний-сиёсий уюшмалар, жумладан, Қайта қуриш даврида Қўқонда тузилган “Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилоти аъзолари "Ҳавоқанд" масжиди намозхонлари орасида талай бўлганини айтадилар.

Бу гуруҳнинг аҳоли орасида ўша даврда кўпайиб кетмаган ўғирлик, порахўрлик, судхўрлик ва фоҳишаликка қарши шариат қонунлари асосида курашишга урингани айтилади. Бу даврни яхши хотирлаган Мўътабар Аҳмедова бундай гуруҳларнинг тузилишини давра талаби, деб баҳолайди.

Аммо, Мустақил Ўзбекистон ҳукумати тез орада бу ҳаракат билан шуғулланганларни қамади ва жазо муддатлари битишига қарамасдан, уларнинг аксарияти ҳануз қамоқда қолмоқда.

1988-89-1992 йиллар оралиғидаги аҳолининг ижтимоий ва сиёсий фаоллиги ва бундай фаол гуруҳларга ўша даврда етилган илмли имомларнинг ҳам бош қўшганини хотирлаган Исмол Дадажнов Озодликнинг бу борадаги саволларига жавоб бераркан, дастлаб Муҳаммадражаб қорининг мақсади ҳақида тўхталди.

- Махсум акамиз ҳеч қачон Ўзбекистонда исломий давлат қурамиз, деган мақсадда бўлмаган. Биз "Бирлик" халқ ҳаракатини тузмоқчи бўлганимизда, у кишига борганмизда: "Биздан нима ёрдам?" деб сўраганлар. Кейин масжидда "йигирмалик" деган кенгаш бўларди. Шу кенгашдан бири "Бирлик"ка раисдош бўлган эди, - деб хотирлайди Исмоил Дадажонов.

Исмоил Дадажонов бу имомнинг ҳаётидаги ўта муҳим палла – 1990 йилларда мамлакат мусулмонлари ўртасида юзага чиққан зиддиятларга барҳам бериш мақсадида ўтган сулҳни ҳам хотирлади.

1992 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошчилигида ўтган ўша йиғинда иштирок этган Муҳаммадражаб қори ўзаро тортишаётган имомлар ўртасида салобати, қисқа, аммо тиниқ ҳамда мақсадга аниқ йўналган фикри билан намоён бўлган.

Фарғона водийсида бир-бирини мутаассиблик ва мазҳабчиликда айблаётган диндорлар орасида сўз олган Муҳаммадражаб қори қисқагина қилиб шундай дейди:

"Шунча гапдан кейин яна бир-биримизни ковласак бўлмас. Айтадиларки: "Кимнинг тилида иймон бўлса, ўтган гапларни кечириши керак". Мана мен бошлаб берай - биз ўтган гапларнинг ҳаммасини кечирдик, бу биродарларимиз ҳам ҳам кечирсалар, яхши бўлади, иншаоллоҳ. Бунинг ҳаммаси Худо учун бўлаяпти, нафсоният учун эмас!" дейди Муҳаммадражаб қори.




Бу тарихий воқеадан сўнг мусулмонлар ўзаро муросага келолмагани, ундан кейин бошланган таъқиб ва тазйиқлар ортидан қама-қамалар бошланганию, бу тўлқин ўрмондаги ҳулу қуруқ ҳаммани ёндириб-куйдириб ўтганидан мусулмонлар хабардор.

Давранинг икки томонига ажралиб олиб, тортишганлар бирин-кетин қамалди ва улар орасида Муҳаммадражаб қори ҳам қамоққа ташланди.

1994 йил августда қамоққа ташланган қўқонлик қори ҳануз қамоқда сақланмоқда. (Бу маълумот ҳам тингловчи кўмаги асосида аниқлаштирилди.)

Қуйида у киши ҳақида тайёрланган эшиттиришимизни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:31:43 0:00
Бевосита линк


Ҳануз қамоқ жазосини ўтаётган бу уламо ҳақида яна маълумотларга йиғишда давом этамиз ва бундан буён тўплаганимиз маълумотларни веб сайтимиздаги Ўзбек имомлари саҳифасида чоп этиб борамиз.

Марҳамат, Ҳавоқанд имоми муҳаммадражаб махсум қори ҳақида билганларинигз бўлса бизга билдиринг!

Марҳамат, бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)
XS
SM
MD
LG