Линклар

logo-print

Ироқ пойтахтидаги портлашларда камида 19 киши нобуд бўлди


Якшанба куни Ироқ пойтахтида содир бўлган портлашларда камида 19 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам жароҳат олди.

Хусусан, Бағдоднинг Шааб мавзеида бомбали икки автомобиль портлаши оқибатида ўн киши нобуд бўлди, 26 киши яраланди.

Шунингдек, кеча Ироқ пойтахтининг Садр ва Бобул-Муадҳа мавзеларида ҳам портлашлар содир бўлди.

Мазкур ҳужумлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Ироқ хавфсизлик кучлари ва амалдаги ҳукуматга хайрихоҳ бўлган сунний кўнгиллилар отрядлари Анбар вилоятида Ал-Қоидага алоқадор жанггарилар билан курашни давом эттирмоқдалар. Бу ерда жанггарилар Фаллужа шаҳри ҳамда Рамадийнинг баъзи жойларини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлгандилар.

Бош вазир Нури ал-Маликий якшанба куни Фаллужа устидан назорат тикланиши учун Ироқ армиясига яна бир неча кун керак бўлишини маълум қилди.

Анбар вилоятидаги жанглар ўтган душанба полиция томонидан норозилар лагери тўзитиб юборилганидан кейин бошланиб кетганди. Бу эса суннийлар ва аксар аъзолари шиалардан иборат ҳукумат ўртасидаги муносабатнинг таранглашишига олиб келди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри якшанба куни Қўшма штатлар Ал-Қоида билан курашда ироқликларга зарур бўлган барча ёрдамни беришга тайёр эканини билдирди. Айни пайтда у Вашингтон Ироққа яна ўз қўшинларини йўллаш нияти йўқлигини ҳам таъкидлади.
XS
SM
MD
LG