Линклар

Ўзбекистонда юк машинаси ва пластик карта чиқарадиган ширкатлар солиқдан озод қилинди


Чиқинди ташиш учун мўлжалланган MAN машинаси чиқарадиган ширкат солиқдан озод бўлди.

Чиқинди ташиш учун мўлжалланган MAN машинаси чиқарадиган ширкат солиқдан озод бўлди.

Йил бошида Ўзбекистон президенти қарори билан бир нечта ширкат солиқлардан озод қилинди. Мустақил иқтисодчилар ҳукумат қарори жозибаси камайган Ўзбекистон иқтисодига сармоядорларни жалб қилиш мақсадида қабул қилинганини айтмоқда.



Йил бошида Ўзбекистон президенти қарори билан бир нечта ширкат солиқлардан озод қилинди.

Жанубий Кореяга оид Korean Air ва Германия иштирокидаги JV MAN Auto – Uzbekistan компанияси 2017 йил 1 январигача Ўзбекистон ҳудудидаги жорий барча солиқлардан озод этилди.

Бундан ташқари, бу ширкатлар мамлакатга олиб кираётган товарлари учун бож тўловларини ҳамда Молия вазирлиги қошидаги Республика йўл фондига тўланадиган мажбурий тўловлардан бирортасини тўламайдиган бўлди.

Бу ҳақда Norma.uz сайти хабар қилди.

Шунингдек президент қарори билан¸ Навоий аэропорти ҳам 2019 йилгача божхона тўловларидан озод қилинди.

Навоий аэропорти ходимлари ва Korean Air ишчилари ойлигидан ижтимоий тўловлар чегирилмайдиган бўлди.

Президент фармонига кўра¸ Навоий вилоятидаги халқаро логистика марказига оид солиқ имтиëзларинг ҳам муддати узайтирилди.

Ўзбекистондаги пластик карта ва терминаллар ишлаб чиқарувчи ширкатлар ҳам 2017 йилгача божхона тўловлардан озод қилинди.

Йил бошида Ўзбекистон президенти қарори билан бир нечта ширкат солиқлардан озод қилинганини изоҳлаган Астанадаги Евросиё университети доценти, асли ўзбекистонлик иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевга кўра¸ бу қарор сармоядорларни жалб қилиш мақсадида қабул қилинган:

- Сармоядорлар Ўзбекистондан кетиб қолмаслиги учун ўз вақтида қилинаëтган тўғри қарор бу. Бу ширкатлар тарафидан Ўзбекистонга киритилган улкан сармоялар кўмагида ишчи ўринлари яратилганлигининг ўзи мамлакат учун катта фойдадир. Мен хорижий ширкатларни солиқдан озод қилиш йўли билан Ўзбекистонга жалб қилиш ҳаракатларини иқтисодий асосланган ва тўғри қарор деб биламан¸- дейди иқтисодчи.

Ўзбекистонда бир нечта хорижий ширкатларга солиқ имтиëзлари берилгани мамлакатнинг сармоя жозибаси ўта камайган вақтига тўғри келди¸ деб таъкидлади Сафарбой Жубаев суҳбат давомида:

- Ҳар бир хорижий сармоядор Ўзбекистонга имкониятларни чамалаб сармоя киритади. Бу имкониятлар уларга 2017 йилгача солиқ имтиëзи берилишини ҳам изоҳлайди. Масалан, улар бу имтиëзни олиш баробарида сармоя мажбуриятларини ҳам бажаришлари керак бўлади. Қарсак икки қўлдан чиқади деган гап шунга тўғри келади¸- дейди суҳбатдош.

Сафарбой Жубаевга кўра¸ солиқ имтиëзларининг саноқли ширкатларгагина жорий қилиниши Ўзбекистондаги сармоя муҳити билан боғлиқ муаммолар боис амалга ошмоқда:

- Бу ерда икки сабаб бўлиши мумкин. Биринчиси, Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ёмонлашгани, конвертация ва қонунлар ўзгариб туриши билан боғлиқ муаммолар. Иккинчиси эса, лойиҳаларнинг тижорий жиҳатдан самарасизлигидир. Бу ширкатларга Ўзбекистон томони кўп имтиёзлар бермоқда, лекин имтиёзлар бўлгани билан бу лойиҳалар ижроси учун кафолат бўлмаса охири барибир яхши бўлмайди,- дейди Астанадаги Евросиё университети доценти, асли ўзбекистонлик иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев.

Эслатиб қўямиз, Марказий Осиё ва Каспий минтақасида нефт-газ қидируви ва қазиб олиш билан шуғулланадиган Tethys Petroleum ширкати 2 январ куни Ўзбекистонда “сиёсий ва бизнес муҳити ўзгаргани сабаб” у ердаги лойиҳалардан чиқиб кетаётганини билдирган эди.

Канадага қарашли Tethys Petroleum сўнгги олти ой ичида Ўзбекистонни тарк этаётган иккинчи йирик нефт ширкатидир.

Ўтган йилнинг июл ойида Малайзиянинг Petronas нефт ва газ ширкати Ўзбекистондаги углеводород конларини ўзлаштириш билан боғлиқ барча лойиҳаларини буткул тўхтатгани ва мамлакатдан чиқиб кетаётганини маълум қилган эди.

Ўзбекистон мобил алоқа бозорида 2004 йилдан буён ишлаб келган ва мамлакатдаги энг йирик мобил ширкати ҳисобланган "Ўздунробита" фаолияти 2012 йилнинг июл ойида ҳукумат томонидан тўхтатиб қўйилган эди. Ширкатнинг тўрт ходими ҳибсга олиниб, жарима ва аҳлоқ-тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Компаниянинг Ўзбекистондаги мулки мусодара қилинган.эди.

МТС раҳбарига кўра, Ўзбекистондаги ҳодисалар оқибатида ширкат 1 миллиард 80 минг АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган.

Ўзбекистонда олтин қазиб чиқариш соҳасида 1996 йилдан фаолият юритиб келган Oxus Gold ширкати 2011 йилда мамлакатдан чиқиб кетган эди.
XS
SM
MD
LG