Линклар

logo-print

Ўзбекистонда 9 миллион 610 минг 500 сўмдан ошиқ суммани исталган валютага алмаштирмоқчи бўлган жисмоний шахслардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатиш талаб қилинмоқда. Марказий банк қарори билан жорий этилган бу тартиб 6 январидан кучга кирди.

Ўзбекистонда хорижий валюта айирбошламоқчи бўлган шахслардан, агар алмаштирмоқчи бўлган сумма энг кам ойликнинг 100 (юз) баробарига тенг ёки ундан ортиқ бўлса, валюта айирбошлаш шохобчаларига шахсини тасдиқловчи ҳужжат олиб бориши талаб қилинмоқда.

Norma.uz сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2437-1сонли қарори билан жорий этилган мазкур қоида шу йилнинг 6 январидан кучга кирган.

Айни қоида асосида Ўзбекистонда ваколатли банкларда жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартишлар киритилди.

Марказий банк қарори кучга киргунга қадар ўзбекистонликлар валюта алмаштириш шохобчаларида энг кам иш ҳақининг 1000 (минг) баробаригача бўлган суммани шахсини тасдиқловчи ҳужжатсиз алмаштириши мумкин эди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори 96105 сўмга тенг. Демак, валюта айирбошламоқчи бўлган киши қўлидаги сумма, миллий валютага ўгирилганда, 9 миллион 610 минг 500 сўмдан ошса, валюта айирбошлаш шохобчаси маҳаллий фуқародан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, чет эллик фуқародан эса паспорт талаб қилишга ҳақли.

Авваллари тақрибан 90,5 миллион сўмга тенг суммада валюта операцияси амалга оширмоқчи бўлганлардан, мавжуд тартибга кўра, ҳужжат талаб қилинмасди.

Ўзбекистон Марказий Банки қарорига мувофиқ, эндиликда энг кам ойликнинг 100 (юз) баробарига тенг ёки ундан ортиқ суммани сотиб олиш ёки сотиш чоғида валюта айирбошлаш шохобчалари зиммасига фақат валюта операциясини амалга ошираётган шахс ҳақидаги маълумотларни ёзиб қолиш эмас, операция ҳажми ҳақидаги маълумотларни электрон тизимга киритиш мажбурияти ҳам юклатилган.

Қарор билан эскирган-чизилган-униққан хорижий валютани янгисига алмаштириш ёки йирик қийматдаги валютани майдалаш, нақд хорижий валютани бошқа бир давлатнинг нақд валютасига (масалан, долларни рублга ва ҳ.) алмаштириш тартибига ҳам ўзгартиш киритилган.

Бу каби операциялар амалга оширилаётган пайтда сумма энг кам иш ҳақининг 25 баробарига тенг (2 миллион 402 минг 625 сўм) ёки ундан кўп бўлса, пул алмаштираётган кишидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиш талаб қилинади.

Авваллари бу каби операцияни амалга оширмоқчи бўлган кишилар қўлидаги сумма 9 миллион 610 минг 500 сўмга тенг ёки ундан ортиқ бўлган пайтдагина улардан ҳужжат талаб қилиниши мумкин эди.

Ўзбекистон Марказий Банкининг 2415-1сонли бошқа бир қарорига кўра эса, валюта операцияларини амалга ошириш ваколатига эга бўлган банкларнинг конверсион операциялар бўлимлари ҳамда валюта айирбошлаш шохобчалари ходимларига қўйиладиган малакавий талаблар, уларни ишга қабул қилиш ва ўринларини алмаштириш регламентига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Қарорда айтилишича, валюта операцияларини амалга ошириш ваколатига эга бўлган банклар ўз ходимлари малакасини ошириш учун йилига камида бир марта ўқув курслари ташкил этишлари лозим бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG