Линклар

Ўзбек машинасига ўриндиқ ишлаб чиқарадиган корхонага ўт тушди

  • Садриддин Ашур

“Ўз-Тонг Хонг Ко” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси расмий сайтидан олинган сурат.

“Ўз-Тонг Хонг Ко” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси расмий сайтидан олинган сурат.

“GM-Ўзбекистон” қўшма корхонаси учун автомобил ўриндиқлари ишлаб чиқарадиган Андижон шаҳридаги “Ўз-Тонг Хонг Ко” қўшма корхонаси омборида 4 январдан 5 январга ўтар кечаси ёнғин рўй берган. Қўшма корхонада ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, ярим соат ичида битта омбор ва шийпон тагида турган маҳсулотлар куйиб кул бўлган.


Андижон шаҳридаги “Ўз-Тонг Хонг Ко” (UZ-TONG HEUNG CO.) қўшма корхонасига ўт тушгани ҳақида Озодлик тингловчиларидан бири мактуб орқали хабар қилди:

“5 январь куни Андижондаги “Ўз-Тонг Хонг” корхонаси омборларига ўт кетди. Ёнғин кеча соат 22:30 да бошланган. Ўт ўчиргани келган машиналар сони 20-30 тага етган. Учта катта омбор, ичидаги матолари билан ёниб кул бўлди. Бу корхона “GM-Ўзбекистон” қўшма корхонаси автомобиллари учун ўриндиқлар ишлаб чиқаради”, дейилади мактубда.

Андижон вилоят ёнғинга қарши кураш бошқармаси ходими ҳақиқатан ҳам 4 январь куни кечаси соат 22:35 да “Ўз-Тонг Хонг” корхонаси омборларида ёнғин содир бўлганини тасдиқлади, бироқ тафсилотларни телефон орқали гапирмаслигини айтди.

Озодликнинг “Ўз-Тонг Хонг Ко” қўшма корхонасида ишлайдиган манбасининг айтишича, ёнғин қолдиқ маҳсулотлар сақланадиган шийпонда чиққан:

- Бу корхонада “Нексия”, Спарк” ва “Матиз”га ўриндиқлар ясалади. Шулардан қолган отходлар шийпон тагида сақланган. Ёнғин шу жойдан чиққан дейишяпти. Кейин бу гуриллаб ёниб омборга туташган. Ўт ўчирувчилар тезда етиб келди. Санадим, 28 та мошина келди. Темир йўлнинг ёнғин ўчириш поезди ҳам келди, - деди манба.

Суҳбатдошнинг айтишича, ёнғин икки соат давом этган:

- Ўзи жуда ёмон ёндида. Битта омбор тамоман куйиб кул бўлди. Менимча, жуда катта зарар кўрилди. Ҳозир зарарни ҳисоб-китоб қилишяпти. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабабларини ва кўрилган зарар қанча эканини вилоят ички ишлар бошқармаси тергов қиляпти, - деди манба.

“Ўз-Тонг Хонг Ко” қўшма корхонасидан ҳозирча бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

“Ўз-Тонг Хонг Ко” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси 1995 йилда тузилган.

Жанубий Кореянинг KM&I Co.Ltd ва Ўзбекистоннинг «Ўзавтосаноат» компаниялари қўшма корхонанинг ҳаммуассислари ҳисобланади.

Корхона бир йилда 250 мингтагача автомобил ўриндиқлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган.

Корхонада, шунингдек, стул, электр кўрпа, футбол, баскетбол, волейбол ва теннис тўплари ҳам ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистонда сўнгги пайтда корхона, бозор ва савдо мажумаларида ёнғин кўп содир бўлмоқда.

Ўтган йилнинг 30 август куни Тошкентдаги Қатортол савдо мажмуидаги ёнғин оқибатида у ердаги савдо расталарининг 20 фоизи ёниб кетгани айтилган эди.

Бундан бир кун олдин, 29 август куни эса Намангандаги “Туркистон” мажмуасига ўт кетган эди.

Ўтган йилнинг 4 июлдан 5 июлга ўтар кечаси Марғилон шаҳрининг Ипакчилар мавзесидаги собиқ Ипак комбинати ўрнида жойлашган "Ширин Нур Бизнес" савдо мажмуасининг озиқ-овқат қисмида катта ёнғин содир бўлган эди.

2013 йилнинг 23 июнь куни Фарғона шаҳрининг “Александрия” ресторани, “Донер” кафеси, мебел ва оптика дўконлари жойлашган икки қаватли бино томи (жами 160 метр квадрат жой) бутунлай куйиб кул бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG