Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:58

Олимпиада арафаси Сочида хавфсизлик тизими кучайтирилди


2014 йилги Қишки Олимпиада ўйинларига роппа-роса бир ой қолганда, ушбу йирик спорт мусобоқаларига мезбонлик қиладиган Россиянинг Сочи шаҳри ва шаҳарга яқин минтақаларида 7 январдан кучайтирилган хавфсизлик режими жорий қилинди. Бу минтақада махсус ҳудуд ташкил қилинди ва унга рухсатнома билан кириш тартиби жорий этилди.


Россия президенти фармонига мувофиқ, Олимпиада мусобақалари бўлиб ўтадиган Сочи шаҳри ва шаҳар атрофидаги минтақаларда махсус рухсатнома билан кириладиган ҳудуд барпо этилди.

Мазкур ҳудуд сарҳадлари Қорачой-Черкес Республикасидан тортиб Грузиядан ажралиб чиққан Абхазия Республикасига қадар узайган.

Бу ҳудудга кирувчи ҳар бир шахс ва транспорт воситаси эгаларидан махсус рухсатнома сўралади. Жумладан, рухсатсиз шаҳарга кирмоқчи бўлган автотранспорт эгалари 3 минг рубл миқдорида жаримага тортилиши мумкинлигидан огоҳлантирилди.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг 30 мингдан ортиқ ходими кучайтирилган тартибда хизматни ўташни бошлади.

Шунингдек, шаҳарда хавфсизликни таъминлаш учун Россия Ички қўшинлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳам жалб этилди.

- 7 январдан бошлаб барча бўлинмаларимиз Олимпиада мусобақалари қатнашчилари ва меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш учун жанговар ҳолатга ўтади. Барча объектлар кузатувга олинади. Фазовий кузатув ҳам амалда бўлади, - деди Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Владимир Пучков.

2014 йилги Қишки Олимпиада ўйинлари Сочи шаҳрида 7 февраль куни очилади. Хавфсизлик режими мусобақалар тугагунга қадар, яъни 21 мартгача амалда бўлади.

Сочидаги олимпия объектлари қурилишида қатнашган ўзбекистонлик Муҳиддин шаҳарда текшир-текширлар кучайгани боис, вақтинча Россиянинг Саратов шаҳрига кўчишга мажбур бўлганини айтади.

- Текшир-текшир кўпайди. Айниқса, бизга ўхшаган, четдан келганларни алоҳида текширишяпти. Регистрация бўлмаса, шаҳардан чиқариб юборяпти. Мусобақалар тугагунга қадар Саратовда бўлиб тураман, - деди Муҳиддин.

Ўтган йил ёзида Чечен айирмачи гуруҳи етакчиси Доку Умаров Сочидаги Олимпия иншоотларига қарши ҳужумлар билан пўпса қилган.

Интернетда эълон қилган видеомурожаатида Умаров ўз тарафдорларини Олимпиада ўйинларини ўтказилишига йўл қўймаслик учун ҳаракат қилишга чақирган.

Доку Умаров Россия, АҚШ ҳамда БМТ тарафидан қидирилаётган халқаро террорчиларнинг биридир. Тахминларга кўра, у Кавказ тоғларида яширинган.

Ўтган ой Волгоградда содир этилган портлашларни айрим экспертлар Сочи Олимпиадаси билан боғлашмоқда.

29 январь куни Волгорад вокзалида, бир кун ўтиб эса шаҳардаги троллейбусда рўй берган портлашдан жами 34 одам нобуд бўлди. 70 га яқин одам мазкур портлашлар оқибатида яраланди.

Қўшма Штатлар бўлажак Олимпиада ўйинлари арафасида хавфсизликни таъминлашга кўмак бериш ниятини билдирган.
XS
SM
MD
LG