Линклар

logo-print

Қирғизистон муфтийси секс можаро ортидан истеъфога кетди


Раҳматулла Эгамбердиев.

Раҳматулла Эгамбердиев.

Қирғизистон муфтийси Раҳматулла Эгамбердиев 7 январь куни Уламолар кенгашига лавозимдан кетиш бўйича аризасини топширди. Бу ҳақда Озодликка шахсан маълум қилган Эгамбердиев муфтийликдан кетишига ўзи билан боғлиқ сўнгги жанжаллар сабаб бўлгани, бу видеоможарони ўзига қарши махсус уюштирилган, деб билишини айтди.


Раҳматулла Эгамбердиев муфтийликдан кетишига ўзи билан боғлиқ сўнгги жанжаллар сабаб бўлганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, муфтий Эгамбердиевнинг ёш аёл билан интим муносабатлари акс этган видео 31 декабрь куни Интернетда пайдо бўлганидан сўнг бу Қирғизистон жамоатчилиги орасида жанжалли мунозаралар келиб чиқишига сабаб бўлган.

Яширин камера воситасида олинган видеода муфтий Раҳматулла Эгамбердиевнинг ёш хотин билан жинсий алоқа қилаётгани акс этгани айтилади.

Мазкур видеодаги киши ўзи, унинг ёнидаги аёл эса никоҳдаги хотини эканини таъкидлаган Раҳматулла Эгамбердиев бу можаролар уюштирилишида Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари айбдор, деб иддао қилмоқда.

- Бу нарсани бевосита Дин ишлари бўйича комиссиянинг мудири Абдулатиф Жумабаев деган бир фигура қилаяпти, деб биламан, - деган Раҳматулла Эгамбердиев бу одам уни муфтийлик лавозимидан кетказишдан манфаатдор экани, Жумабаев муфтийликка тутинган ўғли бўлмиш Мақсат Қўнқабаев исмли кишини олиб келиш учун шу ишга қўл урганини иддао қилди.

Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари Абдулатиф Жумабаев эса бу иддаоларни асоссиз деб атаб, ўзига нисбатан билдирилган айбловларни инкор қилди.

Унинг айтишича, муфтий Раҳматулла Эгамбердиев давлат мулозимларига биринчи марта айб қўяётгани йўқ.

- Буни “паранойялний синдром” деб қўйишади ўрисча айтганда. Асосий масала, у киши тўғрисида Интернет тармоғига чиқиб кетган видео билан боғлиқ бўлаяпти. Бу у кишининг шахсий обрў-эътибори билан боғлиқ масала. Лекин у одамларнинг эътиборини бошқа томонга буриб, кўзбўямачилик билан айбни бошқаларга юклаб, “шу йўл билан қутилиб кетаман”, деб ўйлаяпти, - деди Абдулатиф Жумабаев.

Айни пайтда муфтийликдан кетган Раҳматулла Эгамбердиев ўзининг нима учун истеъфога чиққанига изоҳ берди ва Қирғизистон президентига мурожаат қилди.

- Очиғини айтганда, ўша ишлар охирига етсин, текширилсин, деб кетдим истеъфога. Мен бу борада куч ишлатар идораларига мурожаат қилганман. Агар давлатимизда чиндан ҳам фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кафолатланган бўлса, менинг ҳақ-ҳуқуқларимни ҳимоя қилиб беришсин. Мен ўз сиҳатимни бироз ўнглай. Бу иш бўйича ҳақиқат юзага чиқишига мен ишонаман, ҳурматли президент. Шу ишга эътибор бериб қўйишингизни илтимос қиламан, - деди Раҳматулла Эгамбердиев ўз мурожаатида.

Шу куннинг ўзида Қирғизистон муфтиятининг Уламолар кенгаши муфтий ўринбосари Мақсат Тўқтўмушевни муфтий вазифасини бажарувчи этиб тайинлашди.

Бунгача Бишкек қозиси бўлиб ишлаган Тўқтўмушевнинг Қирғизистондаги “Таблиғи жамоати” лидери экани айтилади.

Мақсат Тўқтўмушев муфтий вазифасини 8 февраль куни бўлиб ўтадиган мусулмонлар қурултойигача эгаллаб туради. Шундан сўнг қурултой уни ёки унинг ўрнига бошқа бир одамни расман муфтий этиб сайлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG