Линклар

logo-print

Туркияда “катта пора” иши катталашди


Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Ҳукуматга яқин шахслар билан боғлиқ коррупция жанжали бошланганидан сўнгги энг йирик сиëсий силкинишлар доирасида Туркия полициясининг 350 офицери ишдан бўшатилди. Бу бўшатишлардан бир неча соат ўтиб¸ коррупция можаросини бошлаган прокурор ва полиция раҳбарларига нисбатан ўз хизмат ваколатини суистеъмол қилганлик айби билан тергов очилгани эълон қилинди.

Туркияда “катта пора” деб ном олган коррупция жанжали давомида ўтган ой ичида уч вазирнинг ўғли қўлга олинди.

Ҳукумат раҳбарларига ҳисоб бермай туриб бошланган бундай ҳибсга олишларга масъул полиция расмийлари айни кунда Анқара ғазабини ўз танасида ҳис қилмоқда.

Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан ўз маъмуриятига қарши “ифлос фитна” уюштирганликда айбланган полиция ва адлия расмийлари¸ ана шу ғазаб натижасида бугунга келиб ўзлари тергов-текширув нишонига айландилар.

Ўз ўғиллари коррупция билан боғлиқ айблар билан қўлга олинган уч вазири истеъфо берганидан сўнг¸ Анқара раҳбари асосий диққатини вазирлар кабинетини қайта тузишга қаратишга мажбур бўлмоқда.

Ана шу жараëнга оид сўнгги қарорларни эълон қилган Туркия ҳакамлари ва прокурорлари олий кенгаши Закариë Ўз¸ Муаммар Аккаш¸ Турон Чўлаккади каби прокурорлар ва Истанбулнинг яқинда ишга тайинланган полиция раҳбари Селами Алтинок фаолияти юзасидан тергов бошланганини билдирди.

Бу терговлар эса¸ ҳукумат 7 январга ўтар кечаси қабул қилган фармон асосида бошланди.

Ана шу жараëнда вазифасидан айрилган расмийлар орасида Туркия полициясининг молиявий жиноятлар¸ контрабанда ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармалари раҳбарлари ҳам борлиги айтилмоқда.

Бундай силкитишлар воситасида¸ кузатувчиларга кўра¸ Эрдўғон ҳукумати “катта пора” можароси ортидан ўзи тушиб қолган сиëсий инқироздан чиқишга уринмоқда.

Зиддиятли қурилиш лойиҳаларини ҳам ўз ичига олган давлат тендерларидаги йирик порахўрликлар билан боғлиқ қамоққа олишлар ва бу жараëнни уюштирган полиция ва прокуратура расмийларининг ишдан бўшатилиши¸ таҳлилчиларга кўра¸ ҳукмрон партия ва нуфузли исломий арбоб Фатҳулла Гулен тарафдорлари ўртасидаги зиддият ифодасидир.

Ҳозирда АҚШда муҳожиратда яшаëтган Гуленнинг Хизмат ҳаракати аъзолари¸ кўпчилик ишончига кўра¸ Туркия полицияси¸ прокуратураси¸ ҳатто ҳукмрон Адолат ва тараққиëт партиясидаги юқори лавозимларда ишлайди.

Йиллар давомида Эрдўғон билан бир сафда бўлган гуленчилар¸ кузатувчилар таъкидича¸ у ва партиясининг кетма-кет учта умумхалқ сайловидаги ғалабасига катта ҳисса қўшган.

Туркия бошқарувида ислом ролини ошириш борасида Эрдўғон билан ҳамфикр бўлган гуленчилар¸ айтилишича¸ ҳумкрон партиянинг дунëвий давлат қўриқчилари саналмиш турк ҳарбийлари билан зиддиятида Эрдўғон тарафида бўлган.

Аммо аксар турк таҳлилчилари фикрича¸ Истанбулнинг Гези паркида юзага чиққан йирик норозиликлар юзасидан Анқара ҳукумати олган қарорлардан норози бўлган гуленчилар билан Эрдўғон ўртасида айрилиш юз берган ва гуленчилар ўз қудратини ҳукмрон партияни обрўсизлантиришга сарфлашга қарор қилган.

“Катта пора” жанжали муносабати билан Туркиянинг йирик шаҳарларида ўтган ҳафталар давомида қатор норозилик намойишлари юзага чиқди ва Эрдўғон ҳукумати обрўсининг пасайиб кетгани 11 йилдан бери ҳокимиятда қолаëтган Адолат ва тараққиëт партиясининг яқинлашаëтган сайловлардаги вазиятини жиддий оғирлаштириши мумкин.
XS
SM
MD
LG