Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:08

Эронда номаҳрамларнинг Интернетда танишиши ман қилинди


Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий махсус фатво чиқариб, нотаниш эркак ва аёлларининг Интернет орқали ёзишишини тақиқлаб қўйди.


“Бунинг кўп ҳолларда аҳлоқсизларча рўй беришини ҳисобга олган ҳолда, бунга (ёзишмага) рухсат берилмайди”, дея иқтибос келтиради Ал-Арабия телеканали Эрон Олий руҳонийсининг сайтида чоп қилинмиш баёнотдан.

Эронда номаҳрамлар ўртасидаги ёзишмани тақиқлаш тўғрисидаги диний қонун мамлакат расмийлари WeChat смартфон иловасига тўсиқ қўйганларидан кейин бир неча кун ўтгач, қабул қилинган. Мазкур илова смартфон эгаларига ижтимоий тармоқларга кириш имкониятини берарди.

Айни пайтда Эрон расмийларининг кўпчилиги, шу жумладан, президент Ҳасан Руҳонийнинг ҳам Твиттер ва Фэйсбук каби ижтимоий тармоқларда аккаунтлари бор.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Эрон маданият вазири Али Жаннатий мамлакатда оммабоп ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга бўлган тақиқни бекор қилиш таклифи билан чиққанди.

Эронда Интернет қаттиқ назорат қилинади. Давлат идоралари ва диний муассасалар турли ахборот, шу жумладан, матний ва мусиқий маҳсулотлар, тасвирий санъат асарлари, фото ва кино маҳсулотлари, радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар мазмунини назорат қилиб борадилар.

Эрон расмийлари 2009 йилги президент сайловларидан сўнг мамлакатда бошланган оммавий намойишлардан кейин ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйишни бошлагандилар. Расмийлар иддаосича, мухолифатчилар ижтимоий тармоқлардан норозилик акцияларини уюштириш учун фойдаланганлар.

Эронлик интернет ишқибозлари бу каби тўсиқларни прокси-серверлару анонимайзерлар ҳамда махсус дастурлар воситасида айланиб ўтиб, ижтимоий тармоқларга киришда давом этаверганлар. Бироқ ҳукумат ҳозирга келиб бундай уланишларнинг аксариятига тўсиқ қўйишга имкон берувчи усулларни ишлаб чиққани айтилади.

Эрон анчадан буён Freedom House ташкилоти томонидан эълон қилиб келинадиган “Интернет душманлари” рўйхатидан тушмай келади. Мазкур рўйхатга Интернет мунтазам равишда бўғиб келинадиган Ўзбекистон ҳам киритилган.
XS
SM
MD
LG