Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:20

Душанбе Германиядан ўғирланган машиналарни тан олди¸ аммо айбни бошқаларга оширди


Немис матбуотига кўра¸ кўпчилиги BMW русумидаги ўғирланган машиналар¸ президент Имомали Раҳмон оиласидагилар хизматида.
Немис матбуотига кўра¸ кўпчилиги BMW русумидаги ўғирланган машиналар¸ президент Имомали Раҳмон оиласидагилар хизматида.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги кейинги уч йил давомида хорижда ўғирлаб¸ мамлакатга олиб кирилган 127 дона машина аниқланганини маълум қилди. Айни пайтда вазирлик¸ немис нашрининг асосан Германияда ўғирланган қимматбаҳо машиналарни президент Раҳмон атрофидагилар ҳайдаëтгани ҳақидаги хабарини қатъиян рад қилди.

Тожик полициячилари тилга кирди

8 январь куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги илк бор ўтган йил охирида Германия матбуоти диққат-марказига тушган ўғирланган машиналар муаммоси хусусида махсус баëнот берди.

Вазирликка кўра¸ 2011 йилдан бери Тожикистон ҳудудида хориждан ўғирланган 127 машина қўлга олинган ва улардан 57 тасининг Германиядан ўғирлангани аниқланган. “Аммо бу машиналар ўғирланганидан 2-3 ой¸ баъзан 6 ой ўтиб¸ GPS тизими ва ўғирланган машиналар рўйхатига киритилган ва Германия тегишли идоралари ўғирланган бу машиналарни қидирув тизимига ўз вақтида киритишни пайсалга солган”¸ дейилади Душанбе расмий баëнотида.

Ички ишлар вазирлиги Тожикистон ҳудудида қўлга олинган бу қимматбаҳо машиналарни президент Имомали Раҳмон яқинлари ва ҳукумат расмийлари ҳайдаëтгани ҳақидаги немис матбуоти хабарларини қатъян инкор қилди.

Немис матбуоти фош қилади

Германияда чиқадиган Bildt журнали 19 декабрь кунги сонида “Ўғирланган машиналарни президент оиласидагилар ҳайдамоқда” деган сарлавҳали мақола чоп этди.

Ушбу мақолада ҳукмрон Христиан-демократлар партиясидан Берлин сенаторлигига сайланган Thomas Heilmann (CDU ) разведка маълумотлари Германия ҳудудида ўғирланган 200 дона қимматбаҳо машинанинг қарийб ярми¸ 90 донасининг Тожикистон ҳудудида экани аниқлангани ҳақида баëнот берган.

Thomas Heilmann¸ Тожикистон ҳукумати ўғирланган машиналарни қайтаришни ҳам кўзда тутувчи Трансчегаравий уюшган жиноятчиликка қарши курашга оид БМТ конвенциясига 2009 йилда қўшилганига қарамай¸ Германия ҳудудидан ўғирланган бу машиналарни қайтармаëтганидан шикоят қилган.

Кўп ўтмай аксар немис нашрлари бош мавзусига чиққан бу муаммони ëритиш жараëнида Берлин полициясининг Германия пойтахтида ўғирланган автомашиналар изига тушиш билан шуғулланган “WestWind” (Ғарб шамоли) деб номланган гуруҳи GPSсистемаси ëрдамида 90 дона қимматбаҳо немис машиналарининг ҳозирда Тожикистон ҳудудида эканини аниқлангани маълум бўлди.

Айтилишича¸ 2011-2012 йиллар давомида Германия адлия тизимлари расмий Душанбега мурожаат қилиб¸ бу машиналарни қайтаришни сўраган.

Аммо сенатор Heilmannга кўра¸ ҳозирга қадар Тожикистон томони бу сўровни бажармаган.

Айрим немис нашрларига кўра¸ Германиядан ўғирланган машиналар изи тўғридан-тўғри президент Раҳмоннинг катта ўғли Рустам Раҳмонга бориб тақалади. 2013 йилнинг ноябрь ойи охирида президент ўғли Рустамни мамлакат Божхона қўмитаси раиси этиб тайинлади.

Душанбе айбловларни жидий ўрганмоқчи

Тожикистон оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича¸ Германия матбуотида чоп этилган айбловларни ўрганиш бўйича махсус ҳукумат комиссияси тузилган.

Ички ишлар вазирлиги қошидаги Интерпол Миллий марказий бюроси директори Жамшид Машраповнинг билдиришича¸ ўғирланган машиналар муаммосини ўрганиш бўйича вазирлик қошида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳи таркибига ИИВ дан ташқари Молия вазирлиги¸ Ташқи ишлар вазирлиги¸ Иқтисод¸ Савдо вазирликлари¸ Олий суд¸ Миллий хавфсизлик кенгаши ва Божхона хизмати расмийлари киритилган.


Тожик расмийлари¸ хусусан¸ президент Раҳмон “ҳайрат”да!

Германия расмийлари матбуотда эълон қилган баëнотлари¸ хусусан¸ ўғирланган немис машиналарининг ўз яқинлари қўлида эканига оид айбловларга расмий учрашувда муносабат билдирган Тожикистон президенти¸ айтилишича¸ “Бўлиши мумкин эмас!” дея хитоб қилган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби¸ бундай айбловни мамлакатнинг халқаро обрўсига путур етказиш учун қилинган бўҳтон¸ дея баҳолади.

Немис матбуотидаги бундай айбловларга муносабат билдирган Тожикистоннинг Германиядаги элчиси Имомиддин Сатторов эса Озодлик билан суҳбатда¸ бундай айбловлардан ҳайратга тушганини билдирди.

“Германияда ўғирланган машиналар Тожикистон ҳудудига боргунга қадар камида беш давлат территориясидан ўтади. Машиналар бунча масофадан ўтиб¸ Тожикистонга етиб борган бўлса¸ бунинг учун ўғирланган машиналар ҳақида бошқа давлатлардаги ҳамкасбларини вақтида хабардор қилмаган немис расмийлари айбдордир”¸ деди тожик элчиси жумладан.

Айни шундай¸ президент Раҳмон матбуот котиби ҳам Германиядан ўғирланган машиналарнинг Тожикистонга қадар етиб келиши учун асосий айбдорлик транзит давлатлар зиммасига тушади¸ дея баëнот берди.

Ўзбекистон ўзини оқлашга уринди

Германиядан ўғирланган машиналар Тожикистонга бориши учун ўтиши керак бўлган транзит давлатлардан бири Ўзбекистондир.

Берлин ва Душанбе ўртасидаги машиналар можаросига билвосита тортилган Ўзбекистон ҳукумати ўтган ҳафта муаммодан ўзини соқит қилишга қаратилган баëнот эълон қилди.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати 4 январь куни эълон қилган баëнотга кўра¸ мамлакат ҳудуди орқали кетаётган поезд вагонлари текширувдан ўтказилиши натижасида, Европа мамлакатларида ўғирланган қимматбаҳо автомобилларнинг ноқонуний транзити аниқланган.

Ўзбек божхоначиларининг таъкидича¸ 2013 йил давомида Тожикистонга ноқонуний тарзда олиб кетилаётган 20 дан ортиқ транспорт воситаси ушлаб қолинган.

Тожикистон фуқаролари Болтиқбўйи мамлакатларидан жўнатгани иддао қилинаётган бу машиналар орасида¸ ўзбек расмийларига кўра¸ BMW, Range Rover, Lexus, Honda каби умум қиммати 1¸5 миллион АҚШ долларига тенг қимматбаҳо русумли автомобиллар бўлган.

Ўзбекистон расмийлари¸ хусусан Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати Германиядан ўғирланган машиналарнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтиб¸ Тожикистондан қўним топгани мавзуида Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

“Биз Ўзбекистон ҳудудида расман аккредитациядан ўтмаган журналистлар билан гаплашмиз”¸ дея жавоб қилди Озодлик мурожаатига Давлат Божхона қўмитасининг ўзини таништирмаган расмийси.
XS
SM
MD
LG