Линклар

logo-print

АҚШ Конгресси Пентагоннинг ўзбек расмийлари фаолиятини ташвиқ қилувчи лойиҳасига пул ажратмади


АҚШ Мудофаа вазирлигига 2014 йил учун унга ажратилган бюджетдан Ҳудудлараро интернет ташаббусига пул ишлатишга рухсат этилмайди. Бу ҳақда АҚШ Конгресси томонидан Мудофаа вазирлигини молиялаштириш тўғрисида қабул қилинган қарорда айтилади.


Мазкур қарордан кўчирма келтирган USA Today нашрига кўра, лойиҳани ёпиш харажатларига ажратилган 2 миллион доллар маблағ бундан мустаснодир.

Ҳудудлараро интернет ташаббуси лойиҳаси доирасида бир қатор минтақавий ахборот сайтлари, шу жумладан, Central Asia Online нашри фаолият кўрсатиб келган.

Марказий Осиёдаги воқеаларни ёритиб борувчи Жошуа Кучера EurasiaNet сайтида чоп қилинмиш блогида (“АҚШ Конгресси Пентагонга Марказий Осиёда ташвиқотни давом эттириш учун пул бермади”) АҚШ Мудофаа вазирлигига дохил ташвиқот воситаси ёпилиши мумкинлигини айтган.

Кучерага кўра, EurasiaNet нашрининг Марказий Осиё бўйича муҳаррири Дэвид Триллинг 2011 йили Foreign Policy нашрида чоп қилинган ўз мақоласида Central Asia Online сайти фаолиятига тўхталиб, мазкур сайтнинг Ўзбекистонга оид воқеаларни ёритишда автократик бошқарувли мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишини камайтириб кўрсатаётгани, шунингдек, ўзбек режимининг террорчилик хавфи ҳақидаги баёнотларини ўйламай-нетмай такрорлаш ва реклама қилиш билан шуғулланаётганини қайд этган.

“[2011 йилнинг] 13 сентябрь куни чоп қилинган ҳисоботда АҚШ Давлат департаменти давлатнинг “экстремистлар ва яширин исломий фаолиятга алоқадор шахсларга қарши кампанияси” доирасида амалга оширилган “жиддий ҳуқуқбузарликлар”га урғу бериб, Ўзбекистонни дин эркинлигининг бузилиши борасида “алоҳида хавотир” уйғотувчи мамлакат сифатида ажратиб кўрсатган. Бундан бир кун олдин Central Asia Online сайти Тошкент ҳимоясига “Ўзбекистон динга қарши эмас, террорга қарши курашмоқда, деб ҳисоблайди таҳлилчилар” сарлавҳали сюжетни чоп қилганди. Мақолада мамлакатда диний бағрикенглик ҳукмронлик қилаётганидек кўрсатиш мақсадида давлат томонидан маъқулланган диний гуруҳ аъзоларининг фикрлари келтирилади, хулоса қисмида эса жўнгина қилиб “кўпчилик террорга қарши кескин чораларни қўллаб-қувватламоқда”, дейилади”, - деб ёзганди, жумладан, Дэвид Триллинг икки ярим йил олдинги мақоласида.

“Ўшандан буён жуда оз нарса ўзгарди, - дея давом этади Жошуа Кучера. - Central Asia Online сайти ҳатто одатда оммавий ахборот воситаларига душманларча қарашда бўлган Ўзбекистонда ҳам давлат амалдорларидан бошқаларга қараганда кўпроқ маълумот олиш имкониятига эга ҳамда аввалда бўлгани каби ҳозир ҳам бу республикадаги аксилтеррорчилик амалиётлари ҳақида қовушмаган ва таҳлилдан ҳоли материалларни чоп қилишда давом этмоқда”.

USA Today нашрининг қайд этишича, Ҳудудлараро интернет ташаббуси лойиҳасининг АҚШ Конгрессидаги ҳомийлари ҳали ҳам бошқа бирор тузилма доирасида мазкур лойиҳани молиялаштириш учун маблағ ажратишлари мумкин.

“Акс ҳолда, Марказий Осиё ҳукуматлари ўзининг энг тиришқоқ ва ғайратга тўла тарафдорларининг биридан ажраб қолиши мумкин”, дея хулоса қилади Жошуа Кучера.
XS
SM
MD
LG