Линклар

logo-print
Тошкентлик тингловчиларимиздан биридан WhatsApp орқали келган хабар бошқа юзлаб битиклар қатори табассум ёки таассуф уйғотиб, дарҳол унутилиб кетиши мумкин эди. Бироқ унинг кетиданоқ пайдо бўлган бир маълумотдан сарлавҳага чиқарилган фикр пайдо бўлди: Тошкентлик йигитнинг лифтда қамалиб қолмаслиги мумкин эмас эди.

“Лифтда қамалиб қолдим. Узр, шуниям бизга айтаяпсизларми, дейишингиз мумкин. Лекин кимга телефон қилишни билмаяпман. Ўзимизнинг уйдаги лифтдаман. ЖЭКнинг номерини билмайман. Сизлардан умид қилиб ёзаяпман. Агар чораси бўлмаса, майли...” деб ёзди whatsappчи.

Бу хабар кетидан ахборот воситаларида мана бу хабар пайдо бўлди:
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўтган йил давомида истеъмолчилардан тушган аризалар статистикасини эълон қилгани тўғрисида маҳаллий ахборот воситалари хабар қилди.

Маълум бўлишича, 2013 йили тилга олинган қўмита ва унинг жойлардаги органларига 4400 та атрофида ариза ва мурожаатнома тушган. Уларнинг 48,5 фоизи ёзма мурожаатлар экани, 51,5 фоизи Ишонч телефонлари орқали келиб тушгани хабар қилинди.

4400 ариза ва мурожаатноманинг 19,4 фоизи савдо ва умумий овқатланиш, 9,7 фоизи транспорт, алоқа ва коммуникация ва 11,8 фоизи бошқа соҳалар корхона, ташкилот ва муассасалари хизмати устидан шикоятдир.

Давлат қўмитаси маълумотларига қараганда, шикоятларнинг катта қисми - 59,1 фоизи коммунал хизмат соҳасига оиддир – лифтда қамалиб қолган тошкентлик йигит арз қиладиган бўлса, унинг аризаси 2014 йилги ҳисоботга киради.

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳисоботида айтилишича, 2013 йили жами бўлиб 958,3 миллион сўмлик маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Ишонч телефонлари орқали қилинган мурожаатларнинг 40 фоизи юзасидан тегишли чоралар кўрилганю Мурожаат қилганларнинг 60 фоизига қўмита ходимлари ўз ваколатлари доирасида тушунтириш берган.

Бас, материалимиз сарлавҳасини лифтда қамалиб қолган йигитнинг хати белгилаб берган экан, айнан шу транспорт воситаси ишини назорат қилувчилар билан боғланишга қарор қилдик.

Валентина Азимова Тошкентдан, у - лифтлар хизматини ташкил қилувчи бошқарув компанияси бошлиғи. Азиованинг корхонаси пойтахтнинг 4- мавзесидаги лифтларга қарайди ва айтишича, муаммо йўқ.

- Масалан, Е кварталида 16 та лифт бор. Ҳаммаси ишлайди, деди Валентина Азимова.

Лекин суҳбат давомида қатор камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги маълум бўлаверди. Биз, албатта, тошкентлик йигитнинг лифтда қамалиб қолганидан келиб чиқиб, нима учун лифтларда керакли информация йўқлигини сўрадик.

- Керакли маълумотларни илиб қўямиз, лекин одамлар йиртиб ташлайди, деди Валентина Азимова.

Унинг айтишича, лифт хизмати учун тўланадиган ҳақ бир подъед учун ойига 60 минг сўмдир. Битта хонадонга 2 минг сўмдан тўғри келади. Бироқ бу пул Азимованинг фикрича, етарли эмас. Масалан, битта этажник (лифтнинг навбатдаги қаватда тўхташини таъминлайдиган мослама) 100 минг сўм туради.

Натижада баъзи уйлардаги лифтлар ҳамма қаватларда ҳам тўхтамайди.

- Масалан, 12- уйда лифт 4- ва 7-қаватларда тўхтамайди. Ҳар иккала қаватда ҳам одамлар этажникларни синдириб қўйган, деди Азимова.

Азиз тингловчи, Сиз яшайдиган уйда лифт ишлайдими? Умуман, бошқарув компаниялари хизматидан розимисиз? Фикрларингизни ёзиб юборинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG