Линклар

Зомин туман собиқ ҳокимининг 15 яшар қизи ўзини осди

  • Садриддин Ашур

Tajikistan - illustration photo - loop

Tajikistan - illustration photo - loop

Ўтган йил 15 ноябрда ҳибсга олинган Жиззах вилояти Зомин туман собиқ ҳокими Ўскан Азимовнинг 8-синфда ўқийдиган қизи Зиёда 5 январь куни ўз жонига қасд қилди. Расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, отаси қамалгани боис мактабда бўлган таъна ва дашномлар Зиёданинг ўзини осишига сабаб бўлган.

Озодлик манбасининг хабар қилишича¸ Зомин туман собиқ ҳокими, ҳозир ҳибсда сақланаётган Ўскан Азимовнинг 15 яшар қизи Зиёда сешанба куни ўз жонига қасд қилган. Азимов оиласи Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида яшаган.

Бу ҳақда Озодликка зоминлик инсон ҳуқуқи фаоли Алиқул Саримсоқов хабар берди:

- Собиқ ҳоким Ўскан Азимовнинг Зарбдор туманида яшаган ва 8 синфда ўқиган қизи ўзини осиб қўйибди. Нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани номаълум, деди Алиқул Саримсоқов.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан гапирган Зарбдор туман прокуратурасида ишлайдиган манба ҳам Зиёда Ўсканованинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлади:

- Зиёда Ўсканова 1999 йилда Зарбдор туманида туғилган. Зарбдор шаҳарчасининг 9-ўрта умумтаълим мактабининг 8 синф ўқувчиси бўлган. У ўз уйидаги ёрдамчи хўжаликнинг ёғоч тўсинларидан бирига ўзини осиб қўйган. Ҳозир унинг мактабдаги синфдошлари билан бирор гап-сўз ўтганлиги текширилаяпти, деди манба.

Жиззах вилояти суд-тиббий экспертизасининг ўзини таништирмаган ходими Зиёда Азимова ўлимига бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан қисилиши натижасида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлганини тасдиқлади.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Зиёдилло Раззоқовнинг айтишича, 15 яшар қизнинг ўзини осгани ҳақидаги хабар туман аҳолисини ларзага солди:

- Зиёда Ўскан Азимовнинг энг кичик қизи бўлган. Дадаси ҳам уни жуда қаттиқ эркаларкан, яхши кўраркан. Қизча дадасининг бугунги аҳволидан, қамоқда эканлигидан анча қаттиқ сиқилган, дейишаяпти. Кимдир ортиқча гап қилган бўлса, чидаёлмаганидан ўзини осиб қўйган дейишяпти одамлар, деди Зиёдилло Раззоқов.

Жиззах вилояти Зомин туманига 2009 йилдан бери ҳокимлик қилиб келган 50 яшар Ўскан Азимов 15 ноябрь куни Жиззах вилояти прокуратураси санкцияси билан ҳибсга олинган эди.

Озодликка ўз манбаларидан маълум бўлишича, ҳоким фермерларни пахта ва дон маҳсулотларини қўшиб ëзишга, тумандаги ташкилот, кичик тадбиркор ва фермерларни эса “Қизил ярим ой” жамиятига пул ўтказишга мажбурлаганликда айбланган.

Терговчилар иддаосича, бу халқаро ташкилотнинг Зомин тумани бўлимига жойлаштирилган Азимовнинг яқинлари жорий қилган товламачилик схемаси бўйича жамиятга ўтказилган пул пировардида ҳокимга қарашли чўнтакка бориб тушган.

Шу билан бирга Ўскан Азимовнинг Зомин туманини сайёҳлик марказига айлантириш учун республика бюджетидан ажратилган пулларни ўзлаштиришда айбланаётгани ҳам айтилмоқда.

Маҳаллий фермерлар тахминича, ноқонуний экилган шолидан келадиган даромад тақсимоти устида юзага чиққан жанжал туман ҳокимининг қамалиши асл сабаби бўлиши мумкин.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда вилоят ва туман ҳокимларининг молиявий жиноятларда айбланиб ҳибсга олиниши кўп кузатиляпти.

2013 йилнинг Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими Ҳусниддин Жўраев коррупцияга оид жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Шунингдек, ўтган икки йил давомида Термиз туман ҳокими 50 ёшли Шоймамат Шерқобилов, Бухоро шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган Ҳайит Комилов, Шаҳрисабз туманига саккиз йилдан буён ҳокимлик қилиб келган Ўктам Хидиров ҳам молиявий жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG