Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:33

Қизил майдонда азон айтган гвинеялик ақли заифга чиқарилди


Қизил майдондаги Қозон черкови.
Қизил майдондаги Қозон черкови.
Православ Рождествоси арафасида Москванинг Қизил майдонида жойлашган Қозон черкови томига чиқиб азон айтган гвинеялик 39 яшар Мамаду Ҳассимау Баррига врачлар шизофрения диагнози қўйишди. Руҳий хастага чиқарилган шахснинг бу қилиғи рус миллатчилари томонидан "мусулмонлар фитнаси" деб баҳоланмоқда.

6 январь куни соат 15 лар атрофида Москванинг қоқ марказида жойлашган Қозон черкови устига чиқиб олган шахснинг азон айтиб¸ намозга чақириши Россия жамоатчилиги ва блогосферасини жунбушга келтирди.

Интернетда пайдо бўлган видеороликда черков томига чиқиб олган қора танли шахс азон чақириб, Қизил майдонда сайр қилиб юрганлар эътиборини ўзига тортади.

Видеотасвирда бу ғайриоддий воқеа гувоҳларининг “Нега уни томдан туширишмаяпти?”, “Хулиган, туш тепадан!” деган бақириқлари эшитилади. Улардан бирининг “Нима қилаяпсан?” деган саволига томдаги шахс “такбир” айтаётганини билдиради. Унинг рус тилида қийналиб айтган қолган гаплари черков минорасидан янграган қўнғироқ жарангларида йўқ бўлади.

Кўп ўтмай тўпланган оломон қарсаклари остида полиция ходимлари тартиббузарни черков томидан пастга тушириб, шахсини аниқлаш учун бўлимга олиб кетишади. Ҳодиса жойига чақиртирилган полициячи ва кинологлар 17-асрда қурилган Қозон ибодатхонасини эҳтимолий шартдан кўздан кечириб, у ерда бирор шубҳали предмет аниқланмаганини эълон қилди.

Журналистлар полициячилар томонидан олиб кетилган шахснинг 1974 йилда Гвинеяда туғилган Мамаду Ҳассимау Барри экани, 2010 йилда Россияда қочқинлик мақомини олган бу йигитнинг москвалик Екатерина Барри исмли аёлга уйланганини аниқлашди.

Мамаду Ҳассимаунинг рафиқаси Екатерина Барри эрининг бу акциясини охирги пайтларда иши юришмаётгани сабабли оғир руҳий тушкунликка тушиб қолгани билан изоҳлади:

- У Россияга 2009 йилда келган. Ҳозирги кунга қадар бизга ҳужжат беришмаяпти. Аслида у жуда яхши одам. У мусулмон бўлишига қарамасдан барча православ байрамларда мен билан ҳатто черковга бориб турарди. Менинг динимга жуда ҳурмат билан қарарди, деди Екатерина Барри LifeNews интернет нашрига.

Москва шаҳар 4-психиатрия шифохонаси мутахассислари Мамаду Ҳассимауга шизофрениянинг оғир формаси ташхисини қўйишди.

Айни пайтда, Россия оммавий ахборот воситаларида “Қизил майдондаги черков устида “Оллоҳу Акбар!”, деб қичқирган” шахснинг видеоси қизғин баҳсларни келтириб чиқарди. Бу воқеанинг православ насронийлар кенг нишонлайдиган Рождество байрами арафасида содир бўлгани миллатчи нашрларнинг уни “мусулмонларнинг диний провокацияси” дея баҳолашига асос бўлди.

“Комсомольская правда” нашри мухбири Александр Бойко “мамлакатимиз асосий майдонида Янги Йил лезгинкалари янграши ортидан келиб чиққан шов-шув тинмасдан, оламнинг энг тинчликсевар дини вакиллари қизғин конфессиялараро "дўстлик алангаси"га янгиттан ўтин қалади”, деб ёзди. Бу мухбир “нима учун айримлар черков минбаридаги рақслари учун 2 йилга қамалса, бошқалар ибодатхонани ҳаром қилгани учун озодликка чиқариб юборилаяпти?” саволини кўтариб, бундай вазиятларда “христианларга хос кечиримлиликни” йиғиштириб қўйишни таклиф этди.

“Қизил майдондаги азон” Россия мусулмон жамоатчилиги томонидан ҳам қораланди. Россия Муфтийлар Кенгаши вакили Рушан Аббясов бу ҳақда расмий муносабат билдирар экан, номаълум кимса акцияси “хавфли провокация” сифатида баҳоланиши кераклигини айтди.

Бундан бир неча кун олдин 2014 йил кириб келишини нишонлашга йиғилган марказий осиёлик ва кавказликларнинг Кремль деворлари тагида рақсга тушаётгани тасвирланган видео ҳам бир неча кун ичида миллионлаб маротаба томоша қилинди ва қизғин баҳсларга сабаб бўлган роликка айланди.



Рус блогосфераси норозилигини нафақат Қизил майдондаги “лезгинка”, балки рақсга тушаётганлар атрофида бир неча бор “Оллоҳу Акбар!” деган овозлар янграгани ҳам келтириб чиқарди. Шу билан бирга, шарҳларда бу рақснинг “лезгинка” эмас, “Хоразм лазгиси” эканини тушунтиришга уринишларни ҳам кузатиш мумкин.

Айни пайтда, “кавказлик ва осиёликларнинг” Қизил майдонда “лезгинка”га рақсга тушиши рус миллатчиларини ҳаракатга келтирганига жавобан, бир гуруҳ жамоатчилик фаоллари Қизил майдонда Кавказ миллий рақсини ижро этди.

Ушбу акцияда қатнашган рус қизлари “лезгинка”ни қўллаб-қувватлаши ва "бу шунчаки рақс экани", "унга миллий тус берилмаслиги керак"лигини ёқлаб чиқди.

- Мамлакатимизнинг айрим фуқаролари улар билан ёнма-ён бошқа тилда сўзлашувчи миллат вакиллари яшаётганини унутиб қўйганидан нафратланаман! Шунчаки уларнинг рақслари бироз тезроқ. Мен, шунингдек, одамлар “ўзимизники ва бошқаларники”га ажратилишига қаршиман, деди “Руслар лезгинкага тарафдор!” акцияси иштирокчиси Марина Лексина.

XS
SM
MD
LG