Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:06

Россияда Қуръон нусхаси ёққан футбол фанатлари қидирилмоқда


Москва полицияси бир неча ёш йигит Қуръонни ёққани акс этган видео бўйича тергов бошлади. Youtube тармоғига 5 январь куни жойланган видеода рус тилида сўзлашаётган бир неча йигитнинг Қуръон саҳифаларини ёққани ва сўнггида жамоат транспортидаги ёш мусулмон муҳожир йигитни калтаклаб, динидан қайтишга мажбурлагани акс этган.


Пайшанба куни шаҳар Ички ишлар бошқармаси раҳбари Анатолий Якунин бу видеони ёзиб олган ва уни Интернетга жойлаштирган кимсалар шахсини аниқлаш учун тезкор гуруҳ ташкил қилишга кўрсатма берди.

Бир дақиқадан ошиқроқ давом этган видеода рус тилида сўзлашаётган, қўллари татуировкалар билан тўлиб-тошган йигитлар ним қоронғу пана жойда рус тилидаги Қуръон китоби саҳифаларини ёқаётгани акс этади.

Сўкинч сўзлар билан тўлиб-тошган мулоқотдан йигитларнинг жамоат жойида экани ва атрофдагидалар диққатидан қочишга урингани сезилади.

Қуръон номини муттасил равишда "Кайран" деб такрорлаганидан мусулмонлар учун муқаддам бўлган китоб ҳақида тасаввури нечоғли экани кўриниб турган йигитлардан бири саҳифалар ёқилганини аниқроқ кўрсатишга уринади.

Сўнгра эса тасмада жамоат транспортида экани кўриниб турган ёш муҳожир йигит пайдо бўлади. Қаттиқ калтаклангани юзидаги жароҳат изларидан кўриниб турган муҳожир йигитдан динидан қайтиш ва буни очиқ овозда айтиш талаб қилинади. Видеода бошига еган калтак зарбидан бироз ҳуши учган йигит овоз чиқариб, динидан қайтганини айтгани акс эттирилади.

Сўнгра эса бу ҳаракатни қилаётганлар кимлар эканига белги берувчи кадрлар кўринади. Юзларига ниқоб торган славян кўринишдаги ёш йигитлар гуруҳи террорчи ва муҳожирларга қарши шиорларни қўшиққа солиб куйлайди.

Бундай кадрлардан бирида қўлида ЦСКА - Москва профессионал футбол клуби байроғини тутиб олган фанат ҳам кўринади. Видеога ҳам "ЦСКА фанатлари Қуръонни ёқишди" деб ном берилган.

Айни дамда бу кимсалар изига тушган Москва полицияси Қуръонни таҳқирлаган ва меҳнат муҳожирини калтаклаб диндан қайтишга ундаган шахслар қўлга олинган тақдирда уларга қандай жазо берилиши ҳақида ҳали маълумот бергани йўқ.

Айни пайтда Интернет тармоғида Қуръоннинг ёқилаётгани акс этган кўплаб видеороликларни топиш мумкин. Айрим ижтимоий тармоқлар, хусусан "ВКонтакте" тармоғида Қуръонни ёқувчилар махсус гуруҳи ҳам ташкил қилинган.

Ислом дунёсида Қуръон китоби муқаддас саналади ва китобга қайсидир бир кўринишда зарар етказиш, уни ёқиш ва таҳқирлаш қаттиқ қораланади.

Қуръон таржималари бундан мустасно ҳисобланса-да¸ аксар ҳолларда таржималарга китобнинг оригинал матни ҳам киритилиши боис, Ислом дунёси бу муқаддас китобнинг таржималарига ҳам аслига бўлгани каби муносабатда бўлишни сўрашади.

Шу кунга қадар бу муқаддас китобни ёқиш ҳоллари АҚШ, Афғонистон ва бошқа давлатларда кузатилган ҳамда бундай ҳаракатлар, одатда, мусулмонларнинг кескин норозиликларига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG