Линклар

Васила Иноятова: “Ўғлимга уюштирилган ҳужум ортида милиция турибди!”


2014 йилнинг 8 январь куни соат 20 да пойтахт марказидаги Абдулла Қодирий истироҳат боғига ўтувчи ер ости йўлида “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятованинг 16 яшар ўғли, шарқ якка кураши бўйича мамлакат чемпиони Жавоҳир Иноятовга уч нафар номаълум шахс ҳужум қилди.

Бу ҳақда хабар қилган “Эзгулик” жамияти матбуот хизматига кўра, пичоқ билан ҳамла қилган номаълум шахслар ҳужумидан Жавоҳир Иноятов жиддий жароҳат олган.

Ҳозирда Республика Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам Марказида даволанаётган Жавоҳирнинг аҳволи қониқарли.

Тиббий экспертиза хулосасига кўра, қуролланган ҳужумдан ҳимояланган Жавоҳирнинг чап оёқ сон қисмига ўткир тиғли предмет билан чуқур жароҳат етказилган.

Жамиятнинг ёзишича, номаълум шахслар томонидан эҳтимолий талончилик мақсадида уюштирилган ҳужум аввалида безорилар жабрланувчининг телефон аппаратини тортиб олишни кўзлашган.

Ҳуқуқ фаоли Васила Иноятованинг иддаосича, Шайхонтоҳур ва Олмазор тумани ИИБ ходимлари ҳуқуқбузарларни қидириш ўрнига ишни пайсалга солишмоқда.

Иноятовага кўра, милиция ходимлари ишни кўриб чиқишни ўзаро сансалорлик қилишган ва айни пайтда шифохонада илк тиббий ёрдам олмаган болани Шайхонтоҳур туман ИИБ ходимлари зўрлик билан сўроққа тутишмоқда.

“Ўғлим Жавоҳирга нисбатан содир этилган мазкур ҳодиса ортида милиция органи турибди. Улар мендан таниқли ҳофиза Дилнура Қодиржонованинг сирли ўлими ҳақида ёзганим, опа-сингил Соатоваларга қўлланилган ноинсоний зўрлик воқеаларини ёритганим учун интиқом олмоқда. Айбдорларнинг ҳалигача топилмаётгани ҳам бунга исботдир”, деди Озодлик билан суҳбатда Васила Иноятова.
XS
SM
MD
LG