Линклар

logo-print
Таниқли ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева асос солган “Ўтюраклар клуби”га тегишли экани айтиладиган "Жараён" интернет нашри қамоқхонада қолаётган ўзбек журналисти Дилмурод Саййид амнистия туфайли озодликка чиқарилишидан умидини узгани ҳақида ёзди.

Нашр журналистнинг укаси Обид Саидовга таянган ҳолда, айни пайтда Қаршидаги колонияда сақланаётган Дилмурод Саййиднинг аҳволи яхши эмаслигини билдирган.

Дилмурод Саййид Навоийдаги қамоқхонада ётган пайтда укасига учрашув чоғида топширган видо хатида ““...ўтган умримдан хотиржамман. Буёғининг эса, ҳозирда деярли қизиғи йўқ! Мабодо шу жойларда қазоим етса, ўша гап, яъни овора бўлиб Тошкентга олиб кетманглар, Булунғурга – Барно ва Рухшонанинг ёнига қўйинглар!!!” деб ёзган", деб хабар беради "Жараён" нашри.

Дилмурод Саййиднинг 34 ёшли хотини Барно Жуманова ва унинг 6 яшар қизи Рухшона 2009 йили Тошкентдан журналист сақланаётган Навоийдаги қамоқхонага кетаётганида автоавария оқибатида ҳалок бўлган.

2009 йилда порахўрлик ва таъмагирликда айбланиб 12,5 йилга қамалган 52 ёшли Дилмурод Саййид ўзининг танқидий мақолалари, фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи лавҳалари билан танилган. У Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аъзоси бўлган.

Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Дилмурод Саййид соҳта айбловлар билан қамалгани ҳақида айтиб келадилар.
XS
SM
MD
LG