Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:31

Қашқадарёлик фолбин хуфёна уйланган хотинини бўғиб ўлдирди


Наманганда 10 га яқин ўқитувчига қалбаки ҳужжат учун жиноий иш очилди. Ўзбекистонда бир йилда икки марта уй сотган энди солиқ тўлайди. Овчилар камёб қушларга қирон келтирмоқда. Жорий ҳафта матбуот каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ўзбекистонда бир йилда икки марта уй сотган энди солиқ тўлайди”

2014 йил 1 январдан Ўзбекистонда бир йилда шахсий уй-жойини бир мартадан ортиқ сотиш тадбиркорликка тенглаштирилади ва бундан олинган даромад солиққа тортилади (“Оила даврасида”, 9 январь).

Бу ҳақда 2013 йил 25 декабрда қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилган. Янги тартибга кўра, товарларни реализация қилишдан тушган тушумларни яширганларга тушумларнинг 20 фоизи миқдорида жарима солинишга сабаб бўлади.

“Депутат репродуктив саломатлик бўйича камчиликларни бартараф этишга чақирди”

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Комил Очилов жойларда болалар ва ўсмирларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича камчиликларга эътибор қаратди (“Ўзбекистон овози”, 8 январь).

Депутатга кўра, жойларда болалар ва ўсмирларнинг гинекологик касалланиши бўйича умумий йўриқнома ва ҳужжатлар, шунингдек, касалланиш бўйича аниқ кўрсаткичлар мавжуд эмас. Бундай камчиликларни бартараф этиш учун соғлиқни сақлаш ташкилотлари масъулиятни кучайтириши, болалар ва ўсмирларнинг гинекологик ва бошқа касалланиш кўрсаткичларини аниқлаш методикасини яратиши лозим. Шунингдек, даволаш муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш зарур.

“Қашқадарёлик фолбин иккинчи хотини ҳаётига зомин бўлди”

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Чаппаариқ қишлоғилик фолбин хуфёна уйланган иккинчи хотини жонига қасд қилди (“Ҳуқуқ”, 9 январь).

Қотил фолбиннинг исми ошкор этилмаган. Чироқчи туман прокурори Одил Поёновнинг ёзишича, етти нафар фарзанднинг отаси бўлган фолбин олдига “эскича” ўқитиш учун келган боши очиқ жувон билан ими-жимида оила қурган.

Айтилишича, муллалик даъвосидаги фолбин ҳеч бир гувоҳсиз ўз-ўзига никоҳ ўқиган. Муайян вақт хуфя никоҳга қаноат қилиб келган иккинчи хотин фолбин эридан уй олиб беришини, муносабатларини одамларга маълум қилишни талаб этган.

Бундан ғазабланган фолбин эр иккинчи хотинини Ғузор тумани Пачкамар қишлоғидаги хилват жойга олиб бориб, бўғиб ўлдирган ва жасадни сойга ташлаб юборган. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди қотил фолбинни 15 йилга озодликдан маҳрум этган.

“Тошкент аэропортида йўловчиларга ҳақоратли муносабатда бўлишмоқда”

Тошкент халқаро аэропортида йўловчиларни соатлаб куттириш ва сарсон қилиш ҳолати давом этмоқда (“Новий век”, 9 январь).

Йўловчи Ҳалима Ашурованинг ёзишича, Таиланддан Тошкентга учиб келгач, аэропортда юкларни олиш ва божхона назоратидан ўтиш учун гўдаги билан 3 соатдан ошиқ сарсон бўлган.

Йўловчига кўра, мазкур ноқулайликларни хавфсизлик деган сабаб билан оқлаб бўлмайди. Бир пайтнинг ўзида бир неча самолёт келган пайтда юзага келаётган турнақатор тирбандликни бартараф этиш учун қўшимча назорат-текширув мосламалари ўрнатиш, шунингдек, ходимларнинг муомала маданиятини ошириш лозим.

“Тошкент халқаро аэропортидаги каби ноинсоний муносабат ва хўрликни дунёнинг бирор бир давлатида кўрмагандим. Рўй бераётган воқеалардан ўзини йўқотиб қўйган хорижлик сайёҳлар ҳақида эса гапирмасам ҳам бўлади!” деб ёзади Ҳ.Ашурова.

“Наманганда 10 га яқин ўқитувчига қалбаки ҳужжат учун жиноий иш очилди”

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги мактабларда ишлаётган 7 нафар ўқитувчига ҳужжатларни Жиноят кодексининг 228-моддасига кўра қалбакилаштириш айби билан иш қўзғатилди (“Диёнат”, 9 январь).

Маълум бўлишича, хорижий давлатлар олий ўқув юртлари берган дипломлар нострификацияланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази номидан қалбаки гувоҳномалар тайёрланган. Ўқитувчилар қалбаки гувоҳномаларни Тошкент ва Ўш шаҳридан сотиб олганларини маълум қилганлар.

Газетада қалбаки гувоҳнома туфайли иш очилган етти нафар ўқитувчининг исм-шарифи тўлиқ келтирилган.

“Овчилар камёб қушларга қирон келтирмоқда”

Ўзбекистондаги бир қатор ноёб қушлар муҳофазага муҳтож. Бунга эса қонунга хилоф равишда ов қилиш, дарахтларни кесиш сабаб бўлмоқда (“Ҳуррият”, 8 январь).

Масалан, зарғалдоқ булбул, ёпиқ уя солувчи читтак, қизилиштон, жаннат қуши, ваҳмақуш каби қушларнинг миқдори сезиларли камайган. Бундан ташқари, каклик, бедана, кўкқарғаларга ҳам овчилар қирон келтирмоқда.

“Республикамизда кўпгина майда ҳайвонлар қаторида паррандалар ҳам кимёвий моддаларнинг меъёрдан ортиқча ишлатилиши натижасида камайиб кетаётгани сир эмас. Айниқса, қўриқ ва бўз ерларнинг бетартиб ўзлаштирилиши оқибатида бир қанча ҳайвонларнинг яшаш шароити ўзгарди” деб ёзади газета.

“Фуқаролар қиш кунлари авж оладиган тумовдан огоҳлантирилди”

Қишнинг совуқ кунларида тумов хасталиги кенг тарқалади. Шу муносабат билан доришунос олим Манна Набиев фуқароларни тумовни енгил касаллик деб эътиборсиз бўлмасликка чақирди (“Тошкент оқшоми”, 8 январь).

Халқ орасида юқори нафас йўлларининг шамоллаши, ангина, ларингит, фарингит, бронхит, зотилжам, грипп каби хасталиклар умумий тарзда тумов деб аталади.
Шу боис ҳам тумовни енгил касаллик деб бўлмайди.

“Тумов, грипп ва умуман, шамоллаш билан боғлиқ хасталикларга илашмаслик учун киши ўзини чиниқтириб юриши, намгарчилик ва аёзли кунларда оёқ ҳамда бошни иссиқ тутишига тўғри келади. Бадантарбия билан шуғулланиб, ҳаммом қабул қилиш кўп жиҳатдан тумовга нисбатан раддияловчи омил бўлиб хизмат қилади” дейди мутахассис.

“Тошкентлик опа сурхондарёлик синглисига квартира совға қилолмайди”

Тошкентлик опа доимий пропискаси Сурхондарё вилоятида бўлган синглисига ўз квартирасини совға қилолмайди (“Адолат кўзгуси”, 9 январь).

Фуқаронинг шу мазмундаги саволига жавоб берган ҳуқуқшунос И.Алимовга кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган уй, квартира бўйича олди-cотди, айирбошлаш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя шартномалари олувчи томон Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлган ҳолатлардагина амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамаси 2012 йил 16 февралда тасдиқлаган 41-сонли низом ана шуни назарда тутади.
XS
SM
MD
LG