Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:39

Ўзбек муҳожири ўз шерикларини ўлдирганликда айбланмоқда


Россиянинг Тула шаҳрида икки нафар ҳамюртини уриб ўлдирганликда гумонланаётган 35 ёшли Ўзбекистон фуқаросига айблов эълон қилинди. Янги йил байрамини нишонлаб, маст ҳолатда бўлган ўзбек мардикорлари ўртасида жанжал келиб чиққани айтилмоқда.



Жорий йил 2 январь куни маҳаллий полиция бўлимига Тула шаҳрининг Пролетар туманидаги уйлардан бирида тан жароҳатларидан ҳалок бўлган икки шахс мурдаси аниқлангани тўғрисидаги хабар келиб тушди.

Баженова кўчасидаги ҳодиса жойига етиб келган оператив ходимлар квартирада икки нафар Ўзбекистон фуқароси жасадини аниқлади, дейди Озодликка Тула вилояти бўйича Россия Тергов қўмитаси Тергов бошқармаси раҳбари муовини Татьяна Гризлова.

- Бу жиноятни содир этганликда айбланиб, 35 ёшли Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳибсга олинди. Тула вилояти бўйича Тергов бошқармаси икки кишининг ўлдирилиши юзасидан 3 январь куни Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича жиноий иш очди,- деди Татьяна Гризлова.

Терговнинг дастлабки натижаларига кўра, исмлари ҳозирча сир тутилаётган уч нафар ўзбекистонлик Янги йил байрамини нишонлашни 1 январдан 2 январга ўтар кечаси ҳам давом эттирган. Ўта маст ҳолатда бўлган муҳожирлар ўртасида ҳозирча номаълум сабабларга кўра жанжал келиб чиққан.

Тергов тахминларига кўра, ичувчилардан 35 ёшлиси қолган иккитасини оёқ ва қўллари билан калтаклашга тушган. Олинган жароҳатлардан иккала жабрдийда ҳодиса жойида жон берган. Тергов қўмитасида бу шахслар бир жойдан келгани ва маҳаллий қурилишдардан бирида ишлаб келгани ва ҳодисага оид қолган тафсилотлар ҳозирча тергов сири бўлиб қолаётганини маълум қилишди.

Қотилликда гумонланаётган 35 ёшли ўзбекистонлик суд қарори билан ҳибсда қолмоқда. Тергов ишлари давом этмоқда.

Тула вилоят Тергов қўмитаси вакили 2009 йилнинг июл оийда Тула шаҳрининг Горелский кўчасида иккита Ўзбекистон фуқароси пичоқлашиши оқибатида маҳаллий шифохонада 42 ёшли Баҳодир Жўрақулов жон берганини эслатди.

Бу жиноятни содир этганликда айланиб, қўлга олинган 42 ёшли Холмамат Назаров Баҳодир Жўрақулов олдига қарзини сўраб келгани, лекин ундан ҳақорат эшитгач жаҳл устида уни пичоқлаб қўйганини айтган.

Тула шаҳар суди қарори билан Холмамат Назаров 9 йиллик жазони ўташ учун қаттиқ режимдаги колонияга жўнатилган.
XS
SM
MD
LG