Линклар

logo-print

Ўзбекларнинг чемпионларни гендан қидириш режаси "бесамар уриниш" деб баҳоланмоқда


Ўзбекистонлик олимнинг айтишича, чемпионларни аниқлашда генетикани қўллаш 2015 йилда амалга тадбиқ қилинади.

Ўзбекистонлик олимнинг айтишича, чемпионларни аниқлашда генетикани қўллаш 2015 йилда амалга тадбиқ қилинади.

Ўзбекистонлик олимлар яқин келажакда болалар орасида бўлғуси олимпия чемпионларни аниқлаш мақсадида генетик текширувларни амалга тадбиқ қилишни режалаштираётгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди. Бу лойиҳага раҳбарлик қилаётган генетик олим Озодликка берган интервьюсида генетика ёрдамида чемпионларни аниқлаш 2015 йилда йўлга қўйилишини билдирди. Лекин бу ғоя шунчалик зўрми? Фан ёрдамида чемпионларни аниқлаш мумкинми? Озодлик бу саволларни халқаро мутахассисларга берди.



Генетик текширувлар ёрдамида бўлажак рекордсмену чемпионларни аниқлаш ғояси олимлар орасида кўп йиллардан бери баҳс қилинади. Ўзбекистонлик олимлар бу ғояни амалга кўчириб, 10 ёшли болалар орасида потенциал чемпионларни аниқлашга киришмқочи кўринади.

Ўзбекистон Биоорганик химия тадқиқот институтининг геномика лабораторияси раҳбари Рустам Муҳамедов “молекуляр генетик даражада иқтидорли спортчиларни аниқлаш” дастури устида бир неча йилдан бери иш олиб борилаётганини Озодликка гапириб берди.

6 январ куни Озодлик билан суҳбатда профессор Муҳамедов Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан бошқарилаётган дастур 2015 йилда Миллий Олимпия қўмитаси ва мамлакат спорт федерациялари билан ҳамкорликда “амалга тадбиқ қилинади”, дея билдирди.

Муҳамедовнинг айтишича, мазкур дастур устида ишлаётган олимлар икки йил аввал ўзбек чемпионлари генларини тадқиқ қила бошлаган. Яна тахминан бир йил ичида олимлар гуруҳи бўлғуси чемпионларни аниқлаб бера оладиган 50та ген ҳақидаги ҳисоботни тақдим этади, дея иддао қилди Муҳамедов.

Амалда, дея таъкидлайди олим, бола қонидаги 50та ген таҳлил қилингач, “ота-онасига фарзандларининг, масалан, узоқ масофага югуриш ёки оғир атлетика спортига мойил эканини айтиб бериш мумкин” бўлади.

Муҳамедовнинг бу гаплари рост бўлса, Ўзбекистон Олимпия қўмитаси болалар спортида генетик текширувларни қўллаш дастурига алоқадор илк миллий қўмитага айланганини англатади.

Генетик текширувлар йиллар давомида қизғин мунозараларга сабаб бўлиб келади. Уни ёқловчилар генетика спорт илми соҳасида янги кашфиётларга олиб келиши мумкинлигини айтади. Қарши чиқувчилар генетик таҳлил ҳуқуқий, маънавий ва этик жиҳатлар билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқаришини айтади.

Лекин эритропротеин воситаси ёрдамида амалга ошириладиган генетик терапиядан фарқли ўлароқ, потенциал спортчиларни генетик жиҳатдан текшириш Халқаро Олимпия қўмитаси ёки бошқа спорт федерациялари томонидан тақиқланмаган.

Айни пайтда, спортчиларнинг допинг қўлламасалигини назорат қиладиган Жаҳон Допингга қарши кураш агентлиги спортчилар имкониятларини баҳолаш мақсадида генетик текширувларни ўтказмасликни қаттиқ тавсия қилади.

Спорт илми бўийча етакчи журналист ва “Спорт генлари” номли машҳур китоб муаллифи Дэвид Эпстайн генлар спортда ютуқларга эришишда муҳим роль ўйнашини эътироф этади. Лекин, мутахассис Муҳамедов етакчилигидаги ўзбек олимларининг генетик текширув бўлғуси чемпионаларни аниқлаб бера олишига оид иддаоларини шубҳа остига олади.

- Бу даврда генетик даражадаги текширувларни ўтказиш маънисиздир. Улар одамнинг физиологиясини ўрганишга уринмоқда. Кимнингдир физиологиясини ўрганмоқчи бўлсангиз, унинг физиологиясини текшириш керак, генларини эмас. Аксар генлар нима учун жавоб беришини биз ҳали билмаймиз. Улар айтмоқчи, саноқли генлар ёрдамида хулоса қиладиган бўлсангиз, бу ҳудди минглаб бўлакчалардан иборат мозаикада нима чизилганини битта ёки иккита бўлакча билан аниқлашга урингандай бир гапдир. Мозаиканинг қолган юзлаб, балки ҳатто минглаб бўлакчалари қандай эканини тасаввур ҳам қила олмайсиз.

Бу даврда генетик даражадаги текширувларни ўтказиш маънисиздир. Аксар генлар нима учун жавоб беришини биз ҳали билмаймиз...
Эпстайн бундан аввал болаларнинг атлетик қобилиятини аниқлаш учун генетик текширув ўтказилгани ҳақида эшитмаганини айтади.

- Баъзи мамлакатларда катталар орасида генетик текширувлар ўтказиш устида иш олиб борилаётгани ҳақида эшитганман. Автралиядаги регби командаларидан бирининг ўйинчиларини тез югуриш ва сакраш қобилиятларини аниқлаш учун, тез қисқарадиган мушакларда топиладиган протеинга доир ACTN3 номли генни текширишган эди. Сизда бу геннинг, таъбир жоиз бўлса, “тўғри кўриниши” бўлмаса Олимпиадада 100 метрга югуриш бўйича чемпион бўла олмайсиз. Бу факт. Лекин бу иқтидорли спортчини олдиндан аниқлаб беришнинг жуда чекланган имконини беради холос. Бу чекланган имконни ҳам Ер куррасидаги 7 милллиард одамдан биттасига қўллаш мумкин. Бу эса прогнозингиз тўғри эканига жиддий шубҳа туғдиради. Секундомер ёрдамида спортчининг натижаларини текширсангиз тўғрироқ прогноз бериш эҳтимоли кўпроқ бўлади. Шу сабабдан австралияликлар бу ғоядан воз кечган, чунки бу текширув тадқиқот нуқтаи назаридан қизиқарли бўлганига қарамасдан, спортчиларни танлаш учун умуман самарасиз бўлган. Аксар спорт уюшмалари бу каби усулни ёш болаларда синаш ақлга сиғмаслигини тушунган.

Ҳуқуқшунослар генетик текширув одамнинг табиий генетик кодига таъсир қилиши эҳтимолини пайдо қилса, ҳуқуқий муаммолар юзага келиши мумкин дейди.

Қўшма Штатлар каби мамлакатларда, масалан, иш берувчиларнинг ишчилардан генетик анализ топширларини талаб қилиши тақиқланган.

Стокҳолм Университетининг философия профессори, генетик илмнинг этик жиҳатлари бўйича мутахассис Тобйорн Таннсйо ўзбекистонлик олимларнинг генетик текширувни жорий қилиш ниятларида маънавий муаммоларни кўрмаслигини айтади.

- Менимча, бу генетик технологиянинг спорт мақсадларида ишлатилишининг энг зарарсиз кўринишидир. Албатта буни қўллаш ҳақида гапирганда, кейинги қадамлар ҳақида ҳам ўйлашимизга тўғри келади. Масалан, генетик аралашувга қўл уришимиз, мусобақалар учун қаҳрамонларни генетик жиҳатдан тайёрлаш масаласи кўтарилиши мумкин. Бу ҳолатлар спорт этикаси ва инсоннинг жисмоний ўсишига доир ўта ташвишли саволларни туғдиради.

Таннсйонинг башорат қилишича, касалликларни даволаш ва инсонннинг “табиий имкониятларини” кенгайтиришда генетик модификациянинг қўлланиш кўлами кенгайган сари Жаҳон допингга қарши кураш агентлиги каби ташкилотлар генетик допингга қўйилган тақиқни бекор қилишга мажбур бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG