Линклар

Покистоннинг Пешовар шаҳрида истиқомат қиладиган 18 ёшли Аитзаз Ҳасан юздан ортиқ бола ўқийдиган мактабга кириб ўзини портлатмоқчи бўлган худкуш кимсани ўз ҳаёти ҳисобига тўхтатиб қолди. Портлашдан оғир жароҳат олган Аитзаз касалхонада жон берди.

Покистоннинг Ҳайбар Пахтунхва вилояти полицияси мактабда террорчилик амалиётини амалга оширмоқчи бўлган худкушни ўз жони ҳисобига тўхтатиб қолгани учун уни давлат олий мукофотига тавсия қилди.

Хабарларга кўра, 6 январь куни Аитзаз Ҳасан Покистоннинг шимолий-ғарбида жойлашган ноором Ҳайбар Пахтунхва вилоятидаги мактабга худкуш террорчи ҳужум қилмоқчи бўлганида унинг йўлини тўсиб қолган.

Худкуш ўзини Хенгу туманидаги мактаб дарвозаси олдида портлатиб юборганидан сўнг, Аитзаз оғир жароҳат олди ва касалхонада жон берди.

Асосан шиа мусулмонлар истиқомат қиладиган ҳудудда амалга оширилган бу террорчилик ҳаракатини Лашкар-и-Жангви деб аталадиган сунний мусулмонлар гуруҳи ўз зиммасига олган.

Лашкари-и-Жангви Покистонда озчиликни ташкил этадиган шиаларни ўлимга маҳкум этилган ислом шаккоклари деб ҳисоблайди.

Ҳайбар Пахтунхва полицияси бошлиғи Назир Хон Дурранининг айтишича, Аитзаз “ўз мардлиги ва қаҳрамонлиги билан юзлаб гуноҳсиз ўқувчилар жонини сақлаб қолди”.

Покистон нашрларининг хабарига кўра, Аитзаз мактабга кечроқ келгани боис худкушни мактаб ташқарисида кўриб қолиб, унинг ичкарига киришига имкон бермаган. Бу пайтда юзлаб ўқувчилар мактаб ичкарисида бўлган.

Аитзазнинг отаси Мужоҳид Али Бенгешнинг айтишича, ўз мамлакати учун жон таслим қилган ўғлининг ўлимидан у ғам эмас, ғурур туймоқда.

Аитзазнинг отаси Бирлашган Араб Амирликларида яшаб, ишлаган. У бу ҳақдаги хабарни эшитганидан сўнг Покистонга қайтган. Хабарларга кўра, ота ўғлининг жанозасига етиб келган.

Аитзазнинг катта акаси Мажтаб Ҳасаннинг Озодлик радиоси покистон хизматига айтишича, унинг укаси онасини “вой болам” деб аза тутишга мажбур қилган бўлсада, лекин юзлаб оналарни “бундай аламли ҳайқириқлардан” сақлаб қолган:

- Биз укамнинг бундай қилганидан хафа эмасмиз. Тўғри, уйимизда мотам. Лекин ҳар сафар кўчага чиққанимизда одамлар укамнинг бу қаҳрамонлиги учун бизга раҳматлар айтишади. Ҳамқишлоқларимиз бизни қўллаб-қувватлаб тургани учун биз улардан миннатдормиз, деди Мажтаб Ҳасан.

Унинг айтишича, Аитзаз илгари ҳам худкуш кимсаларни тўхтатиб қолиш иштиёқи борлиги ҳақида гапирган эди:

- У 18 ёшда эди. У аввал ҳам ўртоқлари билан худкушларни қандай қилиб тўхтатиб қолишни кўп бора муҳокама қилганлар. Унинг орзуси амалга ошди. Террорчи худкуш мактабни портлатиш мақсадида келган эди. Лекин укам ўз жонини Покистон ва унинг одамлари учун қурбон қилди, деди Мажтаб Ҳасан.

Аитзазнинг ўқитувчиси Ҳабиб Алининг Озодлик радиоси покистон хизматига айтишича, агар Аитзаз уни тўхтатиб қолмаганида қурбонлар сони жуда кўп бўларди:

- Худкуш кимса ўз баданига 9-10 килограмм атрофида портловчи моддаларни ёпиштириб олган экан. Агар у мактабга киришга муваффақ бўлганида эди, камида 100 га яқин болалар нобуд ёки жароҳат олган бўлар эди. Болалар эрталабки йиғилишга тўпланганларида террорчи мактабга киришни режалаган, деди Ҳабиб Али.

2012 йилнинг ўтган йилнинг октябр ойида толиблар ҳужумига учраган покистонлик 15 яшар қиз Малала Юсуфзай ҳам Покистоннинг давлат мукофоти ва Европа Парламентининг Сахаров номидаги 2013 йилги мукофоти билан тақдирланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG