Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:30

Бухоро вилоят суди судьяси порахўрликда айбланмоқда



Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди судьяси Дилфуза Ризаева Ўзбекистон Республикаси Миллий хафсизлик хизматининг Бухоро вилоят бошқармаси тезкор ходимлари томонидан 2013 йилнинг 28 декабрь куни ҳибсга олингани 10 январда маълум бўлди.

Бу ҳақда "Озодлик"ка хабар қилган Бухородаги ишончли манбага кўра, судья судланувчиларни пора эвазига озод қилганликда айбланмоқда
.

Судья Дилфуза Ризаевага нисбатан Бухоро вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 28/210-моддасининг 3-қисми (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Бухородаги “Озодлик” манбасига кўра, 41 яшар Дилфуза Ризаева "гўёки диний ақидапарастликда айбланган шахсларни суд залидан озодликка чиқарган".

Судья Ризаева чиқарган ҳукмни давлат айбловчисининг протестига биноан кўриб чиққан юқори инстанция суди озодликка чиқарилган икки нафар фуқарони қайтадан қамоққа олган.

“Дилфуза Ризаевани МХХ ходимлари ҳозирда жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг кўрсатмасига таяниб ҳибсга олинган. Судья дастлаб жазодан озод қилган шахслар ариза ёзиб, ўзларининг қуйи инстанция судида судьяга пора берганини иддао қилишган. МХХ эса ана шу ариза асосида Ризаевани қамоққа олди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари бормоқда”, деди манба.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг навбатчи ходими Ризаеванинг "шахсий сабабларга кўра ишга келмаётгани"ни таъкидлади. Айни пайтда у судьянинг жавобгарликка тортилиши факти бўйича изоҳ беришни истамади.

Бухоролик судья пора олганликда гумон қилиниб кейинги кунларда қўлга олинган иккинчи ўзбекистонлик судьядир.

Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарë вилояти Қарши туманлараро судининг собиқ судяси 34 яшар Фахриддин Жуманазаров Ўзбекистон жиноят кодексининг 210-моддаси 2-банди, яъни катта миқдорда пора олишда айбланиб қўлга олингани тўғрисида Озодлик куни кеча хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG