Линклар

Ўзбекистон ҳукумати яширин равишда тайёрлаб, жорий йилнинг 10 январидан амалга татбиқ қилган нефть маҳсулотлари нархининг кескин оширилиши натижасида барча товар ва маҳсулотлар нархи автоматик тарзда кўкка ўрлаши аниқ. Бунинг учун фол очишнинг асло ҳожати йўқ.

Инфляциянинг осмонга сапчиши табиий. Ўзбекистондаги деярли барча чегаралардан ошиб ўтган нархлар билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратадиган бўлсак, барчаси тушунарли бўлади.

Топганини учма-уч етказаётган, еб-ичиш ва бир тийинга қиммат Хитой лаш-луши учун тийинлаб сарфлаётган аҳолининг аксари эндиликда рўзғор ҳаражатларини янада тежашига тўғри келади.

Моҳиятан Ўзбекистон - ҳукумат қандайдир иқтисодий ютуқлардан бонг урсада, аслида постсовет ҳудудидаги энг қашшоқ давлатлардан бири сифатида қолаётир.

Мамлакатнинг ишга қобилиятли бўлган қарийб ҳар учинчи эркаги Россия ёки Қозоғистонда ишлаётганининг ўзи бунга яққол мисол.

Ўзбекистондаги нафақат бошқа миллат вакиллари балки ўзбеклар орасида ҳам мамлакатдан бутунлай кетиш истагида бўлганлар сонининг ошиши борасидаги маълумотлар эса вазиятга ойдинлик киритади.

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи бўйича кўрсаткич Россия ёки Қозоғистонга нисбатан жуда паст, лекин нарх-наво анча баланд.

Одамлар буни кўраяпти, бу ҳақда билишади, уларда таққослаш имкони бор.

Яқин хориж давлатларидан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар аҳолининг шу даражада кун кечиришини мўъжиза деб ҳисоблайди.

Таназзулга юз тутаётган иқтисод, Ватан ва халқ учун эмас, ўз чўнтагини ўйлаб ишлаётган ҳукумат – бугун бу кўзга кўриниб турган ҳаётий ҳақиқатдир.

Ҳар ҳолда яқин истиқболда ёруғлик кўринмаслиги ҳақиқатга айланаяпти.

Булар кетади, уларнинг ўрнига фарзандлари келади, улар ҳам "Менга деса, мендан кейин дунёни сув боссин" принципида мамлакатни хароб қилади.

Барибир улар уюштирган сув тошқини кўзга кўринган Женева кўли, Франциянинг Лазур соҳиллари, Атлантика уммони, Рига денгиз бўйларигача етиб бормайди.

Халққа нима? Индамаяпти-ку ва бундан кейин ҳам сукут сақлайди.

Сергей Ежков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG