Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:26

Қирғиз-тожик чегарасидаги отишма бўйича томонлар бир-бирига айб тўнкамоқда


11 январ куни тожик-қирғиз чегарасида содир бўлган отишма юзасидан икки мамлакат расмийлари қарши тарафни айблаган баёнотлар тарқатди. Айни пайтда ҳар иккала тараф ҳам чегарадаги вазиятни изга солиш учун музокара олиб борилаётганини таъкидлаган.


Қирғизистон бош вазири Жантўрў Сатибалдиев мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига қирғиз-тожик чегарасидаги отишма бўйича норозилик нотаси тайёрлаш топшириғини берган ва бу нота яқин орада Тожикистон томонига топширилади. Бу ҳақда қирғиз матбуотига бош вазир матбуот котиби Мелис Эржигитов билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 11 январь куни Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош Боткен вилоятидаги Оқсой қишлоғининг Оқсой-Тамдиқ-Кўктош автомобил йўли қурилиши кетаётган ҳудудида содир бўлган отишма чоғида, сўнгги маълумотларга кўра, ҳар икки тарафдан ўн чоғли одам яраланган. Отишма чиқишига икки тараф чегарачилари ўртасида чиққан даҳанаки жанг сабаб бўлгани айтилмоқда.

Қирғизистон чегара хизмати иддаосига кўра, чегарадаги можаро пайтида биринчи бўлиб Тожикистон чегарачилари ўқотар қурол қўллаганлар, дастлабки ўқни Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари махсус топшириқлар бажарувчи бўлинмаси штаб бошлиғи отган.

Шунингдек, қирғиз нашрларида 11 январдаги отишма чоғида тожик чегарачилари томонидан гранатомёт ва миномётлар қўлланилгани ҳақида ҳам хабарлар берилди.

Қирғизистон чегара хизматининг кеча тарқатилган баёнотида Тожикистон томонидан қирғиз ҳарбийларига қарши ўқотар қурол қўлланилиши юзасидан изоҳ сўралган.

Қирғизистон чегара хизмати Оқсойдаги нохуш ҳодиса юзасидан биргаликда текширув ўтказишни талаб қилган.

Қирғиз чегарачилари даъвосича, тожик чегарачиларининг бу каби провокацион хатти-ҳаракатлари аввал эришилган битимларни бузиш бўлиб ҳисобланади.

“Давлат чегарасидаги вазиятни барқарорлаштириш, юзага келган зиддиятни ҳал қилиш ва бу каби нохуш воқеаларга бундан буён йўл бермаслик мақсадида Қирғизистон томони барча масалаларни музокара столи атрофида ечишга тайёр”, дейилади Қирғизистон Чегара хизмати баёнотида.

Кеча оқшом Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам чегарадаги инцидент юзасидан баёнот тарқатди.

Унда: “Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия ишида шу йилнинг 7 январида “Кўктош-Оқсой-Тамдиқ” автойўли қурилиши бўйича ишларни тўхтатиб туриш ҳақида эришилган келишувларга қарамасдан, 2014 йилнинг 11 январида маҳаллий вақт билан соат 12:20 ларда қуролланган ҳарбийлар ҳимояси остида Қирғизистон томонидан бир қисми Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи мазкур автойўлда қурилиш ишларини давом эттиришга уринилган”, дейилади.

Тожик дипломатлари иддаосича, давлат чегараси бузилганини кўрган Тожикистон Республикаси чегара наряди чегарабузарлардан қурилиш ишлари тўхтатишни талаб қилган. “Тожикистон томони талабига жавобан 20 нафар ҳарбийдан иборат Қирғизистон чегара наряди аввалига Тожикистон чегара наряди вакилларини уятли сўзлар билан ҳақорат қилган, кейин эса огоҳлантирмай, шиддат билан ўқ ёғдира бошлаган, бунинг натижасида Тожикистон Республикаси чегара қўшинларининг икки ҳарбийси яраланган ва айни пайтда улар касалхонадалар. Ўз ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида тожик чегарачилари жавоб ўтини очишга мажбур бўлганлар”, дейилади Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Тожикистонлик дипломатлар чегарада юзага келган вазият юзасидан қаттиқ ташвиш билдириб, куч намойиш қилиш ва қўллаш долзарб муаммоларни ҳал қилиши йўли бўлиб ҳисобланмаслигини қайд этганлар.

“Биз Қирғизистон томонининг бу хатти-ҳаракатлари икки давлат ва халқларнинг асрлар давомида жорий бўлган биродарлик ва яхши қўшничилик ришталарига путур етказади, деб ҳисоблаймиз”, дейилади Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Бунга жавобан Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистонга иккита норозилик нотасини юборган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Асқар Бешимовга кўра, вазирлик Тожикистон томони аввалдан миномёт ва снайпер милтиғини тайёрлаб қўйган, деган қарорга келган ва Душанбега норозилик нотасини юборган. Иккинчи нотада эса қирғиз дипломатлари халқаро хавфсизлик ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чегарадаги воқеа текшируви якунига етгунча чегара номаълум муддатга ёпилишини маълум қилганлар.

Маълумотларга кўра, шанба кунги нохуш ҳодисадан кейин Тожикистон бош вазир ўринбосари Муродали Алимардонов ва Қирғизистон бош вазир ўринбосари Тўқўн Мамитов чегарадаги зиддият масаласини муҳокама қилганлар. Сўзлашув чоғида томонлар зиддиятни биргаликда текширишга келишиб олганлар. Шу мақсадда зиддият содир бўлган жойга икки мамлакат чегара қўшинлари штаб бошлиқлари, Тожикистон ва Қирғизистон Ички ишлар вазирларининг ўринбосарлари юборилган.

Айни пайтда чегарадаги вазиятни барқарорлаштириш учун Тожикистон ва Қирғизистон мудофаа вазирлари ҳам Сўғд вилояти ҳудудида музокара ўтказишлари айтилмоқда.

Икки давлат расмийлари баёнотларидан келиб чиқилса, ҳозир отишма содир бўлган ҳудудда вазият осойишта.
XS
SM
MD
LG