Линклар

logo-print

Украина мухолифати етакчиларидан бири, машҳур боксчи, "Удар" ҳаракатининг лидери Виталий Кличко Европа Иттифоқи раҳбариятини президент Виктор Янукович ҳукуматига нисбатан санкция қўллашга чақирди.


Кличконинг бу баёноти Киевда хавфсизлик кучлари намойишчиларни калтаклагани билан боғлиқ сўнгги ҳодиса ортидан янгради.

- Бир неча кун аввал Германияда Европа парламенти депутатлари ва сиёсатчилар билан учрашиб қайтдим. Ўтган тунда рўй берган ҳодисалардан олдин бўлган эди бу учрашув. Ўшанда европалик сиёсатчилар Украина ҳукумати энди намойишчиларга қарши бошқа куч қўлламас, деб умид билдиришган эди. Янукович режими ҳеч нарсадан тап тортмаслигини улар энди кўриб туришибди. Шунинг учун санкция қўллаш масаласи ҳозир долзарбдир ва европалик сиёсатчиларни бу масалани кўриб чиқишга чақираман, - деди Кличко.

Жума куни Киевнинг Святошинск туман полиция бўлими олдида “Беркут” махсус бўлинмаси ходимлари намойишчиларга қарши куч қўллаган эди.

Калтакланиш оқибатида ўндан зиёд фаол, жумладан, Украина собиқ ички ишлар вазири, ҳозирда Учинчи Украина Республикаси мухолифат ҳаракатига етакчилик қилувчи Юрий Луценко қаттиқ жароҳат олганди.

Украиналик фаоллар Борисполда 2011 йили Ленин ҳайкалини портлатмоқчи бўлганликда айбланган уч фуқаронинг устидан чиқариладиган ҳукмни кутиб йиғилишганида, улар полиция билан тўқнаш келди.

Суд айбланувчиларга олти йиллик қамоқ жазоси тайинлаганидан сўнг, тартибсизликлар бошланиб кетди.

Намойишчилар "Беркут" ходимларига тош улоқтирган. Бунга жавобан "Беркут"чилар намойишчиларни калтаклай кетган.

- Ҳукуматнинг қатағонларни тўхтатиш нияти йўқлигини кўриб турибмиз. Ҳуқуқлари учун курашаётган одамларни улар қамаб, олти йилга ҳукм қилишгача бораяпти, - деган намойиш қатнашчиларидан бири Дмитрий Булатов.

Юрий Луценконинг рафиқаси Иринанинг Озодликка айтишича, "Беркут" ходимлари унинг эрини бошига дубинка билан уришган.

- Докторлар бошидан ёпиқ жароҳат олганини айтишмоқда. Юзининг тепа қисми йиртилиб, ўша ердан қон оққан. Бош суяги шикастланмаган. Ҳозир ўзига келаяпти. Турмуш ўртоғим одамларни беркутчилардан ўч олмасликка чақирмоқда. Чунки Беркут фақат буйруққа бўйсунади, - дейди Ирина Луценко.

Ҳозирда Киев прокуратураси Украина собиқ ички ишлар вазири Юрий Луценко ва бошқаларнинг калтакланиши юзасидан жиноий иш очган.

Ҳозирга қадар Киевда мухолифат фаолларининг калтакланиши юзасидан украин расмийлари баёнот бермади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG