Линклар

Обама Эрон ядровий дастури бўйича шартнома бажарила бошлаганини олқишлади


АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама Эрон ядровий дастури бўйича шартнома бажарила бошлаганини олқишлади. Бу ҳақда якшанба куни Оқ уй матбуот хизмати тарқатган махсус баёнотда айтилади.

Обама бу йўлда олға ҳаракатланиш осон бўлиши ҳақида хомхаёлга берилмаётгани билдирди, аммо муаммони ҳал қилиш йўлида дипломатияга имконият бериш кераклигини урғулади. АҚШ президентига кўра, мисли кўрилмаган санкциялар ва қатъиятли дипломатия Эрон расмийларини музокаралар столига ўтқазишда ёрдам берган.

“Эндиликда 20 январдан бошлаб Эрон илк бор юқори даражада тўйинтирилган уран заҳираларини йўқ қилиш ва бу тўйинтиришни амалга оширишга имкон берувчи айрим инфратузилма объектларини демонтаж қилишга киришади”, - дея қайд этади Барак Обама.

АҚШ президенти баёнотида Эрон қўшимча центрифугаларни ўрнатмай ва ишга туширмай ҳамда янги авлод центрифугаларидан фойдаланмаган ҳолда уранни бойитиш бўйича ўз имкониятларини чеклашга рози бўлгани айтилади.

Келажак олти ой мобайнида Қўшма Штатлар ва унинг Буюк Британия, Франция, Германия, Россия ва Хитой каби ҳамкорлари ҳамда Европа Иттифоқи Эронга нисбатан санкцияларни бироз юмшатиши кўзда тутилган.

Айни пайтда, АҚШ президентининг билдиришича, агар Эрон ядровий дастур бўйича ўз мажбуриятларини бажармайдиган бўлса, санкциялар юмшатилиш ўрнига аксинча янада кучайтирилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG