Линклар

Қозоғистонда бундан буён Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан бўлган гастарбайтерларни фақат жисмоний шахсларгина ёллаш имкониятига эга бўлади. Янги тартибга мувофиқ, иш берувчи бунда ҳар қанақа солиқдан озод этилади, ундан фақат меҳнат шартномаси талаб қилинади, холос. Бироқ бир иш берувчи беш нафардан кўп одамни ишга ёллай олмайди. Қозоғистонликка ишга ёлланган мардикорлар эса давлатга ойига тақрибан 25 АҚШ долларидан солиқ тўлайдилар.


Мазкур тартибни жорий қилган қозоқ расмийлари бу билан хорижлик меҳнат муҳожирларини панадан чиқариб, давлат хазинасини тўлдиришни мақсад қилганларини яширмаяптилар.

Янги тартиб шу йилнинг февраль ойидан кучга киради. Миграция полицияси вакиллари бу тартиб ортидан мамлакатга кириб келаётганлар бўйича ҳам, бюджетга тушаётган пуллар бўйича ҳам ниҳоят шаффофликка эришилишини иддао қилмоқдалар. Меҳнат муҳожирларининг ўзлари эса даромадлари камлиги туфайли янги тартиб улар учун улкан заҳматга айланиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Тўрт йилдан буён Олмаотада мардикорлик ортидан кун кечириб келаётган ўзбекистонлик Бекпўлат ОстонаТВга ойига 80 минг тангадан 100 минг тангагача (тақрибан 520 доллардан 650 долларгача) пул топишини айтган.

- Бизда ҳар ой бунчадан пул тўлаб туришга имкон йўқ. Аммо начора – Ўзбекистонда ҳам иш йўқ, - дейди Бекпўлат.

Янги тартибга кўра, шу йилнинг 1 февралидан бошлаб хорижлик мардикорлар қонуний асосда жисмоний шахсларга энага, қурувчи ёки боғбон сифатида ишга ёлланишлари мумкин. Бунинг учун улар маҳаллий миграция хизматида рўйхатдан ўтиб, меҳнат шартномаси тузиб, банк орқали ҳар ой 3704 танга (тақрибан 25 АҚШ доллари) тўлаб туришлари лозим.

Олмаота шаҳар Ички ишлар департаменти миграция полицияси бошқармасининг бошлиқ ўринбосари Айдин Белгибаев фикрича, мазкур тартиб кучга кирганидан кейин Қозоғистонга қўшни мамлакатлардан мардикорлар ёпирилиб келмайди.

- Бу донор мамлакатлар, хусусан, МДҲ мамлакатларидан бўлган ва ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган чет элликларнинг кўпи ҳозирнинг ўзида Қозоғистон ҳудудида юришибди. Уларнинг аксарияти ҳатто бу ерда қонуний равишда қайддан ўтиб юришибди. Бу ердаги ягона қонунбузарлик уларнинг ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланаётганларидир. Яъни бу қонун уларни легаллаштиришга ёрдам беради, - дейди Айдин Белгибаев.

Аммо қозоғистонлик эксперт Расул Жумали фикрича, янги тартибда сезиларли ноқисликлар бор. Унга кўра, бу соҳада биринчи навбатда жавобгарлик иш берувчилар зиммасига юклатилиши лозим. Бу ерда эса уларга муҳожирларни ишга ёллаш имконияти берилибгина қолмасдан, солиқлардан ҳам озод қилинаяптилар.

Маълумотларга кўра, 2013 йили биргина Олмаота шаҳрининг ўзида 128 минг меҳнат муҳожири борлиги аниқланган.

Миграция қонунчилигига киритилган янги ўзгартишларга мувофиқ, 1 февралдан бошлаб Қозоғистонда ноқонуний равишда ишлашда давом этаётган меҳнат муҳожирларига тақрибан 360 доллардан 600 долларгача жарима солиниши мумкин.

Янги тартибга кўра, чет эллик меҳнат муҳожири билан меҳнат шартномаси фақат бир йилгагина тузилади. Бу муддат битганидан кейин чет эллик мардикор Қозоғистон хорижига чиқиб келиши лозим.
XS
SM
MD
LG