Линклар

Ўзбекистонда блоггерлар чемпионати ўтказилмоқда


Блоггерлар чемпионатига Facebook ва Twitter каби тармоқларда ёзилган оддий пост ҳам блог сифатида қабул қилиниши мумкин.

Блоггерлар чемпионатига Facebook ва Twitter каби тармоқларда ёзилган оддий пост ҳам блог сифатида қабул қилиниши мумкин.

Ўзбек блоггерлари орасида илк бор ўтказилаётган танловда 120га яқин блоггер иштирок этмоқда. “Блоггерлар чемпионати”, деб номланган мазкур танлов орқали Ўзбекистонда блоггерлик фаолиятини ривожлантириш мақсад қилинган.

Чемпионатга марҳамат!


Бир неча нафар ёш ўзбек блоггери ташаббуси билан ташкил қилинган мазкур танлов Facebook ижтимоий тармоғидаги “UzBloggerlar” гуруҳи ҳамда uzbloggerlar.blogspot.com саҳифаси орқали ёритиб борилаяпти.

Бир неча нафар ёш ўзбек блоггери ташаббуси билан ташкил қилинган мазкур танлов Facebook ижтимоий тармоғидаги “UzBloggerlar” гуруҳи ҳамда uzbloggerlar.blogspot.com саҳифаси орқали ёритиб борилаяпти.

Танлов иштирокчилари ўз блогларини 13 январь куни кечқурингача жўнатишлари мумкин.

Эркин мавзуда танланган, замонавий блоггерлик тамойилларига риоя қилинган, исталган кўринишдаги блогпост танловда иштирок этиши мумкин.

Блоггерлар чемпионатида ғолиблар овоз бериш йўли орқали аниқланиб, қарийб 1 миллион сўмлик мукофот билан тақдирланади.

Шунингдек, ғолибга “Мулоқот” ижтимоий тармоғи бир йилга текин домен ҳамда 500 mb хостинг тақдим этади. Бундан ташқари ғолиб 16 GB лик флешка билан ҳам тақдирланади.

“Блогим баҳс уйғотишига ишонаман!”


Мустақил журналист Соҳиба Ҳайитбоева блоггерлар танловида ўзининг “Ўн олти йил ухлаган аёл” блоги билан қатнашаяпти.

Блоггер Ҳайитбоева летаргик уйқуни бошидан кечирган туркистонлик Назира Рустамова билан суҳбати асосидаги ушбу блоги кўпчиликда қизиқиш уйғотишига ишонади.

- Бу энг баҳсли мавзу. Атайлаб шу мавзуни танладим. Чунки мунозарали мавзу. Феномен аёл. Атайлаб шу баҳс бўлишини кутиб, ижодкорлар ичида озгина қўзғалиш қиламан деб ўйлаб шу мавзуни қўйгандим. 5-6 куннинг ичида 4-5 та сайт кўчириб босди. “Дунё ўзбеклари” сайтининг ўзида 12,5 мингдан ортиқ одам ўқиди бу мақолани. Ўзимнинг блогимда 1,5 мингдан ортиқ одам ўқиди. Шунақа қилиб қатнашаяпман, дейди Соҳиба Ҳайитбоева.

Ҳозирда Блоггерлар чемпионати иштирокчилари сони 120 нафарга етиб қолди. Танлов иштирокчиси Соҳиба Ҳайитбоева блогининг кўпчиликда қизиқиш уйғотишига ишонишса-да, танлов ғолиби бўлишига унчалик умид қилаётгани йўқ.

- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистонда бунақа танловларнинг холис ўтишига ишонмайман. Чунки олдин МЧСда матбуот хизматида ишлаб юрганимда ҳам “Олтин қалам” танловига топширганман. Журнал, газета, бир йилда 200дан ортиқ мақола топширганман. Ўшанда танлов бўлиб ўтганда 200дан ортиқ репортажу, Қамчиқ довонида ўзим иштирок этиб, ўша воқеаларни ëритганим қолиб, оддий ходим бўлиб ишлайдиган таниши кўпроқ киши ғолибликни олган. Ўшандан кейин биламан, Ўзбекистонда танловлар ҳеч қачон холис бўлиб ўтишига кўзим етмайди. Мен ўшани билиб туриб қатнашаяпман, дейди блоггер Ҳайитбоева.

“Блоггерларда ҳам самоцензура бор”


Самарқандлик таниқли блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев ҳам ўзбек тўйлари ҳақида ёзган тўртта блоги билан мазкур танловда иштирок этишни режалаштирган.

Раҳматуллаев мазкур танлов ёшларда блог ёзишга қизиқиш кучайиши ва ўзбек блоггерлиги ривожланишига хизмат қилишига ишонади.

- Ўзбекистонда блоггерлик бошқа ривожланган давлатларга ўхшаб бир тартибга, тизимга кирган, ўз кўриниши бор деб айтиш қийин. Мен учун блоггерлик ўзимнинг ижодий имкониятимни амалга ошириш, мавжуд дардни бировларга етказишдан иборат. Баъзилар “Пул олмайсан, ҳақ олмайсан. Нима қиласан ўзингни бировларга ёмон кўрсатиб, нимага керак бу сенга?”, деб кўп айтишади. Лекин шу йўл билан кўнглимдаги гапларни ёзиш учун блогимни юритиб турибман, дейди Раҳматуллаев.

Вlogspotдаги саҳифасини 2,5 йилдан буён мунтазам юритиб келаётган Раҳматуллаев ўз блоглари билан бир қанча хорижий танловларда ҳам иштирок этган.

Ўзининг танқидий блоглари билан яхши танилган Раҳматуллаев ўзини-ўзи цензура қилишини яширмайди.

- Агар самоцензура бўлмайдиган бўлса, бўлмайди бизнинг шароитда. Жуда кўп бунақа мавзулар. Масалан, вилоят миқëсида, шаҳар миқëсида бўлаëтган айрим нарсаларни эшитаман, биламан. Лекин ўшалар ҳақида мен ўзимни тийиб тураман. Чунки ўша замоннинг ўзида менга қарши маълум ҳаракатлар бошланишини биламан. Биринчи шахслар бўлса, бевосита барча куч ишлатиш тизимлари уларга қарайди, уларнинг айтганини қилади. Мажбурмиз шунга самоцензура қилишга, дейди Раҳматуллаев.

“Мухолиф фикрли блогларни қабул қилишмаяпти”

Ҳозирда Швецияда яшаётган мухолифат фаоли Ҳазратқул Худойберди ҳам мазкур танловда иштирок этиш учун ўзининг учта блогини жўнатган.

Лекин Ҳазратқул Худойбердининг айтишича, танлов ташкилотчилари унинг блогларини қабул қилишмаган.

- Бир ҳафтадан бери кузатиб турибман. Блоглари янгиланиб турибди. Гўёки, янгилари қўшилаяпти. Лекин бирорта мухолифат фикрига яқин бўлган блогнинг номи йўқ ичида. Фақат олди-қочди гаплар. Талабаларнинг муаммолари. Маҳаллий журналистларнинг ёзган нарсалари. Ёшларнинг фикрлари бор. Албатта уларнинг ичида қизиқарли нарсалар ҳам бор. Масалан адабий фикрлар. Лекин жамиятдаги энг муҳим бўлган воқеаларни кўтарадиган блоглар йўқ, дейди Ҳазратқул Худойберди.

Унинг иддаосига кўра, мазкур танлов орқали Ўзбекистон ҳукумати мухолиф фикрловчи блоггерларни аниқлаб олишни режалаштирган.

- Биров ҳукумат томонидан тайёрлаб, чемпионат номи остида блоггерларнинг кимлигини аниқлаб олиш. Чунки булар потенциал яъни келажакда хавф солиши мумкин бўлган ёш блоггерлар деб қаралади. Ўшани олдиндан билиб олиш, ким келажакда хавфли мухолифат вакилларига айланиши мумкин деган нарсанинг олдини олмоқчи булар. Шунинг олдини олиш операцияси кетаяпти, деб ўйлайман, дейди Ҳазратқул Худойберди.

“МХХ ҳар бир блоггерни билади”

Ўзбекистондаги таниқли блоггерлардан бири, 2011 йилда Марказий Осиёдаги энг яхши блоггер танловида ғолиб бўлган Гуласал Камолова бу фикрни унчалик қўлламайди.

Блоггернинг фикрича, бугунги кунда мамлакат ичкарисида ижод қилаётган барча блоггерлар фаолиятидан Миллий хавфсизлик хизмати яхши хабардор ва уларни рўйхатга олиш учун алоҳида танлов ўтказишга ҳожат йўқ.

- Ҳар битта блоггер, у исми билан ёзадими, аноним ёзадими барибир бир кунмас, бир кун ё допрос қилинади, сўровда бўлади ё бирор жойда албатта уни текшириб, суҳбат ўтказилади блоггерлар билан. Менинг ўзимда ҳам бир-икки марта чиқиб кетган эди. Кескин маълумот чиққанда блоггер сифатида менга ҳақиқатдан айтишган “Бунақа нарсаларни ёзиш керак эмас”, деб. Шу кунгача менинг блог саҳифам блок ҳисобланади. Ўзбекистонда унга кириш баъзан мумкин, баъзан мумкин эмас, дейди Камолова.

Гуласал Камолова “Блоггерлар чемпионати”ни жиддий қабул қилмагани учун унда иштирок этишни истамаган.

Гуласалнинг айтишича, бугунги кунда ўзбекистонлик блоггерлар орасида ўзбек тилидан кўра, русча ёзадиганлари анча фаол.

- Масалан, wordpress, blogspotда улар жуда ҳам кам. Livejournalда кўрсак бўлади буларни. Энг фаоли Моймирдаги блоглар. Blogspotда ҳам блоггерлар бор. Кўпроқ у ерда спорт, мусиқа йўналиши бўйича кетади. Сиëсат ҳақида ëзадиганлар сиëсатга дахлдор журналистлар ëки диссидентлар ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ичида бунақалар жуда кам. Бир-иккитаси бор, дейди блоггер Камолова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG