Линклар

logo-print

“Жаслиқда” ётган Рустам Усмоновга босим кучаймоқда


Рустам Усмоновнинг чойшабга қон билан ёзилиб Жаслиқдаги қамоқхонадан чиқарган хати.

Рустам Усмоновнинг чойшабга қон билан ёзилиб Жаслиқдаги қамоқхонадан чиқарган хати.

Ўзбекистондаги биринчи хусусий банк - "Рустамбанк" собиқ хўжайини, 1998 йилдан буён қамоқда қолаётган ва қамоқ жазосининг сўнгги 5 йилини “Жаслиқ” қамоқхонасида ўтказаётган Рустам Усмонов аҳволи ёмонлашгани айтилмоқда. Маҳбуснинг яқинларига кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Рустам Усмоновни 30 миллион долларлик “товон” тўлашга мажбурлашмоқчи.



Иқтисодий жиноятлар содир этганлик айби билан аввалига 1998 йилнинг октябр ойида 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 2012 йилда жазо муддати яна беш йилга узайтирилган таниқли тадбиркор Рустам Усмоновнинг аҳволи ёмонлашди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган маҳбуснинг рафиқаси 65 ёшли Раънохон Усмонова декабр охирларида Рустам Усмоновни кўриб келганини айтиб берди.

- Мен 24 декабр куни олдиларига кириб, 25 куни чиқдим: учрашувга бир сутка беришганди. 65 кирган одамнинг аҳволини қандай бўлиши мумкин?! Ташқи кўринишдан жуда озиб кетганлар – 16 йил ўтиришнинг ўзи бўлмайди. Жуда озиб кетган! Кейин, жуда асабий ҳолатда. Ҳамма нарсага асабийлашадиган бўлиб қолган, асаблари жойида эмас. Совуқда ўтирибман, деб носки талаб қилган эдилар, почтадан жўнатган носкимни қайтаришворибди. Ўзим олиб борган носкиларимни ҳам узунроқ, деб қайтаришди. Ана шунга ҳам асабийлашиб кетдилар,- дейди Раънохон Усмонова.

Раънохон опанинг айтишича, “Жаслиқда” қамоқ жазосини ўтаётган Рустам Усмонов бир йилда 3 маротаба жўнатма олиш ва 3 маротаба яқинлари билан учрашиш ҳуқуқига эга. Унинг руҳий ҳолатига, яқинларига кўра, 2012 йилнинг феврал ойида муддати яна 5 йилга узайтирилгани ҳам таъсир қилган.

15 йилдан бери қамоқда қолаётган Рустам Усмоновнинг яқинлари уни сиёсий маҳбус деб ҳисоблайди.

15 йилдан бери қамоқда қолаётган Рустам Усмоновнинг яқинлари уни сиёсий маҳбус деб ҳисоблайди.

“Жаслиқ” маъмурияти томонидан белгиланган янги жазо муддатига кўра, “Рустамбанк” номи билан танилган Қирғизистон ва Россия фуқароси Рустам Усмоновнинг жазо муддати 2017 йил бошларида тугаши керак.

Маҳбус яқинларининг иддао қилишича, қамоқхона маъмурлари уни озод қилиш учун “бевосита президент номидан” 30 миллион доллар миқдорида товон сўрашмоқда. Озодлик бундан 4 йил олдин собиқ тадбиркор Рустам Усмонов озодликка чиқарилиши учун “Баркамол авлод” жамғармасига 60 миллион доллар пулни ўтказиб беришни ваъда қилгани тўғрисида хабар берган эди.

Раънохон опа эри Рустам Усмоновга, айниқса, шундан кейин қамоқхонада жиддий босим кучайгани ва ҳозирга қадар давом этаётганини гапиради.

- Ўзларининг айтишича, қанақадир одамлар буни безовта қиляпти, кимдир ёмон безовта қиляпти. “Мен ҳоли-бери чиқадиганга ўхшамайман”, деяпти. Амнистия келганида ҳам бир нимадан баҳона қилиб бу кишига нарушение ёзиб қўйяпти экан. Ва шу билан амнистияга тўғри келмаяпти, дейди. Бу киши “Кимдир мен билан гаплашсин”, деяпти. Келганимдан бери ҳамма адвокатураларга бордим илтимос қилиб. Улар “71-га, Жаслиққа киргизмайди”, дейишяпти. Ҳатто Нукусдаги адвокатлар “Бормаймиз - киргизишмайди”, дейишяпти,- дейди маҳбуснинг рафиқаси Раънохон Усмонова.

Рустам Усмонов товламачилик, валютани ноқонуний олди-сотдисига доир моддаларда айбланиб қамалган бўлса-да, оила аъзолари унинг сиёсий маҳбус эканини таъкидлаб келишади.

Унинг яқинлари 1995 йилда Россия фуқаролигини олган Рустам Усмонов тақдирига Россия ҳукумати ҳам бефарқ қолаётганидан афсусда.

Рустам Усмоновнинг Россиядан сиёсий бошпана сўраган 35 яшар ўғли Дилшод отасининг тақдири масаласида Твиттер орқали ҳатто Гулнора Каримовага мурожаат қилиб кўрганини айтади.

“@GulnaraKarimova Агарда Сиз ҳақиқатан озодлик учун курашаётган бўлсангиз 16 йилдан буён қамоқда ноҳақ ўтирган Усмонов Рустам Турдиевичга эътибор беришингизни сўрайман. Халқ ҳурматини қозонмоқчимисиз? Унда сиз ким тарафида эканингизни танлаб олинг. Отангиз номидан қамалганлар рўйхатини ўқиб кўринг”, деб ёзган эди Дилшод.

Унинг мурожаатига ўзи сўнги ойларда босим остида қолган Гулнора Каримова бундай жавоб қайтарган эди:

“Отамда Отамнинг номидан гапириш учун ўз исми бор! Мен унинг исми шарифига ҳеч қачон даъвогарлиқ қилмаганман! Аждодларим фамилиясини кўтариб юрганимдан ғурурланаман.”

1948 йили Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида туғилган асли иқтисодчи Рустам Усмонов¸ Горбачëвнинг қайта қуриш даврида хусусий тадбиркорлик билан шуғуллана бошлаган.

1987 йили Ўзбекистонда асаларичилик ширкатини очди. Канада ëмғир чувалчангларини кўпайтириб сотиб, миллионлар эгасига айланди.

1992 йилда очилган Ўзбекистондаги илк хусусий банк "Рустамбанк" эгаси ҳам айнан Рустам Усмонов бўлди.

1990-йилларда Рустам Усмонов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эътиборига тушган тадбиркорлардан бири бўлган.

Аммо Каримов назарига тушганидан кўп ўтмай Ўзбекистонда самарали фаолият кўрсатган “Рустамбанк” ëпилди ва Рустам Усмоновнинг ўзи қора курсига ўтқазилди.

1998 йил 19 октябр куни Андижон вилоят Жиноят ишлари бўйича суди ҳукмига кўра, Рустам Усмонов товламачилик, валютани ноқонуний олиш-сотиш каби моддаларда айбланиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Жазо муддати тугашига саноқли ойлар қолганида Усмоновга қамоқхона ички тартибини бузганлик каби қатор айблар қўйилиб¸ қамоқ муддати яна 5 йилга узайтирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG