Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:49

Тожик-Қирғиз чегарасидаги отишма КХШТда муҳокама қилинади


Қирғизистон – Тожикистон чеграсида 11 январь куни содир бўлган отишма юзасидан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтади, деб бугун хабар қилди “Вечерний Бишкек” газетаси Қирғизистон Мудофаа кенгаши секретариати сектори мудири Алик Керимбековга таяниб.

Айтилишича, бугун бўлиб ўтадиган мажлисда КХШТ раиси Николай Бордюжа ва Қирғизистон ва Тожикистоннинг мазкур ташкилотдаги вакиллари қатнашади.
“Ҳозирча КХШТнинг чегара инцидентига аралашуви масаласини кўтариш эрта. Ҳар иккала томондан бир-бирини инкор этувчи информация олинмоқда”, деган қирғиз расмийси.

11 январь куни Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош Боткен вилоятидаги Оқсой қишлоғининг Оқсой-Тамдиқ-Кўктош автомобил йўли қурилиши кетаётган ҳудудида содир бўлган отишма чоғида, сўнгги маълумотларга кўра, ҳар икки тарафдан ўн чоғли одам яраланган.

Қирғизистон чегара хизмати иддаосига кўра, чегарадаги можаро пайтида биринчи бўлиб Тожикистон чегарачилари ўқотар қурол қўллаганлар, дастлабки ўқни Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари махсус топшириқлар бажарувчи бўлинмаси штаб бошлиғи отган.

Шунингдек, қирғиз нашрларида 11 январдаги отишма чоғида тожик чегарачилари томонидан гранатомёт ва миномётлар қўлланилгани ҳақида ҳам хабарлар берилди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда эса, бундай дейилган:

“Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия ишида шу йилнинг 7 январида “Кўктош-Оқсой-Тамдиқ” автойўли қурилиши бўйича ишларни тўхтатиб туриш ҳақида эришилган келишувларга қарамасдан, 2014 йилнинг 11 январида маҳаллий вақт билан соат 12:20 ларда қуролланган ҳарбийлар ҳимояси остида Қирғизистон томонидан бир қисми Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи мазкур автойўлда қурилиш ишларини давом эттиришга уринилган”.
XS
SM
MD
LG