Линклар

Петербург шаҳар полицияси ўзбекистонлик аёлнинг ўғирланиши юзасидан жиноий иш очди. Гаровгирлар 31 ёшли аёлнинг яқинларидан 100 минг рубл сўраган. Шаҳар полицияси Петербургда муҳожирлар орасида товламачилик ҳолатлари кўпайиб бораётганидан ташвиш билдирмоқда.



11 январ, шанба куни кечки соат 8-ларда Санкт-Петербургнинг Фрунзе туманидаги Бухарестская кўчаси 188-уй ёнида Ўзбекистон фуқароси бўлган 31 ёшли аёл ўғирлаб кетилди.

Уни ўғирлаганлар аёлнинг 25 ёшли эридан 100 минг рубл эвазига уни қўйиб юборишларини айтган, дейди ҳодиса тафсилотларини Озодликка сўзлаб берган Фрунзе тумани 72-полиция бўлими навбатчиси Нияра:

- Жабрланувчининг сўзларига кўра, 3 нафар номаълум шахс уни “ВАЗ” автомашинасига ўтказиб, ундан пул талаб қилган. Ҳодиса 11 январ куни содир бўлди. Унга жисмоний тазийқ ўтказилган, бироз пули, паспорти, қимматбаҳо буюмлари ва қўл телефони бўлган сумкасини тортиб олиб қўйишган. Кейин унинг эридан телефон орқали 100 минг рубл миқдорида пул сўрашган,- дейди полиция ходими.

Полиция очиқлаётган маълумотларга биноан, уч нафар жиноятчи бу аёлни Петербург ташқарисига олиб чиққан ва унинг 25 ёшли эридан 100 минг рубл миқорида товон талаб қилган.

Ўғирлаб кетилган аёлнинг сўзларига кўра, гаровгирлар кўринишидан осиёлик бўлган, бироқ рус тилида сўзлашган.

Нима қиларини билмаган эр 12 январга ўтар кечаси соат 01:15 ларда олибқочарлар талаби билан Ярослав Гашек кўчаси 7-уй ёнидаги болалар майдончасида 20 минг рубл қолдирган.

Шундан кейингина улар аёлни чиқариб юборган ва эр-хотин бизнинг 72-полиция бўлимига келиб ариза ёзди, дея давом этади Нияра.

- Жиноятчилар аёлни 20 мингга озод этишиб, жиноят жойидан ғойиб бўлишган. Иш материаллари Петербург Тергов қўмитасига ўтказилди. Нима учун унинг эри пулни берганини ўзидан сўранг. Одатда бундай ҳолатларда зудлик билан полицияга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда, одам ўғирлаш ҳолатлари давом этаверади. Товламачилар эса “Демак, шу тариқа осонгина пул топиш мумкин экан!”, деган хулосага келади,- дейди Санкт-Петербург шаҳри Фрунзе тумани 72-полиция бўлими навбатчиси Нияра.

Санкт-Петербург шаҳар Тергов қўмитасида Озодликка 11 январ кунги ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 126 моддаси 2 қисми “а”, “з” бандлари асосида (одам ўғирлаш) жиноий иш қўзғатилганини маълум қилишди.

Шаҳар полицияси жиноятни содир этганликда гумонланаётган уч шахсни қидиришда давом эттирмоқда.

Россиянинг шимолий пойтахтида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўғирлаб кетилиши ҳолатлари биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ.

2013 йилнинг октябр ойида икки ўзбек йигити 21 ёшли ўзбекистонлик аёлни “Пионерская” метро бекати ёнида “Жигули” машинасида номаълум томонга олиб кетган. Кейинроқ, улардан бири унга ҳеч қандай пулнинг кераги йўқлиги, у бу аёлни уйланиш ниятида олиб кетганини онасига телефон қилиб билдирган.

2013 йилнинг 22 мартида ўғирлаб кетилган 16 яшар ўзбекистонлик яна бир шахснинг яқинларидан жиноятчилар телефон орқали 50 минг рубл сўраган. Полиция бу жиноятни содир этганликда гумонлаб, 24 ёшли доғистонлик Жўрадин Набиевни ҳибс этди.

2012 йилнинг март оийда 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси яшаётган Петербургнинг Невская туманидаги квартирага бостириб кирган иккита жиноятчи хона эгаларини пистолет билан қўрқитиб, хонадан ноутбук, мобил телефон ва бироз пул олган.

Ўлжадан қониқмаган кимсалар хона эгасини ҳам гаровга олиб, чиқиб кетган. Бироздан кейин олиб кетилган йигитнинг хотинига қўнғироқ қилган жиноятчилар 10 минг доллар миқдорида товон пули сўраган.

Ўша куниёқ полиция бу жиноятни содир этганликда гумонлаб ҳеч қаерда ишламайдиган уч нафар ўзбекистонликни қўлга олган. Петербург полицияси бу шахсларга нисбатан товламачилик ва талон-тарож моддалари асосида жиноий иш очган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG