Линклар

logo-print

Ариэль Шарон "Темир гумбаз" мудофаа тизими ҳимояси остида дафн қилинди


Ариэль Шарон дафн маросими Яҳудий армиясининг “Темир гумбаз” мудофаа тизими томонидан қўриқлаб турилди.

Ариэль Шарон дафн маросими Яҳудий армиясининг “Темир гумбаз” мудофаа тизими томонидан қўриқлаб турилди.

Исроилда мамлакат собиқ Бош вазири Ариэль Шарон дафн қилинди. Исроил парламенти – Канисо олдида ўтказилган видоалашув маросимида турли давлатлар вакиллари иштирок этди. Ҳарбий дафн маросимидан кейин собиқ бош вазир Негев чўлидаги Шаронлар оиласига қарашли Ҳават Шикмим ранчосида ерга қўйилди.



Ўтган шанба куни 85 ёшида оламдан ўтган Ариэль Шарон Исроилга раҳбарлик қилгунга қадар таниқли ҳарбий арбоб бўлгани боис 13 январ кунги дафн маросими Яҳудий армиясининг “Темир гумбаз” мудофаа тизими томонидан қўриқлаб турилди.

Собиқ бош вазирнинг майити унинг рафиқаси Лили Шарон қабри ёнига, Исроил жанубидаги Негев чўлидаги Шаронлар оиласига қарашли Ҳават Шикмим ранчосига қўйилди.

Ундан аввал Яҳудий давлати парламенти – Канисо олдида ўтказилган расмий дафн маросимида турли давлатлар вакиллари иштирок этди.

Қўшма Штатлар ҳукуматидан Шарон билан видолашув тадбирида вице президент Жо Байден иштирок этди. Душанба кунги маросим Яҳудий ибодатини куйлаш билан бошланди.

Байден Шароннинг ҳаёт йўли Исроил давлати хавфсизлиги ва омон қолишига бағишланган эди, деб хотирлади марҳумни.

- Ўз халқининг хавфсизлиги Арикнинг саботли миссияси бўлиб қолди. Бу миссия Яҳудийлар келжаги учун бундан ҳох 30 йил, ҳох 300 йил кейин бўлсин синмай қолажак, деди Байден.

Исроил Президенти Шимон Перес дафн маросимида сўз олиб, Шарон Исроил мудофааси йўлида ҳеч қачон четда қолмади, дея эслади. “Сени туққан ер сени давлатимиз тарихининг илиқ оғушига олади. Бу тарихга сен ҳам унутилмас ҳисса қўшдинг”, деди Перес.

- Бугун уни сўнгги манзилига кузатиб борамиз. У аскар эди, қандай ғалаба қилишни билган нодир аскар ва қўмондон эди. Энг оғир дамларда ҳам орзу қила олган йўлбошчи ва бизни лол қолдира олган инсон эди.

Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу Шароннинг “Исроил хавфсизлигига қўшган нодир ҳиссаси халқ тарихи саҳифаларида абадий қолажак”, дея таъкидлади.

- Арик давлатимиз омон қолиши ва хавфсизлиги масалаларида қатъий туришимиз муҳим эканини тушунар эди. Биз бу тамойилларга содиқ қоляпмиз. Исроил террорга қарши курашда давом этади. Исроил хавфсизлигини ҳиомя қилиш билан биргаликда тинчликка эришиш ҳаракатларини давом эттиради. Исроил Эроннинг ядровий қуролни қўлга киритиш имкониятларини йўққа чиқариш учун барча воситаларни ишга солади, деди Нетаньяҳу.

Жаҳон етакчилари таъзия мактубларини жўнатди. АҚШ Президенти Барак Обама ва рафиқаси Мишель Америка номидан ҳамдардлик билдириб “Исроил Бош вазир Шарон билан видолашар экан, унинг ўз мамлакатига хизматларини хотирлаётган Исроил халқи билан ҳамдардмиз”, дея таъзия билдиришди.

Россия Президенти Владимир Путин ҳам Шаронни Россиянинг буюк дўсти сифатида хотирлаб, унинг Яҳудий давлати манфаатлари йўлида кўрсатган хизматларини олқишлади.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш жараёнини илгарилатиш учун “жасур ва мунозарали қарорларни” қабул қилган Шаронни олқишлаб, уни Исроил тарихидаги энг муҳим шахслардан бири, дея атади.

Айни пайтда, Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи Шаронни “ҳарбий жиноятлари” учун суд қилиниши керак бўлган ва “қўли фаластинликлар қонига ботган жиноятчи”, дея атаб, унинг ўлими ҳақидаги хабардан мамнуният изҳор қилди.

Собиқ бош вазир дафн қилинган Шаронлар оиласига қарашли ранчо Ғазо минтақасига яқин жойлашгани боис Исроил хавфсизлик кучлари минтақада мудофаа чораларини кучайтирди.

Кутилганидек, Исроил армияснинг маълум қилишича, душанба куни Ғазо минтақасидан иккита ракета отилган, лекин улар Исроил ҳудудига тушмаган.
XS
SM
MD
LG