Линклар

logo-print

Тошкентдаги жума хутбаларида аскарларнинг намоз ўқиши муҳокама қилинди


Ўзбек аскарларининг намоз ўқиши масаласи жума намози хутбаси мавзусига айланди.

Ўзбек аскарларининг намоз ўқиши масаласи жума намози хутбаси мавзусига айланди.

2014 йил 10 январь куни Ўзбекистон масжидларида ўқилган жума xутбаларида ваъз қилган имомлар хизмат вазифасини бажараëтган ҳарбийларнининг намоз ўқиши масаласига тўхталишган. Ватан ҳимоячилари куни арафасида ўқилгани сабабидан хутба маърузаларида имомлар постда турган аскарлар намозни қазо қилиши мумкинлиги ҳақида гапиришган.



Кўкалдош мадрасаси ёнидаги жоме масжидида ўқилган маърузада Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар Турсунов Ўзбекистон чегараларини қўриқлаётган чегарачилар ва МХХ зобитларини олқишлаб, уларни Аллоҳ ва Ислом йўлида жанг қилаётган мужоҳидларга тенглаштирган.

Бу маросимда иштирок қилган ва ўзини Зиëмиддин деб таништирган 36 яшар тошкентлик намозхоннинг Озодликка билдиришича, хутба ваъзида ватанни ҳимоя қилишни муқаддас бурч, юрт чегараларини ва осойишталигини қўлига қурол олиб таъминлаш жиҳоднинг бир тури эканлигини айтилган.

Озодлик манбаларининг билдиришича¸ Тошкентнинг бошқа масжидларида ҳам 10 январь куни маърузаларда имомлар “тепа”дан туширилган мавзу ва ёзиб берилган матнларни ўқиб эшиттиришган.

Бу ваъзларда “чегарадаги постни ташлаб кетиб, намоз ўқиш гуноҳ” экани таъкидланиб, постда турган ҳарбийлар намозни қаср қилиб (қисқартириб ўқиши) мумкинлиги айтилган.

Ўзбекистон қуролли кучларида тақводор аскарларнинг кўпайгани боис бундай саволлар пайдо бўлмоқда дейди¸ мамлакатнинг Тожикистон ва Афғонистон чегараларида хизмат қилган ва ўзини Баҳодир деб таништирган 32 яшар истеъфодаги зобит Озодлик билан суҳбатда:

- Мен хизмат қилганимда командирлар аскарларнинг намоз ўқиши¸ рўза тутишига изн бермаган. Улар расмий буйруқ билан эмас¸ балки оғзаки тарзда буюришган. Айниқса, чегарада турган аскарларга бу масалада қаттиқ шарт қўйилган. Яъни аскарнинг постни ташлаб намоз ўқиши ҳарбий қасамëдни бузишга тенглаштирилган¸- дейди суҳбатдош.

Собиқ зобит Баҳодирнинг айтишича¸ ўзи ва бошқа тақводор аскарлар командирлар кўзини шамғалат қилиб намозни ўқиб олишган:

- Намоз биринчи даражада деб ўйлайман. Мен шеригим билан келишиб намозимни ўзиб олганман. Ўзи намозга 10 дақиқа вақт кетади. Ўша ўн дақиқада шеригим мени ўрнимга туриб турган. Яна бир нарсани айтишни истайман¸ мен Ўзбекистон қуролли кучларида сидқидилдан хизмат қилганман¸ аскарлик менга ëқади. Шу билан бирга мени диний эътиқодим ва ибодатларим чегарани қўриқлаш каби жиддий вазифани бажаришга монелик қилмаган¸- дейди собиқ зобит Баҳодир.

Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Ўзбекистон ҳарбий қисмларидаги командирлар орасида диний эътиқод қилганларга салбий муносабатда бўладиган зобитлар кўплигини айтади:

- Командирларни кўпи ароқ ичиб юрар эди. Улар ароқ ва бошқа ичимликларни чегарадан ўтаëтган савдогарлардан ундиришар эди. Командирлар таркибига кирадиганлар ҳалол-ҳаром каби исломий талабларга риоя қилишмайди. Аксинча оддий аскарлар орасида тақводорлар кўп,- дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатлашган ва ўзини Фаҳриддин деб таништирган тақводор йигит имтиëзларга эга бўлиш мақсадида армия хизматига кирганида намоз ўқишга қаратилган тақиқ билан дуч келганини Озодликка айтиб берди:

- Мумкин эмас. Намоз ўқишга армияда рухсат беришмайди. Агар шу ишни қилсангиз, вообше катта иш бўлиб кетиб қолади. У ерда сиз намоз ўқисангиз, худди катта бир нимага қарши чиққандай қабул қилишади. Мен армияга бориб келсам, одамларга кўпроқ ëрдамим тегадиган даражадаги бир одам бўла оламан деган мақсадда хизматга кирган эдим. Армияга бориб келганларга жуда кўп имкониятлар яратиб беришаяптию давлат томонидан, деб ўйлаб борувдим армияга¸ аммо ҳафсалам пир бўлди,- дейди Фаҳриддин.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг ўз исми эфирда айтилишини истамаган мулозими¸ жанг ва жангга тенглаштирилган ҳарбий даврда Ислом пайғамбарининг ҳам намозларни қаср қилгани ҳақидаги ҳадис борлигини ва бу ҳадис хутба маърузаларига асос бўлганини билдирди.

Айни мулозим аскарнинг амрга бўйсунишини айтиб¸ маъсулият намоз ўқимасликни буюрган командирлар зиммасига тушажагини ҳам Озодлик мухбирига тушунтирди.

Ўзбекистон мудофаа вазирлиги матбуот бўлими вакиллари Озодлик мухбирига аскарларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ чеклашлар ҳақида изоҳ бермади.

Ҳарбий хизматни ўташни тартибга солиш, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва бурчларини, гарнизон ва қоровуллик хизматларининг ички тартиб-қоидалари бўйича 1996 йилнинг 1 декабридан амалга киритилган низомномада аскарларнинг ибодат қилиши ҳақида чекловлар йўқ.

Собиқ зобит Баҳодир чегарадаги постни ўзбошимча тарк қилиши билан боғлиқ интизомий чоралар намоз ўқиганларга қўлланилишини билдирди.

Ўзбекистон Қуролли кучлари Совет армиясининг Туркистон ҳарбий округи базасида 1992 йилнинг 14 январида тузилган эди. Совет армиясида аскарлар атеистик мафкура асосида хизмат қилишган.

Замонавий ўзбек армиясида диний эътиқодли аскарларга бўлган салбий қараш Совет армиясидан қолган мерос экани айтилади.

Армиянинг диний эътиқод масаласида масофали бўлиши Марказий Осиëнинг бошқа давлатларида ҳам талаб қилинади.

Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмонали намозни адо қиламан деб, расмий мажлисга кеч қолганида мамлакат раҳбарининг дашномига дучор бўлган эди.

2010 йилда рўй берган бу воқеада Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ҳарбий хизматнинг диний ибодатдан устун эканлигини айтган эди.

АҚШ ва Ғарб Қуролли кучлари низомномаларида аскарларнинг диний ибодатларини адо қилишига шароит яратилиши ҳақида мажбуриятлар бор.

НАТОга оид харбий қисмларда маош оладиган имом лавозими жорий қилинган.

Ғарб армиясидаги мусулмон аскарларга рўза ва намоз каби ибодатларни адо қилишга шароит яратиб берилади.

Гарниозон ошхонаси мусулмон аскарлар учун ҳалол емаклар тайëрлайди. Кўп холларда бу аскарларга жума куни таътил берилади.

Ўтган йили Россия Қуролли кучлари таркибидаги капеллан институти доирасида маош оладиган имом лавозими жорий қилинди.

Бундан олдин Россия армиясида насроний ва католик черковини тамсил қилувчи рухонийлар ишлаëтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG