Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:53

Истанбулда ўзбек аëли ташкил қилган йирик фоҳишабозлик тармоғи фош қилинди


Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбек қиз-жувонларини фоҳишаликка мажбурлаган тармоқнинг 35 яшар ўзбекистонлик қўшмачи тўдабошиси душанба куни қўлга олинди. Кейинги бир неча йил давомида Ҳиндистон¸ Таиланд¸ БАА¸ Малайзия ва Туркия давлатлари полиция идоралари ўзбекистонлик фоҳишалар билан боғлиқ юзлаб ҳолат борасида тафтиш ўтказган.



Туркиядаги Milliyet.tv нашрининг хабар беришича¸ Истанбул полицияси тарафидан ўтказилган рейд чоғида тўрт нафар аëл дохил жаъми 18 киши қўлга олинган.

Қўлга олинган 18 кишининг фоҳишабозлик тармоғи бошқарувида турган чет элликлар экани айтилади.

Озодликнинг Истанбулдаги манбаларининг айтишича, қўлга олинган 18 шахснинг деярли барчаси Ўзбекистон фуқароси бўлган.

Milliyet.tv нашрининг хабар беришича¸ Истанбул полицияси тарафидан фоҳишахонадаги 105 аëл секс қуллигидан озод қилинган.

Мақолада билдирилишича¸ секс қуллигидан озод қилинган аëллардан икки нафари фоҳишабозлик тармоғи сардорлари тарафидан калтакланиб, фаҳшга мажбур қилинганидан полицияга шикоят ҳам қилган.

Рейд пайтида фоҳишахонадан чиққан 105 аëлнинг барчасидан тушунтириш хати олинганидан сўнг улар чет эллликлар полицияси ихтиëрига жўнатилган.

Бу аëлларнинг Ўзбекистонга депортация қилиниши айтилмоқда.

Milliyet.tv нашрининг ëзишича, фоҳишабозлик тармоғини ўзбекистонлик 35 яшар аëл ташкил қилган.

Мақолада қўшмачиликда айбланган Ўзбекистон фуқаросининг аëл ҳасталиклари доктори экани айтилади.

Нашр бу аëлнинг тўлиқ исмини айтмасдан фақат инициалларини эълон қилган холос.

Мақолада айтилишича¸ Б.З исмли аëл ўзбекистонлик қиз-жувонларни “Туркияда иш бор”, дея алдаб олиб келиб, фоҳишалик қилишга мажбурлаган.

Мақолада қўшмачи дея сифатланган ўзбек аëлининг Ўзбекистондан Туркияга секс-траффик ташкил қилгани ҳам тафсилотлари ҳам келтирилган.

“Бу қизларнинг паспортлари олиб қўйилган ва тазйиқ ëрдамида тижорий сексга мажбурланган”, дейилади мақола давомида.

Ўзбек аëли ташкил қилган исловот тармоғи қандай фош қилинди?

Истанбул ҳуқуқ тартибот органлари кейинги 6 ой мобайнида Ўзбекистондан Туркияга ўз баданини пул эвазига сотиш мақсадида келтирилгани тахмин қилинган ўнлаб аëлларнинг телефон сўзлашувлари тингланганидан кейин эхтимолий секс тармоғига рейд уюштирилгани мақолада айтилади.

Нашрга кўра¸ Истанбулнинг 31 жойидаги масканларда рейд ўтказилган. Рейд ўтказилган масканларда сауна¸ ҳаммом¸ дискотека дохил кўнгилочар гўшалар мавжудлиги ҳам айтилди.

Milliyet.tv нашри эълон қилган мақолага полиция тарафидан фоҳишаҳоналардаги 105 аëлнинг қутқарилиш жараëни тасвирланган видеотасвир ҳам илова қилинган.

Видеотасвирда бар устунлари ва диванлар ортига яширилган аëлларнинг чиқариб олинаëтгани акс этади.

Тижорий сексга мажбурлангани айтилган аëллар бино ертўласи ва чордоқларига яшириниб олгани тасвирларда акс этган.

Видеода тасвирланган ва ўзбек экани тахмин қилинган қиз жувонлар стол тагларида полиция кўрмасин, дея ғужанак бўлиб ўтиргани кузатилади.

Видеони томоша қилган Озодликнинг Истанбулдаги манбасининг айтишича¸ Истанбулдаги фоҳишабозлик тармоғида ишлаш учун Ўзбекистондан келтирилган қиз-жувонларнинг ҳаммаси ҳам сексга мажбурланган эмас.

- Улар орасида ўз ихтиëри билан бу қадимий маслакни эгаллаганлари ҳам бор, дейди Истанбулдаги Озодлик манбаси.

Ўтган йили Озарбайжонда ҳам фоҳишабозлик тармоғи очган ўзбекистонлик аëл қўлга олинган эди.

Озарбайжон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўтган йили Бокунинг Насимий туманидаги “Инфинити” тунги клуби ва Хатой туманидаги “Долға” саунасида ўтказган рейдда фоҳишалик билан шуғулланган 53 нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олган эди.

Ўтган йиллар давомида ўзбек аëлларини фоҳишаликка жалб қилиш билан шуғулланган гуруҳлар Қозоғистон ва Россияда ҳам фош қилинган эди.
Кейинги 4 йил мобайнида Ҳиндистон¸ Таиланд¸ БАА¸ Малайзия ва Туркия давлатлари полиция идоралари ўзбекистонлик фоҳишалар билан боғлиқ юзлаб ҳолат борасида тафтиш ўтказган.

Малайзия полициясига кўра¸ сўнгги бир неча йил ичида 267 нафар ўзбекистонлик фоҳиша ва қўшмачи қўлга олинган.
XS
SM
MD
LG