Линклар

Ислом Каримов ўзбек ҳарбийларини чегарадаги вазият кескинлашишидан огоҳлантирди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакат Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 22 йиллиги муносабати билан ҳарбийларни табриклар экан, айни пайтда республика чегараларига яқин ҳудудларда хавф-хатар кучайиб бораётганидан чуқур ташвиш ва хавотир изҳор қилди.


Афғон хавотири

“АЙСАФ деб аталмиш тинчликпарвар кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар учун жиддий синовга айланиши, бизнинг жанубий сарҳадларимизда ва чегарадош ҳудудларда кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин”, дея ўз хавотири билан ўртоқлашади И. Каримов.

Ўзбекистон Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонига кўра, бундай мураккаб ва оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган жараёнларнинг барчаси бугунги кунда ҳаммадан юксак даражадаги ҳушёрлик ва огоҳликни, чегараларда кескинликни келтириб чиқаришга қаратилган уринишларга йўл қўймаслик бўйича қатъий чораларни кўришни, Ўзбекистонга қарши қаратилган ҳар қандай тажовузкор хуружларга Қуролли Кучларнинг ўз вақтида ва муносиб зарба бериш қобилиятини таъминлашга доимо тайёр туришимизни талаб этмоқда.

“Шу муносабат билан юзага келаётган мураккаб вазиятда армиямизни ислоҳ этишни ва унинг мудофаа қудратини, жанговар салоҳиятини, мамлакатимиз суверенитетини ҳимоя қилиш, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимизнинг тинч ҳаётини кўз қорачиғидек асраш бўйича тайёргарлигини янада мустаҳкамлашни давом эттириш зарур, деб ҳисоблайман”, дейилади Ўзбекистон президентининг ўзбек ҳарбийларига йўллаган табригида.

Танқидий ёндошилсин

Ислом Каримов мулоҳазасича, Қуролли Кучлар ва ҳарбий округлар қўмондонлиги томонидан қўшинларнинг амалдаги ўқув ва жанговар тайёргарлик тизимининг танқидий баҳоланиши ўта муҳим аҳамият касб этади.

“Ушбу тизим яқин ва ўрта муддатга мўлжалланган истиқболда минтақада юзага келадиган реал ҳарбий-сиёсий вазият талабларига тўла жавоб бериши керак”, дейди И. Каримов.

Ўзбекистон президентига кўра, мамлакатда “жанговар тайёргарликни сақлаш учун, шунингдек, янги қурол-яроғ ва ҳарбий техника намуналарини ишлаб чиқарадиган ва уларни модернизация қиладиган қўшма корхоналарни ташкил этиш учун Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш ва таъмирлаш базасини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтириш лозим”.

Интернет орқали Ватанга нисбатан муҳаббат уйғотиш даъвати

Ислом Каримов ўз табригида ҳарбийларни қутлабгина қолмай, улар амалга ошираётган ишларни тарғиб ва ташвиқ қилиш учун мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланишга ҳам чақирган.

“Ҳарбий хизмат, ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва армиямизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан мамлакатимиз фуқароларини хабардор этишда оммавий ахборот воситалари ва Интернетнинг миллий тармоғи имкониятларидан фаол фойдаланиш зарур. Бу борада расмиятчилик ва юзаки ёндашувларга йўл қўймаслик, ёшларимиз қалбида Ватанимизга чуқур меҳр-муҳаббат, унинг Қуролли Кучлари билан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга ҳурмат туйғусини тарбиялаш лозим”, дейилади Ўзбекистон президентининг ҳарбийларга табригида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG