Линклар

logo-print

Ўшда ўзбек депутатларини қўрқитиш ҳаракати бўлаяпти


Ўзбек депутатларига оид варақалар Ўш марказий бозоридан ҳам топилган.

Ўзбек депутатларига оид варақалар Ўш марказий бозоридан ҳам топилган.

Ўшда 15 январда ўтадиган шаҳар мэри сайлови арафасида ўзбек депутатларини қўрқитиш ҳаракатлари бўлмоқда. Жумладан, сайлов арафасида шаҳар кўчаларига шаҳар кенгашидаги ўзбек депутатларининг суратлари, уларнинг уй манзиллари ёзилган варақалар ёпиштириб кетилган.

Ўш шаҳар кенгашининг депутати Омонулло Иминов қирғиз матбуотига берган суҳбатида депутатларнинг суратлари ва уй манзиллари ёзилган варақаларнинг тарқатилиши қўрқитиш ҳаракати бўлиши мумкин, деб ҳисоблашини айтган. Айни пайтда Омонулло Иминов “бу иш қандай сабаб билан амалга оширилаётганини айтишга ҳам қўрқаман. Фақат менгина эмас, суратлари ва манзиллари варақа сифатида тарқатилган барча депутатлар бундан ташвишда”, деб таъкидлаган.

14 январь куни Ўш шаҳар кенгашидаги ўзбек депутатлари билан телефон орқали боғланишга қилган ҳаракатларимиз деярли натижа бермади. 8 депутатдан фақат бир нафари телефон гўшагини кўтарди, қолган депутатларнинг телефонлари эса ўчирилган экан. Озодлик билан суҳбатлашган Ўш шаҳар кенгаши депутати Акромжон Ҳакимов Омонилло Иминов айтган гапларга қўшилишини билдириш билан чекланди.

-Бу воқеа юзасидан ҳаммамизнинг фикримиз бир. Эртага сайловни эсон-омон ўтказиб олайлик. Энди варақани ким чиқаргани, ким тарқатгани ҳаммага маълум, -деди депутат, бироқ у “варақани чиқарган ҳаммага маълум” куч ёки шахс ким эканини очиқ айтишни истамади.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Озодахон Мажидова шаҳар мэрини сайлаш арафасида ўзбек депутатларининг суратлари туширилган ва манзиллари ёзилган варақаларнинг пайдо бўлишини депутатларга босим кўрсатиш, деб билади:

-Интернетда бу ҳақда биринчи маълумот пайдо бўлиши биланоқ, бу масалани кўтарганман. Буни ўзбек депутатларига кўрсатилаётган босим деб биламан. Сайлов олдидан ўзбек депутатларини қўрқитишга ҳаракат қилишаяпти, -деди Озодахон Мажидова.

Ўш шаҳар милицияси мазкур воқеа юзасидан текширув ишларини олиб бормоқда.

-Варақаларни далил сифатида мусодара қилдик. Мазкур варақаларининг тарқатилишини сайлов олдидан депутатларга психологик босим кўрсатиш сифатида кўриб, текширув ишларини бошладик. Бу ишни вазиятдан фойдаланиб қолишни истаган учинчи кучлар ҳам амалга оширган бўлиши мумкин. Ҳозир бу борада бир нарса дейиш қийин, -деди Ўш шаҳар милицияси матбуот котиби Замир Сидиков.

Ўшлик таҳлилчи Тўлўгўн Келдибеков эса бу воқеани тўғридан-тўғри ўзбек депутатларини қўрқитиш сифатида қабул қилиш кераклигини айтди:

-Бу воқеани мэрликка номзоди кўрсатилган икки одамдан бири уюштирган, деб қабул қилсак бўлаверади. Варақаларни тарқатишдан мақсад “бизнинг одамимизни сайла, сайламасанг бошқача гаплашамиз, сенинг яшайдиган жойингни биламиз”, деб қўрқитишдир. Кимни сайлаш кераклигини эса ўзбек депутатларининг ўзларига айтган бўлсалар керак, -деди Тўлўгўн Келдибеков.

Ўш шаҳар мэрини 45 депутатдан иборат Ўш шаҳар кенгаши сайлайди. Шаҳар кенгашидаги депутатларнинг 8 нафари ўзбекдир. Қирғизистон Бош вазири мэр сайловига ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқидан фойдаланмаслигини билдирган эди. Шунинг учун шаҳар кенгашидаги фракциялар мэрликка Мелис Мирзакматов ва Айтмамат Кадирбаев номзодини кўрсатган.

Мэрликка сайланиш учун номзодлар камида 23 депутатнинг овозини олиши шарт.

Мелис Мирзакматов 2010 йилги Ўш қирғини пайтда шаҳар мэри лавозимида ишлаган. Қирғизистон ҳукумати уч йил давомида уни лавозимидан бўшатишга бир неча маротаба уринган, лекин бу уринишлар натижа бермаган эди.

Ўтган йилнинг 5 декабрида Мелис Мирзакматов Қирғизистон Бош вазири буйруғи билан ишдан олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG