Линклар

logo-print

“Даракчи” таҳририятидаги тафтиш яна бир ойга чўзилди


"Даракчи" газетаси Ўзбекистондаги энг оммабоп газета эди.

"Даракчи" газетаси Ўзбекистондаги энг оммабоп газета эди.

Ўзбекистонда 11 декабрдан буён чоп қилинмаётган энг катта тиражли, оммабоп, кўнгилочар “Даракчи” газетаси жамоасига таҳририят фаолияти устидан тафтиш яна бир ойга чўзилиши маълум қилинди. Озодлик манбасига кўра, бир ой аввал ўз ҳисобидан таътилга чиқарилган газета ходимларига ҳам 11 мартга қадар ишга қайта олмаслиги айтилган.


Тафтиш яна бир ойга чўзилади

Тошкентдаги “Даракчи” ижодий уйи” масъулияти чекланган жамиятида ўтган йилнинг 27 ноябрида бошланган молиявий текширишлар 11 февралгача давом этади.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган "Даракчи" ходимларидан бирига кўра, 11 январь куни газета таҳририятида бўлиб ўтган мажлисда шу борада гапирилган.

"11 январь куни соат 11 да мажлис бўлиб ўтди. Мажлисда газетанинг очилишига имкон борича ҳаракат қилингани, аммо текширувлар яна бир ой давом этиши ҳақида айтилди", дея хабар қилди исмини очиқламасликни сўраган "Даракчи" ходими.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат Солиқ қўмитаси ва бошқа мутасадди орган ходимларидан иборат гуруҳ “Даракчи” ижодий уйи”ининг 2000-2013 йиллардаги молиявий фаолиятини тафтиш қилмоқда.

Ушбу тафтиш бошланганидан икки ҳафта ўтиб, "Даракчи" газетаси ва сайти ёпилгани ортидан 500 га яқин ходим ўз ҳисобидан 11 февралгача таътилга жўнатилди. Эндиликда таътил яна бир ойга узайтирилиши айтилган.

"11 январда мажлисга борган ходимларнинг барчаси ҳеч бўлмаса ойлик маошимни олиб қайтсам, деган умидда борди. Аммо ҳамма яна ойлик маош сақланмаган ҳолда иккинчи бор ўз ҳисобидан таътилга чиқарилди. Прокуратура ҳали яна текширар экан. 11 мартгача ўз ҳисобимиздан таътил беришди", дейди "Даракчи" газетасининг исмини очиқламасликни сўраган ходими.

Darakchi ўрнига Pressnews

“Даракчи” газетасининг Интернет нашри – Darakchi.uz сайти ўрнида 23 декабрь куни Pressnews.uz номи остида янги интернет нашри иш бошлади.

Янги сайт кўриниши жиҳатидан Darakchi.uz сайтидан озгина ўзгача кўринишда бўлсада, ундаги мақолаларнинг мазмуни ва ёзилиш услуби “Даракчи” билан айни кўринишда.

Ҳозирча на Pressnews.uz сайтида, на маҳаллий матбуотда ушбу сайтнинг кимга қарашли экани ва унинг айнан Darakchi.uz ўрнини эгаллагани сабаблари очиқланмади.

Pressnews.uz сайтида бирор манзил ёки алоқага чиқиш мумкин бўлган бирор телефон рақами эълон қилинмаган.

“Даракчи” ходимларига кўра, Darakchi.uz номи Pressnews.uzга ўзгартирилмаган.

"Бизнинг ходимларнинг барчаси таътилда. У сайтни ким юритаётганидан хабаримиз йўқ", деди "Даракчи" ходими.

“Даракчи” эгаси қаерда?

“Даракчи” газетаси таниқли тадбиркор Фирдавс Абдуҳолиқов томонидан 1992 йилда ташкил қилинган бўлиб¸ қисқа муддатда мамлакатдаги энг оммабоп газетага айланди.

Газета ёпилганидан буён Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қаерда экани номаълум қолмоқда.

Vesti.uz газетаси Абдуҳолиқовнинг тергов қилинаётгани, Uznews.net эса унинг қамоқда экани ҳақида ëзди.

Fergana.ru нашри эса Фирдавс Абдуҳолиқов ўз қариндошлари билан биргаликда тафтишлар бошланиши биланоқ Ўзбекистонни тарк қилгани борасидаги тахминни илгари сурди.

“Даракчи” билан боғлиқ вазиятдан яхши хабардор Озодлик манбасига кўра, Фирдавс Абдуҳолиқов оиласи, синглиси ва опаси билан биргаликда Германияда яшамоқда.

Айни пайтда Озодлик ушбу хабарни бошқа манбалар орқали тасдиқлатиш имконига эга бўлмади.

“Даракчи” ёпилишидан аввал Абдуҳолиқовга тегишли Самарқанддаги СТВ телеканалининг ҳам фаолияти тугатилди.

СТВ Гулнора Каримовага мансублиги айтиладиган бир қатор телеканаллар эфирдан олиниши ортидан 31 октябрда ёпиб қўйилган эди.

Мамлакат медиа бозорида ўзига хос нуфуз ва ўринга эга бўлган “Даракчи” ижод уйи бошидаги “қора булут”лар Гулнора Каримова ҳамда унинг издошлари, хусусан, медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовга нисбатан олиб борилаётган сиёсат маҳсули сифатида кўрилади.

Фирдавс Абдуҳолиқов ўзбекистонлик йирик медиамагнат сифатида ҳар доим матбуот диққатида турган фигуралардан бири бўлган.

У 1992-1995 йилларда Ўзбекистонда илк нодавлат телеканал ва газета очиш билан бирга 2004 йилдан буён мамлакатдаги 60 дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган "Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси"га раҳбарлик қилиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG