Линклар

logo-print
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туман суди қарори билан шу тумандаги Товоқсой қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Ҳасан Чориев 14 январь куни амнистия асосида озодликка чиқарилди. Кекса ҳуқуқ фаоли ёш аёлни зўрлашда айбланиб, ўтган йилнинг августида 5 йилу 2 ойлик қамоққа ҳукм қилинган эди.

Қашқадарёлик 71 яшар Ҳасан Чориев Олий Мажлис Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани 21 йиллиги муносабати билан қабул қилинган Амнистия тўғрисидаги қарори 1-қисми “в” бандига мувофиқ жазонинг қолган қисмини ўташдан озод қилинди.

“Ҳасан Чориевнинг озод қилиниши ҳақидаги суд қарори инсонпарварлик ва гуманизм тамойилларига тўла мос бўлиб, унинг озод қилинишида кексалиги, муассасада жазо тартибини ўташ қоидаларини қўпол равишда бузмагани инобатга олинди. Қилмишидан пушаймонлиги озод қилинишининг асосларидан биридир”, деди бу борада Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган Тошкент вилояти махсус прокуратураси вакили.

АҚШда рўйхатга олинган "Бирдамлик" ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг отаси Ҳасан Чориев Қашқадарё вилоятида Матлуба Абдураҳмонова исмли ёш аёлни зўрлашда айбланиб, 2013 йилнинг 17 июнида Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан ҳибсга олинган эди.

Шу айблов асосида 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ фаоли Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани Товоқсой посёлкасидаги 64/3-сонли муассасада қамоқ жазосини ўтаётган эди.

Ҳукмдан норози бўлган Чориевнинг қариндошлари икки марта юрак ҳуружи ўтказган 71 яшар фаолнинг 19 яшар Матлуба Абдураҳмонованинг номусини поймол қилиши асло мумкин эмас, деб иддао қилишади.

Қашқадарë вилоят Адлия бошқармасидан олинган маълумотга кўра эса, ўтган йили Матлуба Абдураҳмонованинг номусига текканликда айбланиб яна бир фуқаро - қаршилик бой тадбиркорнинг ўғли ҳам ҳибсга олинган.

Матлуба Абдураҳмонова бир ойнинг ичида жабрланувчи тариқасида Қаршидаги икки терговда кўрсатма берган.

Бу ҳолат 19 яшар Матлуба Абдураҳмонованинг Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг исталмаган шахсларга қарши қурилган тузоқ экани борасидаги иддаолар урчишига асос бўлган эди.

"Бирдамлик" етакчилари иддаосича, Ҳасан Чориев иши - "Бирдамлик" ҳаракати лидери бўлган ўғли Баҳодир Чориевдан қасд олиш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилинган сиёсий буюртма бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG